Солиқ ва мажбуриятлар. Хива хонлигида асосий солиқ ер солиғи - салғут эди. Ҳунармандлар, ташқи савдо билан шуғулланувчи савдогарлар, чорвадорлар закот тўлаган. Меҳнаткашлар бир қанча мажбуриятлар ҳам ўтаган: 1. Бегар - расман 12 кунлик давлат мажбурияти, ҳар бир хонадондан 1 киши ҳар йили канал қазиш, йўл ва сарой қурилишида ишлаган. 2. Қазу – бутун қишлоқ аҳолисини каналларни тозалашга сафарбар этиш. 3. Ички ва обхўра қазу - ҳар йили каналларнинг сув тақсимлагичини тозалаш мажбурияти. 4. Ҳачи - ҳимоя дамбалари қуриш ва мустаҳкамлашда қатнашиш мажбурияти.
Суғориш иншоотлари қуриш ва таъмирлаш билан боғлиқ мажбуриятлар машаққатли иш эди. Бу ишлар қўлда кетмон билан бажарилар, тупроқ замбилда ёки елкада кўтариб чиқилар эди. Тўғонлар тупроқ, ёғоч ва чимдан қурилар, улар сувнинг босимига бардош бера олмас ва яна қайтадан қуриларди.
Шаҳарлар ҳаётида узоқ давом этган тушкунлик ҳолати XVIII аср охирига келиб барҳам топди. XVIII аср иккинчи ярми - XIX аср бошида катта суғориш иншоотларининг тикланиши ва янгиларининг бунёд этилиши ишлаб чиқарувчи кучларнинг ўсишига асос бўлди. Бу ҳодиса шаҳарларда ҳунармандчилик, ички ва ташқи савдонинг ўсишига сабаб бўлди. Бу даврда Ғарбий Европа давлатларида туб сифат ўзгаришлари давом этаётган эди, Б.Британияда бошланган саноат тўнтариши Европа давлатларига ҳам ёйилиб, XIX аср ўрталарида ниҳоясига етаётган эди ва капиталистик муносабатлар гуркираб ривожланаётган эди. Марказий Осиё хонликларида, Хива хонлигида ҳам ўрта аср ер эгалиги муносабатлари ҳамон ҳукмрон эди.
Ҳунармандчиликнинг аввалги асрларда мавжуд бўлган ҳар хил турлари XVIII аср иккинчи ярми ва XIX аср биринчи ярмида ҳам ривожланди. Меъморчиликнинг ривожланиши кулолчиликда ҳам ўз ифодасини топди. Кулоллар фақат алоҳида буюмлар эмас, балки юзлаб лаган, товоқ ва косалардан иборат тўй мажмуаларини, алоҳида тантаналар учун махсус тўй ва подшойи товоқлар ҳам тайёрлаган. XIX аср 30-40-йилларига оид манбаларда Хивадаги етакчи ҳунар - заргарлик тилга олинган. Хиванинг бош тақинчоғи - жиға Марказий Осиёнинг бошқа минтақаларига ҳам кенг тарқалган. Исирғалар феруза ва маржонлар, билагузуклар қимматбаҳо тошлар билан безатилган.
XIX асрда Хива ёғоч ўймакорлиги мактаби хонликда олдинги ўринда турарди ва бадиий юксаклиги билан ажралиб турарди. Оллоқулихон саройида Тошҳовли айвон устунлари мажмуйи кўркамлиги билан ажралиб туради. XIX аср ўрталарида ўймакори эшик ва устунлар устаси Полвон Абдусаттор ўғлининг номи айниқса шуҳрат қозонди. Хива шаҳри XX аср бошларигача хонликда ягона шойи тўқиш маркази бўлиб қолди. XIX асрда Хивада матога гул босиш санъати кулранг уйғунлиги ва майда гуллари билан Марказий Осиёнинг бошқа гул босиш марказларидан фарқ қилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |