Барг филчалари
Polydrosus sp. sp.
Марказий Осиёда Polydrosus Germ, авлодига кирадиган барг филчаларининг икки тури: Дорн барг филчаси (P. dohrni Faust.) ва қийшиқ ҳошияли барг филчаси (P. obliquatus Faust.) дарахтларга зарар етказади.
Зарари. Дорн барг филчаси кўкламда турли дарахтлар, айниқса, олма ва нок дарахтларининг баргини четидан кемиради, қийшиқ ҳошияли филча эса нок ва айниқса данакли мева дарахтлари—ўрик шафтоли, олча, гилос, олхўри баргларини ейди. Барг филчалари атиргул ва ёш қайрағоч дарахтларига ҳам катта зарар етказади.
Гарчи барг филчалари одатда боғдорчиликнинг иккинчи даражали зараркунандалари ҳисобланса ҳам улар ёш дарахт ва кўчатларга анчагина зиён етказади, масалан, В. В. Яхонтов 1925-1929 йилларда Бухоро вилоятида шундай ҳодисани қайд қилган эди.
Тарқалиши. Дорн барг филчаси ва қийшиқ ҳошияли филча ҳозирча фақат Марказий Осиёдан топилган.
Таърифи. Дорн барг филчаси ва қийшиқ ҳошияли филчанинг узунлиги тахминан 4,5 мм, овал шаклда, бош найчаси (хартуми) калта.
Дорн барг филчаси туси сарғиш, тилла ранг; қийшиқ ҳошияли филча оч жигар ранг-кул ранг бўлиб, ҳар бир қанот қалқонида иккитадан қийшиқ қора ҳошия бор .
Личинкасининг узунлиги 6-7 мм; ранги oқ, орқа томони ташқарига қараб сал-пал букилган, ғумбаги оқ бўлади.
Ҳаёт кечириши. Барг филчалари тупроқ остида ривожланиб бўлган ёки ривожланаётган личинкалик стадиясида қишлайди; улар тупроқнинг юза қатламида ғумбакка айланади: қийшиқ ҳошияли филча тахминан мартнинг ярмидан, Дорн барг филчаси тахминан апрелнинг ярмидан бошлаб ғумбакка айланади. Вояга етган қўнғизлар апрелда пайдо бўлиб, қанотларидан деярли фойдаланмай, дарахтларга ўрмалаб чиқади ва озиқлана бошлайди. Қўнғизлар дарахтларнинг баргларидан ташқари, баъзи ўтсимон ўсимликларнинг барги билан ҳам озиқланади. В. В. Яхонтов қулупнай баргларида Дорн барг филчасининг зарар етказадиган миқдорда кўпайганлигини қайд қилган; қўнғизлар баргларни четидан кемириб, кунгура қилиб қўяди, қаттиқ зарарланган баргларнинг эса фақат йўғон томирлари қолади.
Қўнғизлар пайдо бўлиши билан тез орада тухум қўйишга киришади, урғочи қўнғизлар ўсимлик қолдиқлари ва боғдаги хазон остига тухум қўяди. Туғилаётган личинкалар ер бағрига кириб, бегона ўт илдизчалари билан озиқланади.
Барг филчалари йилига бир бўғин беради.
Кураш чоралари. Барг филчаларига қарши кураш учун одатда дарахтлар тагига чодир ёзиб, дарахтлар силкитилиб қўнғизлар қоқиб туширилади ва дарҳол йуқ қилинади.
Уруғли мева дарахтларига ҳам кальций арсенат эритмаси пуркалади. (1 л сувга 3 г кальций ва 3 г оҳак олинади, гектарига 2500-3600 л ҳисобидан эритма сарфланади). Данакли мева дарахтларини куйдириб қўймаслик учун мишьякли инсектицидлар ишлатилмайди. Гексахлоран билан чанглаш ва унинг сувли суспензияларини пуркаб кўриш керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |