Ҳаёт кечириши. Катта қумсичқон суғориладиган ерлардан ташқари қумлоқ ва соз тупроқли чўл ва саҳроларда яшайди.
Катта қумсичқон колония бўлиб ҳаёт кечиради, уларнинг ҳар гектар ердаги инлари сони 1000 та ва баъзан ундан ҳам кўп бўлади. Инлари жуда ҳам мураккаб бўлади; кўпинча 15-25 та ва ҳатто 50 тагача айрим инлар бир-бирига уланиб, тўр ҳосил қилади. Бу инлар 2-3 қават бўлиб, бир-бирига қўшилиб чалкашади, чуқурлиги 1 м га етади ва ундан ҳам ошади; бундай инларда ташқарига очиладиган 100 тадан ортиқ тешик бўлади. Колония марказида инларнинг шохобчалари айниқса чалкашган ва чуқурлашган бўлади; четдаги инлар камроқ чалкашади ва чуқурлиги фақат 20-40 см га боради. Мураккаб иннинг турли жойларида озиқ-овқат ғамлаб қўядиган камералар ва кенгаймалар бор. Мураккаб инлар остидаги тупроқ жуда ҳам юмшаган бўлади.
Катта қумсичқон қишки уйқуга кирмайди, йил бўйи озиқланади, қишга озиқ-овқатни ғамлаб қўяди ва ҳатто 10°С совуқда ҳам ер бетига чиқади.
Қумсичқон ўтсимон ўсимликлар ва буталарнинг шохчалари билан озиқланади, айниқса шўрак (Salsola verrucosa M.B.) ва ғаллагуллиларни хуш кўриб ейди. Қумсичқон озиқ-овқатни инига ташиб, қишга ғамлаб қўяр экан, одатда инларнинг ёнига қуритилган ўсимликларни ҳам уйиб ташлайди. Уйилган қуруқ ўсимликларнинг 2,5 кг га етгани қайд қилинган (Д. Н. Кашкаров). Катта қумсичқон уйган қуруқ ўсимликларни бута шохчалари ёки ўтсимон ўсимликларнинг қаттиқ поялари билан ерга қадаб қўйганидан, уларни шамол учириб кетмайди.
Катта қумсичқон кундуз куни ҳаёт кечирганидан, тунда инидан чиқмайди; ёзнинг иссиқ кунларида инидан эрта тонгда ва кечқурун чиқади. Кўкламда ва кузда эса кун бўйи ташқарида юради.
Урғочи қумсичқон ёз бўйи уч марта болалайди, одатда биринчи марта 6-8 та, иккинчи марта 5-6 та ва учинчи марта 6-7 та туғади.
Кураш чоралари. Катта қумсичқонга қарши курашда заҳарли емлар яхшироқ натижа беради. Инлари узун ва чиқиш тешиклари кўп бўлгани учун газлаш фойдали натижа бермайди.
Заҳарли емлар тариқ ёки буғдойдан тайёрланади, бунинг учун тариқ ёки буғдой дони 3,5-4 % ли натрий арсенит эритмасида бир сутка ивитиб қўйилади.
Заҳарли емга қумсичқонлар кўпроқ келиши учун уни шўрак пояларининг сувли дамламасидан тайёрлаш керак.
Дамлама тайёрламоқ учун 1,5 кг шўрак дамламаси 500 см3 ариқ сувида бир сутка ивитилади; айрим тайёрланган заҳар эритмаси 375 см3 сувга 25 г натрий арсенит ҳисобидан баравар миқдордаги шўрак дамламасига аралаштирилади, сўнгра ҳосил бўлган эритманинг тўрт қисмига (оғирлик ҳисобида) 3 қисм буғдой қўшилиб, бир сутка ивитилади. Қумсичқонлар жуфтлашиш ва инларини қайта қуриш даврида заҳарли емни яхши емайди. Заҳарли емлар инларнинг чиқиш тешикларига кичкина уюм қилиб қўйилади.
Саксовулзорларга қумсичқон тушмаслиги учун саксовул шохларига кальций арсенат чангланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |