Кичик қўшоёқ
Аllасtаgа еlatеr Licht.
Зарари. Кичик қўшоёқ баъзан деҳқончилик қилинмаган соз тупроқли ерлар яқинидаги ғалласимон ўсимликларнинг бошоқларини еб қўяди; товсағизнинг экилган уруғларини ҳам йўқ қилади (Колесников, Виноградов). Қозоғистонда катта қўшоёқ (А. jасulus Раll.) ғалласимон ўсимликларнинг бошоқларини ва товсағиз, тарвуз, қовун, қовоқнинг экилган уруғларини еб қўйганлиги маълум.
Тарқалиши. Кичик қўшоёқ Марказий Осиёда, жанубий, жануби-ғарбий ва ўрта Қозоғистонда, шимолий Доғистонда, қуйи Волга бўйида, Синьцзянь, Эрон, Афғонистон ва Белужистонда учрайди.
Таърифи. Кичик қўшоёқнинг узунлиги 9,5-11,5 см, думи 15-18 см, орқа товони 4,8-5,6 мм; калласининг кондилобазал узунлиги 25-27 мм. Кичик қўшоёқнинг тиш формуласи қўшоёқлар (Аllасtаginае) кичик оиласини ўз ичига оладиган Dipodidae оиласининг деярли барча бошқа кемирувчиларидаги каби i*1/1:m*4/3; сохта жағ тиши бир оз редукцияланган.
Қўшоёқларнинг характерли белгилари шулардан иборат: орқа оёқлари олдинги оёқларига қараганда жуда узун; думи танасидан анча узун бўлиб, учида узун қиллари чўткага ўхшаб туради. Қўшоёқнинг тумшуғи тўмтоқ, орқа қисми эса кенгайган, қулоқлари 34-42 мм. Орқаси, ёни ва тумшуғи қумдай сариқ ёки оч қўнғир, кул ранг, қорни оқ. Думининг учидаги чўткаси қора бўлиб, учи оқ. Бу чўткача кемирувчилар систематикасида “байроқ” деб аталади.
Ҳаёт кечириши. Кичик қўшоёқ соз тупроқли саҳро ва чала саҳроларда яшаб, қаттиқ ердан, айниқса ўсимликлар атрофидаги ўнқир-чўнқир жойдан ин қазийди. Кичик қўшоёқ инлари уч типга бўлинади (Колесников):1) иннинг асосий йўл тешиги тупроқ билан тўлатилади, баъзан бир-бирига яқин икки тешик тупроқ билан тўлиб туради, сўнгра шарсимон ин камераси билан тугайдиган галерея келади; галереядан тупроқ юзасига қараб бир ёки учта йўл кетади, бу йўл юзага 1-2 см етмасдан берк ҳолда тугайди; 2) уянинг қўшимча йўллари бўлмайди, чиқиш тешиги тупроқ билан тўлиб туради, галерея ин камераси билан тугайди; 3) галереянинг бошидан охиригача 1-3 та махсус кенгаймаси борлиги билан иккинчи типдаги инлардан фарқ қилиб, бу кенгаймаларда қўшоёқ қишда уйқуга киради.
Одатда кичик қўшоёқ инлари олдида тупроқ билинар-билинмас ўйилиб туради. Иннинг асосий йўл узунлиги одатда 1 м дан ошмайди,
Қўшоёқлар тунда ҳаёт кечирадиган кемирувчилардир; кундуз куни улар ин камераларида ётади ва қоронғи тушиши билан индан чиқади ва саҳаргача ташқарида юради. Душмани дуч келганда қўшоёқ инини кундуз куни ҳам ташлаб кетади, бунинг учун асосий йўлдаги ёки запас ён йўл устидаги тупроқ қатламини бузиб чиқади. Қўшоёқлар тез ва катта-катта сакраб юради. Кечаси бирданига ёруғ берилса, қўшоёқлар бир неча вақт карахт бўлиб туради.
И. И. Колесниковнинг кузатишларига қараганда, кичик қўшоёқ йилига уч марта: апрел охирида-май бошларида, ёзда ва кузда болалайди, шу билан бирга кўкламда кўпроқ туғади. Баъзи олимлар (Виноградов) нинг тахминига қараганда, кичик қўшоёқнинг кўпайиш даври жуда узоқ бўлиб, у йилига бир марта туғади. Қўшоёқ ҳар гал икки-олтита (ўрта ҳисоб билан бешта) бола туғади.
Кузда қўшоёқ инларига кириб, уйқуга ётади, ҳарорат 10°С га тушганда карахт бўла бошлайди. Мартнинг ярмига яқин уйғонади.
Кураш чоралари. Юмронқозиқларнинг уялари қандай зооцидлар билан заҳарланса, қўшоёқларнинг инлари ҳам ўша зооцидлар билан дориланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |