Кураш чоралари. Сариқ юмронқозиққа қарши курашишнинг энг яхши усули инларни хлорпикрин билан дорилашдир: ҳар бир инга 1-1,5 г заҳар 30-50 см узунликдаги ингичка таёқчаларнинг учига пахта ўраб сурилади. Заҳар қўйилгандан кейин иннинг оғзи беркитилади. 1 кг пахтадан З мингта пилик қилинади.
Бошқа кураш чораларини ҳам қўллаш мумкин. Масалан, Россиянинг Европа қисмида юмронқозиқлар хлорпикрин шимдирилган қум билан заҳарланади: бунда 1 л қумга 225 мл хлорпикрин шимдирилади, ҳар бир инга шундай қумдан тахминан 7 см3 солинади ёки инлар цианплав билан ҳар бир инга 3-6 г ҳисобидан заҳарланади. Ниҳоят, юмронқозиқ инларига метил бромид оз-оздан қўйилади. Юқорида кўрсатилган заҳарлардан биронтаси қўйилгандан кейин ин оғзини беркитиш керак Бундан ташқари, юмронқозиқлар териси учун қопқон билан ҳам тутилади. Бунда ёй шаклидаги қопқонлар яхшироқ бўлиб, инлар яқинига қўйилади.
Реликт юмронқозиқ
Сitellus relictus Kaschk
Зарари. Реликт юмронқозиқ баланд тоғлик лалмикор ерлардаги буғдой ва арпа майсаларини еб, энди чиқаётган пояларни, кейинчалик эса пишаётган бошоқларини кемириб, зарар етказади.
Тарқалиши. Юмронқозиқларнинг бу тури Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг тоғлик ҳудудларида учрайди.
Таърифи. Реликт юмронқозиқнинг катталиги 22 см, оч малла-қўнғир тусли, кўзлари оқ ҳошия билан ўралган; думи ва унинг қорамтир ҳошияси тана узунлигининг чорагини ёки учдан бир қисмини ташкил этади.
Вояга етган юмронқозиқларнинг орқа товони 36-43 мм. Урғочисининг 10-12 та, баъзан 14 та эмчаги бор. Калласининг кондилобазал узунлиги 45-48 мм; икки кўз оралиғи калла кондилобазал узунлигининг чорагидан кам.
Ҳаёт кечириши. Профессор Д. Н. Кашкаровнинг фикрича, баланд тоғлик чўлларда яшайдиган реликт юмронқозиқ-бир вақтлар кўп бўлган тоғ юмронқозиқларининг қолдиғидир, шунинг учун ҳам унга реликт (яъни қолдиқ) юмронқозиқ деб ном берилган.
Реликт юмронқозиқ ётиқ ёки сал-пал қия инлар қазийди; инлари вақтинчалик ва доимий бўлиши мумкин; бир юмронқозиқ баъзан 7 тагача вақтинчалик ин қазийди, юмронқозиқнинг турадиган уялари турмайдиган уяларидан тўрт марта кичикроқ. Юмронқозиқ овқат қидириб бир индан иккинчисига ўтади. Реликт юмронқозиқнинг инлари сариқ юмронқозиқнинг инларига қараганда кичикроқ бўлиб, одатда тошлик тупроқда, шағаллар орасида, тошлар остида, қисман юмшоқ тупроқда ҳам бўлади.
Юмронқозиқ турли ўсимликлар билан озиқланади, қишда уйқуга киради. Апрелда юмронқозиқлар уйғонади ва зўр бериб озиқланиб, кейин жуфтлашади. Май охирида урғочи юмронқозиқ 4 та бола туғади. Июн охирида болалари индан тарқалишиб кетиб, ҳар қайсиси ўзига алоҳида ин қазий бошлайди.
Реликт юмронқозиқ август охири-сентябрда қишки уйқуга киради.
Кураш чоралари. Реликт юмронқозиққа қарши курашиш учун газлаш усули фойда бермайди, чунки газ шағал ва тошлар орасида жойлашган инларидан тез чиқиб кетади ва ётиқ инларда секин тарқалади. Шу сабабли бу юмронқозиққа қарши курашиш учун заҳарли емлар қўлланилади. Улар натрий арсенитнинг 4 % ли эритмасига ҳўлланган нон ушоқларидан ёки шундай эритмада қайнатилган буғдой донларидан тайёрланади. Буғдой донлари қайнаб турган эритмага ташланади, эритма совугандан кейин яна қайнатилади. Сўнгра эритма ва унга ташланган дон оловнинг устидан олиниб қопқоғи ёпилади, дон 2-4 соат ивигандан кейин етарлича заҳарли бўлиб қолади.
Юмронқозиқларга қарши курашда ўсимлик мойи билан ҳўлланган донни (1 кг буғдой ёки арпага 25 г, ёки 1 кг маккажўхорига З0 г мой қўшилади) рух фосфиди билан заҳарлаб қўйиш ҳам анча яхши натижа беради (1 кг донга 350 г заҳар аралаштирилади).
Do'stlaringiz bilan baham: |