Ceutorrhynchus macula alba Hbst.
Зарари. Кўкнори узунбурунининг личинкалари кўкнори бошчаси ичидаги уруғни еб зарар етказади; шикастланган кўсагидаги уруғ кўпинча чириб кетади ёки нормал рангини йўқотади; зарарланган кўсак ўсмай қолиб, барвақт пишади; вояга етган қўнғиз шикастлаган ёш кўсак деворчаларидаи шира оқиб, кўсакда доғлар пайдо бўлади.
Марказий Осиёда кўкнорининг бу зараркунанда билан қай даражада шикастланиши текширилган эмас. Украинада айрим кўкнори участкаларида кўсакнинг 90 % гача шикастланганлик ҳоллари маълум (Бондарович маълумоти).
Тарқалиши. Кўкнори узунбуруни Марказий Осиёда, Шимолий Кавказда, Россиянинг Европа қисмининг жанубида, Европанинг марказий ва жанубий қисмида, Шимолий Африка ва Паластинда учрайди.
Таърифи. Узунбурун қўнғиз 3,5-4,5 мм катталикда, хартуми узун, қайрилган, аммо тўғриланганда олдинги оёқларининг тозигача бориб етади. Танаси тухумсимон кўринишда; усти сарғиш-кул тусда, ост томони оч кул тусда бўлади. Қанотустлигида, қалқончалари ёнида оқиш туклардан иборат доғчаси бор; орқасининг олдинги қисмида сал-пал билиниб турадиган чўзиқ учта доғ жойлашган; мўйлови қизил. Личинкаси 5-6 мм катталикда, бўйи чўзиқ ва бир оз орқасига эгилган; танаси оқ, боши оч-қўнғир тусда; оёғи бўлмайди.
Ҳаёт кечириши. Кўкнори узунбурунининг Марказий Осиёда қандай ҳаёт кечириши текширилган эмас. Россиянинг Европа қисмидан олинган маьлумотларга қараганда, узунбурун қўнғиз кўкнори экинида гуллаш тугалланганидан кейин пайдо бўлиб, пишмаган кўсакда тўйина бошлайди. Қўнғизлар далада пайдо бўлганидан кейин тез орада жуфтлашади. урғочилари битта чаноқ ичига 14 донагача тухум қўяди.
Тухум қуйиб бўлганидан кейин қўнғиз кўсак бандини шикастлайди, натижада кўсакка шира (озиқ моддалар) келиши камаяди; кўсаклар ўсишдан тўхтайди ва барвақт пишиб қолади. Битта урғочи узунбурун қўнғиз бир нечта кўсакка тухум қўяди. Тухумдан чиққан личинкалар чаноқ ичида уруғни еб тўйинади. Личинкаларнинг ривожланиши бир ой давом этади, сўнгра ташқарига чиқиб ерга тушади, тупроқ ичига 17 см гача чуқурликка кириб, диапауза ҳолатига киради.
Узунбурун личинкаси келаси йил кўкламда ғумбакка айланади. Генерацияси бир йилга чўзилади.
Кураш чоралари. Кўкнори узунбурунига қарши кураш чоралари: ҳосил йиғиб-териб олинганидан кейин ерни чуқур ҳайдашдан (Шчеголев ва Струкова); шикастланган кўсакларни йиғиб йўқ қилишдан (Шрейттер); ўсимликни силкиб узунбурун қўнғизларни елимли елпиғич устига туширишдан (Шрейттер) иборатдир.
Бу зараркунандага қарши гексахлоран дустини чанглаш ёки қўнғизлар тухум қўйишга киришиши олдидан ичдан заҳарлайдиган дорилардан фойдаланиш ҳам яхши натижа берса керак, лекин бу кураш чоралари синаб кўрилган эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |