Жамоа бўлиб яшовчи дала сичқони
Мicrotus socialis Pall.
Зарари. Жамоа бўлиб яшайдиган дала сичқон баъзан экинларга, жумладан картошка, илдизмева ва айниқса баҳори буғдой билан арпанинг экилган уруғлари, униб чиққан майсалари, илдизлари, туганакларини еб, ғалласимон ўсимликларнинг бошоқ тортиш даврида поясини тагидан қирқиб, зарар етказади.
Тарқалиши. Жамоа бўлиб яшайдиган дала сичқони жанубий Қозоғистон, Қирғизистон, жанубий Туркманистоннинг тоғ олдиларида ва тоғларида, Кавказ, Кавказ орти, Қримда, Украина жанубида, Синьцзянь, Эрон, Туркия, Сурия, Фаластин, Ливия, Болқонда учрайди. Ўзбекистон билан Тожикистонда топилган эмас.
Таърифи. Жамоа бўлиб яшайдиган дала сичқонининг узунлиги 9-11 см, думи 2,0-2,7 см; қулоқлари калта, ярми ёки ундан кўпроқ қисми жунининг орасига кириб туради; калла суяги бирмунча катта. Пастки жағ суягидаги биринчи жағ тишида 7 та берк сиртмоқ ва ички томондан кириб турувчи 5 та бурчак бор; юқори жағ суягидаги учинчи жағ тишида 5 та сиртмоқ ва ички томондан кириб турувчи 3 та бурчак бор. Сичқоннинг ранги: усти сарғиш-оч қўнғир, ости оқ.
Ҳаёт кечириши. Жамоа бўлиб яшайдиган дала сичқони Марказий Осиёнинг баъзи тоғлик ва тоғолди ҳудудларидаги қуруқ чала чўлларда ҳам тарқалган. Марказий Осиёдаги бу сичқон биологияси ўрганилмаган. Кавказ ортида олиб борилган кузатишларга қараганда дала сичқони инларини 15-20 см дан ортиқ чуқур қазимайди; ин йўллари чалкашиб кетади ва кўп жойдан ер бетига чиқади; ин йўллари баъзан 10 м2 га қадар майдонни эгаллайди. Дала сичқонлари инида жуфт-жуфт бўлиб яшайди; қишки уйқуга кирмайди ва баъзан қишда қор тагида ўзига озиқ бўладиган ўсимликларни қидириб йўл очади.
Дала сичқони йилига икки марта - кўкламда ва кузда болалайди; ҳар гал тўққизтадан туғади. Жамоа бўлиб яшайдиган дала сичқони ер бетига доимо кечаси чиқади; қуёш иссиғидан тез нобуд бўлади, намлик кўп бўлса ҳам салбий таъсир этади.
Кураш чоралари. Жамоа бўлиб яшайдиган дала сичқонларига қарши курашиш учун натрий арсенит эритмаси шимдирилган нондан (оғирлик ҳисоби билан 25 қисм нонга бир қисм заҳар қўшилади) ёки 4 % ли натрий арсенит эритмасига 1-2 сутка ивитиб қўйилган буғдой донидан заҳарли ем тайёрланади.
Йилнинг совуқ даврида буғдой, арпа, маккажўхори донини ўсимлик мойи билан (1 кг донга 25 г ҳисобидан) ҳўллаб, кейин рух фосфиди қўшиб (1 кг донга 50 г ҳисобидан), ем тайёрлаш мумкин. Хлорпикрин (ҳар инга 1-1,5 г ҳисобидан) билан цианплав (ҳар инга З г ҳисобидан) ҳам ишлатилади, инга заҳар солингандан кейин оғзи беркитилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |