Муғомбир қўнғиз
Рtinus fur L.
Зарари. Муғомбир қўнғиз ҳаммахўр; ун ва ундан тайёрланган овқатлар, ҳар хил ўсимлик уруғлари, қуруқ қалампир, доривор ўсимликлар, кийим-кечак, мўйна, от қили, ҳайвонларнинг териси ва тулумлари, энтомологик коллекция, гербарий, қоғоз, муқоваларга зарар етказади.
Тарқалиши. Муғомбир қўнғиз деярли бутун Палеарктикада ва Шимолий Америкада учрайди.
Таърифи. Қўнғизнинг узунлиги 2,0-4,3 мм танаси овал шаклда (эркагининг танаси урғочисиникидан чўзиқроқ); қўнғиз жигар ранг ёки қизғиш тусли; эркаги бир хил тусда, урғочисининг қанотустликларида иккитадан кўндаланг ёруғ йўл ёки иккитадан ёруғ доғ бор. Қўнғиз танаси калта ёруғ тук билан қопланган; орқасининг олдинги қисмида тўртта сертук сарғиш дўмбоқча бор; қанотустликлари узунасига кетган нуқтасимон эгатларда жойлашган.
Муғомбир қўнғизнинг ғумбаги 4,0-4,5 мм катталикда, ранги оқ, танаси анча букилган, елкасида рўй-рост дўмбоқчалари бор; мўйловлари жуда узун бўлиб, танасига тақалиб туради: урғочисининг ғумбагида мўйловлар қанотустликларининг охиригача бормайди, эркакларида эса қанотустликларидан ошиб ўтиб, кейинги жуфт оёқларгача етади. Ғумбак орқасининг олди қисмидаги дўмбоқчалари орқа томонда бўлади; қорин учида орқага қараган ўткир ўсимта бор; кейинги жуфт оёқлари қанотустликларининг орқасидан анча туртиб чиқиб туради.
Личинкасининг узунлиги 5 мм гача, ранги оч сариқ, боши сарғиш ва жағлари жигар ранг. Майин пармачига қарама-қарши ўлароқ, личинка жағларининг ички юзаси силлиқ. Личинканинг йўғон дуг шаклида эгилган танаси тук билан қоплангани кўриниб туради; анал тешиги калта, кўндаланг ёриқ шаклида бўлиб, юқори томондан бурчак шаклида хитинлашган скобка билан чегараланган.
Ҳаёт кечириши. Муғомбир қўнғизнинг урғочиси тухумини личинкалари учун озиқ-овқат бўладиган турли маҳсулотларга қўяди. Қўнғиз тахминан уч ой яшайди. У тунда ҳаёт кечиради, жуда қўрқоқ бўлиб, хавф-хатар пайдо бўлганда оёқларини ва мўйловларини йиғиштириб олиб ўзини «ўликка» солади-да, ағанаб тушади. Унинг шу хоссаси борлиги, тунда ҳаёт кечириши ва хилма-хил нарсаларга зиён келтириши туфайли унга «муғомбир қўнғиз» деб ном берилган.
Личинка ўзи еган ун зарралари, дон увоқлари ва бошқа материаллардан пилла ясаб, унинг ичида ғумбакка айланади. Ғумбаклик даври икки ҳафтача давом этади; тўла насл бериши учун тахминан 3,5 ой вақт кетади. Йил бўйи камида 3 та насл беради, лекин қўнғизнинг ривожланиши бир йилга ва ҳатто ундан ҳам кўпга чўзилиши мумкин. Бу ҳол қўнғиз личинкаларининг баъзан диапаузага киришини кўрсатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |