18-расм. Арқонни боғлаш усуллари.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жисмоний тарбия, спорт ва туризмни ривожлантиришга қаратилган махсус қарорларида (1999 йил) ўқувчи-ёшларнинг саёҳатларини оммавий равишда ташкил қилиш масалалари муҳим ўрин эгаллайди. Ўлкашунослик, туристик ишларни яхшилаш, бу билан ўқувчиларнинг яхши ҳордиқ чиқариш, соғлиғини мустаҳкамлаш, фан оламини чуқур ўрганиш, билим, ўзлаштиришни шу йўл билан мустаҳкамлаш йўлларини кўрсатиб бермоқда.
Шуларни назарда тутиб, ҳар бир ўқув муассасаси ўлкашунослик ва туристик секцияларни жонлаштириш, иш фаолиятини кучайтириш, тегишли жиҳоз ва имкониятлар билан таъминлаш, махсус музейлар (бурчак) ташкил қилиш даври келди.
Яна шуни эътиборга олиш керакки, ўлкашунослик ва туристик музейлар биринчи навбатда география, тарих, биология, жисмоний тарбия ўқитувчилари ҳамкорлигида тузилиши лозим. Музейда фақат ўлкашуносликка оид материалларгина эмас, балки қуйидаги туристик материаллар ҳам мавжуд бўлиши лозим:
а) асосий туристик жиҳозларнинг (чодир, рюкзак, арқонлар, идиш-то-воқлар, туристик кийимлар, бинокл) намуналари;
б) туризмга доир адабиётлар, плакатлар, тарғибот воситалари;
в) кўп кунлик саёҳатларда ишлатиладиган туристик жиҳозлар ҳамда озиқ-овқатларнинг турлари, меъёрлари, тиббиёт қутисидаги дорилар, туристик меъёрлар рўйхати;
г) жароҳатланганда биринчи ёрдам кўрсатиш тадбирлари, шакллари ва уларнинг воситалари;
е) арқон билан ишлаш, унинг тугунлари;
ё) туристлар ҳаёти, мусобақалари, туристик техникалар акс эттирилган фотомонтаж, плакатлар ва фотоалбомлар;
ж) саёҳатлар, машғулотлар давомида ёзиб олинган магнит ленталари, саёҳат хотиралари ёзилган дафтарлар, газета, журнал материаллари;
з) саёҳатни акс эттирувчи ҳужжатли филмлар, видео тасвирлар;
и) фаол туристлар, фахрий туристлар, жамоатчи йўриқчилар ва туман, шаҳар ҳамда вилоят чемпионларининг фотосуратлари, уларнинг эришган ютуқлари, биографиялари.
Ўқув муассасасида туристик музейнинг мазмунини илғор тажрибалар асосида бойитиш, кенгайтириш лозим.
Хуллас, мамлакатимизда туризм кишиларининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш фаолиятидаги энг муҳим жараёнларидан бирига айланиб бормоқда. Энг кичик ёшдаги болалар, барча таълим муассасаларининг талабалари, ишчи, хизматчи, инженер, зиёли ва барча жабҳадаги кишилар ҳам бундай тадбирга қўшилмоқдалар.
Туризм тадбирларини амалга ошириш, унга оммани жалб этишда касаба уюшмаси, камолот, спорт ташкилотлари, таълим муассасалари, ишлаб чиқариш меҳнат жамоаларининг раҳбарлари, турар-жойлардаги жамоатчи фаоллар, ота-оналар, туристлар тарғибот ва тушунтириш ишларини ўтказишлари, туристик юришлар, слётлар уюштиришлари зарур бўлади. Бу фаолиятларни ташкил қилиш ва ўтказиш шаклларини талабалар назарий ва амалий туристик машғулотлар ҳамда юришлар жараёнида тўла ўзлаштириб олишлари, мустаҳкам малака ва билимга эга бўлиб олишлари керак.
19- расм. Рюкзак турлари.
Хулоса тариқасида айтиш лозимки, туристик техника бўйича мусобақа-лар ва бошқа тадбирларни тарихий шаҳарларга ўтказилган саёҳат жараёнларида ҳам ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Яъни шаҳар атрофидаги мавжуд бўлган туристик базалар ёки оромгоҳларда (оромгоҳ) 1-2 кун дам олиш, атроф-муҳит билан танишиш, жисмоний чиниқиш тадбирларини ҳам режалаштириш лозим. Саёҳатчиларнинг истак-хоҳишларига нисбатан (ёшлар) жамоалар тузиш, оддий эстафеталар ўтказиш, баландликларга тез чиқиб-тушиш, чодир ўрнатиш, овқат пишириш каби турларни кўпроқ ўтказиш лозим.
ХУЛОСА.
Саёҳатлар жаҳон халқларининг ижтимоий-маданий турмуш шароитида тарбия, таълим ва жисмоний чиниқиш воситаси сифатида муҳим ўринларни эгаллаган.
Ўзбекистон шароитида тарихий ва маданий обидаларга сайр-саёҳатлар ташкил қилиш, уларда аҳолининг барча қатлам ҳамда тоифаларидаги кишиларни фаол иштирок эттириш шу бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Айниқса таътил пайтларида ва улуғ саналарга бағишланган нуфузли тадбирларда ўқувчи-ёшлар, талабалар ва меҳнаткашлар оммаси доимий равишда иштирок этиб келмоқда.
Тошкентнинг бугунги жамоли, Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларнинг археологик, маданий обидалари хорижий мамлакатларнинг ҳам сайёҳларини ўзига ром этмоқда.
Ўзбекистоннинг мустақиллиги туфайли ўқувчи-ёшларни касб-ҳунар эгаллашга сафарбар этиш, ўқув жараёнларида жисмоний маданият ва туризм орқали уларнинг жисмоний баркамоллигини тарбиялашга алоҳида эътибор кучайтирилмоқда.
Ижтимоий-маданий турмушнинг тобора яхшиланаётганлиги туфайли соғлом турмуш тарзи мазмунида жисмоний маданият, спорт ва туризм чуқур ўрин эгалламоқда.
“Алпомиш” ва “Барчиной” махсус тестларидаги сайр-саёҳат (туризм) талабларини бажариш, таълим муассасаларининг “Жисмоний тарбия” дастурларидаги туризм машғулотларини ташкил қилиш давр талаби ҳисобланади. Бу йўлда махсус кадрлар тайёрлаш, касб-ҳунар эгаларининг туризм соҳасидаги билим ва малакаларининг чуқурлаштириш сиҳат-саломатликни таъминлашда, яъни соғлом авлод давлат дастурини амалга оширишда асосий вазифа ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |