Таълимга ёндашувлар
Мактабгача таълим тизимида амалга оширилган модернизациявий ўзгаришлар тарбиячига мактабгача ёшдаги болаларга таълим беришнинг шакл ва усулларини эркин танлаш имкониятини яратди. Бугунги замонавий таълим соҳасидаги асосий натижа у бола томонидан қай даражада ўзлаштириб олингани, бу унинг ривожланишига, шахсда интегратив хислатларнинг шаклланишига қанчалик хизмат қилгани билан белгиланади. Педагог томонидан танлаб олинган таълим услублари интеллектуал жараёнларнинг шаклланишига, масаланинг ечимига ижодий ёндашишга, ташаббускорликка, мустақилликка ва масъулиятга, болаларни машқ орқали ўз фаолиятини бошқаришга ўргатмоғи лозим. Мактабгача таълим узлуксиз таълим тизимининг бошланғич бўғини ҳисобланади. У соғлом ва ҳар томонлама ривожланган бола шахсини шакллантириш, ўқишга қизиқиш уйғотиш орқали уни узлуксиз таълим олишга тайёрлаши зарур.
Мактабгача таълим жараёнида мактабгача ёшдаги болалар таълим-тарбиясининг шахсга йўналтирилган модели устувор аҳамият касб этади.
Шахсга йўналтирилган ёндашувнинг мақсади – бу шахсни муайян андоза асосида «ўзгартириш» ва тазйиқ ўтказишни эмас, «у қандай бўлса, шундай қабул қилиш»ни тақозо этади.
Бола шахсга йўналтирилган ёндашув таълим жараёни субъектининг шахсий вазифалар (функциялар)ни ривожлантириш қобилиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шарт-шароит яратишни кўзда тутади.
Шахсга оид функциялар – бу шахс томонидан «ҳар томонлама баркамол шахс бўлиш» ижтимоий талабининг рўёбга чиқишига хизмат қиладиган муайян ҳислатларнинг намоён этилишидир.
Шахсга йўналтирилган ёндашув таълим жараёнини ташкил этишнинг асоси сифатида шахснинг жамоа олдидаги устуворлигини назарда тутган ҳолда, унда инсонпарварлик муносабатларининг шакллантирилишини тақозо этади. Бола ана шу муносабатлар туфайли ўзини шахс сифатида ҳис этади, бошқа кишиларда шахсга хос ҳислатларни кўришни (катталарда ва тенгдошларда) ўрганади. Тенгдошлар, болалар жамоаси ва педагоглар ҳар бир боланинг имкониятларини рўёбга чиқишининг кафолати сифатида хизмат қилади. Ҳар бир бола имкониятларининг рўёбга чиқиши эса педагогнинг қадриятлар йўналишлари, яъни унинг хатти-ҳаракатида намоён бўладиган моддий ва маънавий қадриятларга муносабати, мўлжаллар тизими, эътиқоди, ҳохиш-истаклари билан белгиланади.
Педагогнинг қадриятлар тизими унинг касбий фаолиятининг йўналишларини белгилаб беради. Шахсга йўналтирилган ёндашув болага ўзини шахс сифатида англаш, ички имкониятларини аниқлаш ва рўёбга чиқариш, ўз-ўзини англаш, ўз-ўзини белгилаш, ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг шахсий ва ижтимоий мақбул услубларини амалга оширишда педагог ёрдамини талаб этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |