Тарқалиши. Омбор узунбуруни ер юзидаги ҳамма омборларда учрайди.
Таърифи. Қўнғизининг узунлиги 2,4 мм, тўқ жигар ранг, баъзан қора бўлади; мўйловлари ва оёқлари қизил-қўнғир; боши чўзиқ бўлиб, узун хартумга айланган; танаси чўзиқ; орқасининг олди қисми катта, қанотустликларидан бир озгина калтароқ бўлиб, нуқта шаклидаги узунчоқ чуқурчалар билан қопланган, қанотустликларида узунасига кетган чуқур эгатчалар ва асоси қаварган оралиқлар навбат билан учрайди; хартуми ингичка бўлиб, асосида чуқур бурмалари бор, кейинги қанотлари чала ривожланган.
Тухумининг узунлиги 0,71 мм гача етади, ранги аввал кулсимон бўлиб, ривожланган сайин сарғиш тусга кира боради. Личинкаси йўғон, кўпгина кўндаланг бурмалари бор, узунлиги 3 мм гача боради, оёқсиз, ранги оқ, боши сарғиш. Ғумбагининг узунлиги 3—5 мм, ранги оқ ёки сарғиш.
Ҳаёт кечириши. Омбор узунбуруни нуқул омбор ва складларда ҳаёт кечиришга мослашган, у табиатда эркин ҳолда фақат тропикларда яшайди. Узунбурунларнинг кўпчилиги биноларнинг тешик-ёриқларида қўнғиз стадиясида қишлайди; қисман эса личинкалик ва ғумбаклик стадиясида дон ичида қишлаб чиқади.
Бу узунбуруннинг тухумлари камдан-кам қишлайди. Кунлар исиши билан, тахминан омбор ҳарорати 10°С дан юқори кўтарилганда қўнғизлар жуфтлашади. Урғочи қўнғиз 25-300С да кўплаб тухум қўяди; 17°С дан паст ҳароратда тухум қўймайди. Қўнғиз имаголик стадиясида 6-7 ой ва ҳатто 10 ой яшайди. Урғочи қўнғиз 50 тадан 300 тагача, ўрта ҳисоб билан эса 160 та тухум қўяди. Урғочи қўнғиз тухумини донга, кўпинча унинг йўғон учига биттадан қўяди; бунда донни хартуми билан тешиб, унга тухумни жойлайди, сўнгра тухум камерасини қўнғир ун билан беркитади ва уни жинсий системасининг ортиқ безларидан чиққан ва ҳавода тез қурийдиган суюқлик билан суваб қўяди. Узунбурун тушган дон хира тортади, чунки унга урғочи қўнғиз тухум қўяётганда ҳосил бўлган дон қолдиқлари ва қўнғир ун теккан бўлади. Йирик донларга, масалан, маккажўхори донига урғочи қўнғиз баъзан иккитадан тухум қўяди. Қуруқ дондан кўра нам донга кўпроқ тухум қўяди.
Тухумлардан 8-12 кунда личинкалар чиқади ва доннинг ичидаги мағзини еб қўяди. Зарарланган дон енгиллашиб ва хира тортиб қолади. Личинкалар жавдар донининг мағзини батамом еб, фақат пўстини қолдиради, буғдой, арпа ва маккажўхори донларининг эса фақат бир қисмини ейди; буғдой донининг ярмичасини-эгатчанинг иккала томонидан ея боради..
Личинкалар ҳароратга қараб 20 кундан 40 кунгача ривожланади. Улар доннинг ичида ғумбакка айланади. Нами 12 % дан кам бўлган (жуда қуруқ) донда личинкалар ривожлана олмай нобуд бўлади.
Узунбуруннинг ғумбаклик даври 1-2 ҳафта давом этади. Қўнғизнинг ривожланиш цикли Марказий Осиё шароитида 40 кунгача чўзилади.
Донни қўнғизнинг личинкаларигина эмас, балки вояга етган формалари ҳам зарарлайди. Қўнғиз озиқланар экан, донни кўп жойидан тешади ва доннинг зарарланган пўстига, шунингдек нам донга ёпишади, одатда қуруқ донга зарар етказмайди.
Омбор узунбуруни 40 кундан 60 кунгача овқатсиз яшай олади; ҳарорат қанча паст бўлса, у очликка шунча кўп чидайди. Омбор узунбуруни ҳатто анчагина совуққа ҳам яхши чидаш беради. Қўнғиз учун оптимал ҳарорат 25-30°С дир; 50-55°С дан ортиқ ҳароратда у нобуд бўлади. Бино ичидаги нам ҳаво қўнғизга жуда хуш келади. Омборларда қўнғизлар доннинг 70 см дан чуқур бўлмаган устки қатламларини хуш кўриши кузатишларда маълум бўлди.
Қулай шароитда қўнғизлар узлуксиз кўпаяди; Марказий Осиёда омбор узунбуруни ёз бўйи камида 4 та насл беради. Россияни шимолий ҳудудларида эса йилига 2 та насл беради.
Қўнғиз секин ўрмалайди ва қанотлари етарли ривожланмаганлигидан учмайди. Қўнғизлар зарарлаган донни келтириш бошқа омбор ва складларга мита оралашига ҳам сабаб бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |