5. Хива хонлигининг ижтимоий-иқтисодий тузими
Аҳолиси. XIX аср 20-йиллари бошларида Хива аҳолиси 800 минг кишини ташкил этган. XIX аср ўрталарида пойтахт Хива шаҳрида 20 мингдан ортиқ аҳоли яшаган. Ҳунармандчиликнинг 50 дан ортиқ тури ривож топган. 700 дан ортиқ ҳунармандчилик устахонаси, 200 дан ортиқ савдо дўкони, 3 та ката ва 15 та кичик бозорлар бўлган. Хонлик аҳолининг катта қисмини турли қабилаларга мансуб ўзбеклар ташкил этган, ундан кейинги ўринни туркман, қорақалпоқ ва қозоқлар эгаллаган. Қабилаларнинг ҳар бири ўзларига ажратилган ерларда жойлашган, ҳар бири алоҳида каналга эга бўлиб, канали ҳам шу қабила номи билан аталган, ҳар бир қабила ўзларига қарашли суғориш иншоотларини тиклаш ва таъмирлашда қатнашган.
Давлат тузуми ва бошқарув тизими. Хива хонлиги маъмурий жиҳатдан 15 та вилоятга: Питнак, Ҳазорасп, Хонқа, Урганч, Қўшкўпир, Ғазовот, Қиёт, Шоҳаббос, Тошҳовуз, Амбар-Маноқ, Гурлан, Кўҳна Урганч, Хўжайли, Чуманой, Қўнғирот ва 2 та ноибликка бўлинган. Вилоятлар: шаҳар ва масжид қавмларини (қисмларни) ўз ичига олган. Масжид қавмлари обрўли оқсоқоллар, қозилар ва мироблар томонидан бошқарилган. Давлат бошлиғи – хон ҳокимияти ваколати наслдан наслга ўтган, хонлик мутлақ монархия эди.
Муҳаммад Раҳимхон I даврида давлат бошқарув тизимида ислоҳат ўтказган. Хон ҳузурида юқори маъмурий орган – Олий Кенгаш таъсис этилган. У қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятини бажарган. Олий Кенгашга хон раҳбарлик қилган, унинг ишида хоннинг яқин қариндошлари, меҳтар, қўшбеги, девонбеги, нақиб, шайхулислом, бош қози, иноқ, оталиқ ва бийлар қатнашган. Олий Кенгаш мажлиси ҳафтада бир марта ўтказилган ва унда ички ва ташқи сиёсатга оид энг муҳим масалалар муҳокама этилган. Кундалик масалаларни ҳал этиш учун Кичик Кенгаш ҳам таъсис этилган. Унинг ишида хондан ташқари меҳтар, қўшбеги, девонбеги, нақиб ва шайхулислом қатнашган.
Меҳтар – бош вазир ҳисобланиб, у хон сафарда пайтида хонликни идора қилган. Меҳтар ва қўшбеги солиқлар йиғилишига жавобгар бўлган. Хонликда 3 та девон (вазирлик): хўжалик, ижтимоий-сиёсий, ҳарбий ишлар билан шуғулланувчи девонлар фаолият кўрсатган, унга девонбеги раҳбарлик қилган. Қўшинга ясовулбоши қўмондонлик қилган. Хонлик таркибидаги қозоқ ва қорақалпоқлар ўз бийлари томонидан, туркманлар эса уларнинг вакили томонидан бошқарилган, уларнинг лавозими наслдан наслга мерос бўлиб ўтсада, номзодини хон тасдиқлаши шарт бўлган.
Ер эгалиги шаклларига кўра Хива хонлиги ерлари ҳам 3 га бўлинган: 1. Давлат ерлари (подшоҳи). 2. Хусусий мулк (хусусий ерлар). 3. Вақф ерлари. Ер - хонликнинг асосий бойлиги ҳисобланиб, суғориладиган (ахя) ва суғорилмайдиган (адра) ерлардан иборат эди. Барча ерларнинг деярли ярмига Хон ва унинг қариндошлари, олий мартабали амалдорлар, руҳонийлар, савдо-сотиқ табақалари эгалик қилишган. Амалдорларнинг ерлари 2-3 минг танобни ташкил қилган, хон ва унинг қариндошлари ундан ҳам катта ер майдонига эгалик қилган. Қолган ерлар (вақф ерларидан ташқари) давлат ихтиёрига олинган.
Давлат ерларида ва хусусий мулк ерларида ижарачи деҳқонлар меҳнат қилган. Давлат ерини ижарага олувчилар беватан, хусусий ерларни ижарага олувчилар коранда, вақф ерларини ижарага олувчилар вақфчи деб аталган. Хоннинг қариндошлари, руҳонийлар, катта амалдорлар, тархон ер олганлар хусусий еридан солиқ тўламаган ёки давлат солиғидан озод этилган. Солиқни бу ерларда ишловчи ижарадорлар, яъни меҳнаткашлар тўлашган.
Шаҳарлар тараққиётдан орқада қолиши, саноатнинг йўқлиги оқибатида Ғарбий Европада ерсиз деҳқонлар шаҳарга иш излаб боришдек имкониятга эга бўлмаган. Оқибатда улар қишлоқда қолишга мажбур бўлган. Сув танқислиги туфайли Амударёдан сув чиқаришга эътибор берилди. XVIII асрнинг 70-йилларида Давкор кўли ёнида канал, XIX аср бошларида Лавзан, Қилич Ниёзбий, Катта Хонобод каналлари қазилгач ерни суғориш ҳолати яхшиланди.
Do'stlaringiz bilan baham: |