ИККИНЧИ АСОС
Материя зарур шакл олишга интилади. 10. Табиат моддани шундай жойлаштирадики, у бирор шакл олишга интилади. Масалан, қуш боласи, тухум ичида шаклланиб бўлгач, гавдасини янада чиниқтириш учун ҳаракат қила бошлайди ва тухум пўчоғини синдириб ёки тумшуғи билан ўйиб, ташқарига чиқади. Тухумдан чиққач, онасининг бағрида яйрайди; оғзини очиб, дон сўрайди, онаси келтириб берган донни ютади, атрофига, осмонга мамнун боқади-учишни машқ қилишдан қувнайди ва кўп ўтмай учади, қисқаси, ўзи табиатан мойил бўлган нарсаларнинг барчасини бажаришга секин-аста бўлса ҳам кетма-кет интилади.
Тақлид қилиш. Боғбон ўзи эккан ўсимликларнинг етарли даражада намлик ва иссиқлик билан таъминланишига, яхши ўсиб ривожланишига ҳаракат қилади.
Қоидани бузиш. 12. Болани зўрлик билан мажбуран ўқитмоқчи бўлган киши хато қилади. Дархақиқат, зўрлик билан нимани ҳал қила олиш мумкин? Агар иштаха тортмаган пайтда овқатни зўрлаб ейилса, бундай овқат кишнинг кўнглини айнитади, қустиради, ҳеч бўлмаганда ошқозонни бузади, касал қилади. Аксинча, киши оч қолиб турган пайтида иштаха билан овқатланади, еган овқати тез ва яхши ҳазм бўлади. Шунинг учун ҳам Исократ айтганки, «Илмни севсанг, кўп нарсани билиб оласан». Квинтиллианинг фикрича: «Билишга интилиш иродага боғлик, мажбуран ўқитиш мумкин эмас»1.
Тузатиш. 13. Демак:
I. Болада илмга ва ўқишга барча воситалар билан зўр иштиёқ уйғотиш зарур.
II. Ўқитиш метода қийинчиликларни бартараф этишга ёрдам берсин, токи болада норозилик туғдириб, уни ўқшидан бездириб куймасин.
Қандай қилиб болага ўқишга иштиёқ уйғотиш ва ўстириш мумкин. 14. Болаларда ўқишга нисбатан иштиёқ уйғотиш ва сақлаб колиш ота-оналар, ўқитувчилар, мактаб, ўқув фанлари, ўқитиш методи ва мактаб бошликларига боғлиқ.
1. Ота-оналар. 15. Агар ота-оналар болаларнинг кўз олдида донолик ва донишмандлар тўғрисида яхши гаплар айтишса, яхши китоб, чиройли кийим ёки бошқа яхшироқ нарсалар олиб беришни ваъда қилиб, боланинг ғайратини оширса, айниқса болани ўқитиши лозим бўлган муаллимнинг билимдонлиги ва хушмуомалалигини мақташса (ахир, севиш ва қойил қолиш тақлид қилиш учун энг кучли восита ҳисобланади); ниҳоят болани баъзан муаллимга бирор топшириқ ёки кичикроқ совға билан юбориб туришса ва ҳоказо, агар. шундай қилинса, болалар фанни ҳам ўқитувчини хам астойдил севиб қоладилар.
2. Муаллимлар. 16. Агар муаллимлар хушмуомала ва мехрибон бўлса, дағаллик қилиб болаларни ўзидан бездирмаса, балки оталарча ғамхўр, хушфеъл ва ширин сўз бўлса; агар муаллим бола қизиқиб севиб ўқийдиган ва осон ўзлаштирадиган илмларни тавсия қилса; қунт билан ва ғайрат қилиб ўқийдиган болаларни вақт-вақти билан мактаб (ҳатто кичкинтойларни олма, ёнғоқ, қанд кабилар билан) рағбатлантириб борса, агар айрим ўқувчиларни уйига чақириб, шунингдек ҳаммага биргаликда юқори синфга борганда ўрганиладиган нарсалар тасвирланган суратларни, оптик ва геометрик асбобларни, глобус ва бошқа шунга ўхшаш, болалар завқ оладиган нарсаларни кўрсатса, болалар орқали ота-оналар билан алоқа боғласа, қисқаси муаллим болаларга меҳрибон бўлса, уларнинг иҳтиёри муаллимда бўлиб, болалар ўз уйларидан мактабни афзал кўрадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |