ЭНГ АСОСИЙ ЗАРАРКУНАНДА КЕМИРУВЧИЛАР
Сариқ юмронқозиқ
Сitеllus fulvus Тhотs.
Зарари. Сариқ юмронқозиқ баъзан бедага, донли экинларнинг майса ва бошоқларига анча зарар етказади. Самарқанд вилоятида сабзавот-полиз, токзор ва мева питомникларига ва Туркистон шаҳри яқинида-товсағизга зарар етказганлиги қайд қилинган; бундан ташқари юмронқозиқлар ўзидаги бургалар орқали юқумли касаллик микробларини одамга юқтириши мумкин.
Шу билан бирга, юмронқозиқларнинг терисидан фойдаланилади. Сариқ юмронқозиқлар териси мўйна бозорида чаққон ўтади ва баъзан песчанник деган ном билан юради. Сitellus Оkеn авлодининг бошқа турлари эса «юмронқозиқлар» деб аталади.
Тарқалиши. Сариқ юмронқозиқ Марказий Осиёнинг текис жойларида учрайди. Шимолдаги чегараси Қизил Ўрдагача боради. Шимолий Қозоғистонда юмронқозиқнинг кенжа тури (С. Fulvus fulvus Licht.) учрайди; шимоли-шарқий Эронда С.F.раrthianus Тhom. Ва С.F.hupoleucus Sat деган кенжа турлари ҳам тарқалган.
Таърифи. Сариқ юмронқозиқларнинг катталиги 30 см гача боради, ранги қумдай сариқ, бир оз қора аралаш. Думи тукли, катталиги тана узунлигининг тахминан 2/3 қисмини ташкил этади; танаси анча йўғон; боши юмалоқ, кўзлари катта. Орқа товони 45 мм дан ошади. Урғочиларининг 10-12 та, баъзан 14 та эмчаги бор.
Калласининг кондилобазал узунлигн 50 мм дан ошмайди; икки кўз оралиғи кондилобазал узунликнинг 30 % идан (одатда эса 25 % идан) кам. Олмахонсимонлар (Sciuridae) оиласига кирадиган барча кемирувчилар каби, сариқ юмронқозиқда ҳам жағ тишлар юқори жағ суягининг ҳар бир ярмида бештадан ва пастки жағ суягининг ҳар бир ярмида тўрттадан бўлади. Олдинги сохта жағ тиши иккинчи сохта жағ тишидан 2,0-2,5 марта ингичкароқ.
Ҳаёт кечириши. Сариқ юмронқозиқ ўсимликлар ёзда куйиб кетадиган, кўкламда эса чаман бўлиб очиладиган тепалик чўлларда яшайди.
Сариқ юмронқозиқ тикка ва қия қилиб ин кавлайди, ин 1-2 м чуқурликда бўлиб, 1-2 та тешиги бор; уянинг охирида кенгайган ин камераси бўлади. Вақтинчалик инларнинг камераси бўлмайди.
Ҳар бир юмронқозиқ алоҳида ин қазийди; инлар бир-бирига яқин бўлганлигидан юмронқозиқлар колониясини ҳосил қилади.
Чўл ўсимликлари қовжираб қолгандан кейин, юмронқозиқ инига кириб, йил бўйи 8 ой чамаси уйқуга кетади. Қишда карахт бўлиб ётган юмронқозиқлар феврал-мартда уйғониб, юзага чиқади ва ширали ўсимликлар билан озиқлана бошлайди. Ғалласимон ўсимликларнинг ниҳол майсаларини ва бедани айниқса хуш кўради. Юмронқозиқ ўсимликлардаги сув билан кифояланиб бошқа сув ичмайди.
Юмронқозиқ кундузи озиқланади, кечаси инига кириб ётади; саратонда, май ойидан бошлаб юмронқозиқ фақат эрталаб ва кечқурун озиқланади.
Юмронқозиқ хавф-хатар сезса, чийиллаб овоз чиқаради, шу билан ўз қон-қариндошларини огоҳлантиради, натижада ҳаммаси тезликда қочиб инига яшириниб олади.
Юмронқозиқлар қишдан жуда озиб чиқади ва кўкламда айниқса зўр бериб озиқланиб, тез семиради (баданига ёғ йиғади), қишда уйқуга кирганда ана шу ёғдан фойдаланади. Юмронқозиқ қишга овқат ғамлаб қўймайди. У йилига 3-4 ой фаол ҳаёт кечиради. Ўсимликлар барвақт қовжираб қоладиган чўлларда юмронқозиқ июндаёқ уйқуга киради; ширали ўт ўсадиган жойларда уйқуга кечроқ киради. Ёзги уйқудан уйғонмай, қишки уйқуга киради. Юмронқозиқ уйқуга ётишдан олдин инининг тешикларини тупроқ билан беркитиб, ин камерасига ўтиб олади.
Сариқ юмронқозиқ ёз бўйи бир марта болалайди. Урғочиси 6-8 та бола туғади. Қари юмронқозиқлар бултур кўкламда туғилганлигига қараганда эртароқ жуфтлашади, шунинг учун юмронқозиқ болалари баравар туғилмайди. Апрелнинг иккинчи ярми-майнинг биринчи ярмидан бошлаб юмронқозиқ болалари ер юзасига чиқади.
Do'stlaringiz bilan baham: |