3-масала. Фалсафа тарихида турлича тафаккур услублари мавжуд бўлган. Уларнинг хар бири хақиқатни очиб бера оладиган тафаккурнинг универсал услуби ўрнини босишга харакат қилган. Лекин, уларнинг кўпчилиги тарихий тараққиёт жараёнида янги давр талабига жавоб бера олмаганлиги учун муайян даражада инкор этилди. Софистик, эклектик,механистик, метафизик ва бошқа тафаккур усуллари шулар жумласидандир. Гарчан улар бугунги кунда ҳам стихияли тарзда, аҳён – аҳёнда қўлланинсада, аммо замонмвий тафаккурнинг устувор услуби бўла олмайди.
Софистик тафаккур. Қадимги Юнонистон фалсафасида вужудга келган билиш усулидир. Бу усул қўлланилганда фикрнинг мазмуни кўчма маьнода баён қилинади, яъни “Қизим сенга айтаман, келиним сен эшит” деганга ўхшаш холат тутилади. У нафақат қадимги юнонистон, балки ўрта асрларда Европада ҳам кенг тарқалган. Антик дунёда шаклланган софистик тафаккур ўрта асрларда, айниқса, кенг тараққий қилди. Қадимги Грецияда бирон–бир соҳани, жумладан, хунар, мусиқа ва ҳоказони мукаммал эгаллаган кишиларни софистлар деб атардилар. Кейинчалик эса бу сўз аста – секин бошқача мазмун касб эта бошлади: нотиқлик ва донишмандликда ном чиқарган файласуфларни софистлар деб атай бошладилар. Ундан кейинги даврларда эса сўз билан кишиларнинг бошини қотириш усулларни усталик билан қўллаб, уларни чалғитадиган одамга нисбатан ҳам софист ибораси қўлланган.
Ҳозирча ҳам “софистлар” тушунчаси ана шу, энг охирги маънода қўлланиб ва тушунилиб келмоқда. Сўнги маънода софистлар сўз ва ибораларни бир – бирига қарама – қарши қўйиш тўқнаштириш йўли билан, уларнинг сирли маьноси ҳамда аҳамиятини очиш орқали ҳақиқатни билиш мумкин, деб тушунар эдилар. Аслида эса, улар табиий тилнинг қатор камчиликлари, жумладан, сўзларнинг ноўрин боғлаш, икки маьноли талаффуз, фикрни ифодалашнинг граматик шакллари ва хокозаолардан фойдаланиб, ҳақиқат ниқоби остида ҳақиқий билимларни ёлғон билан алмаштиришга уринадилар.
Софистика номи, Форобийнинг таъкидига кўра, суфи (донолик) ҳамда истияси (ёлғон) сўзларидан олинган бўлиб, “ёлғондакам донолик” маьносини англатади.
“Софист, - деб ёзган эди. Форобий – (борлиққа) тезкари бўлган (йўқ) нарсаларни тасаввур қилишга мажбур этиш орқали тингловчини адаштиради, шундай қилиб у (тингловчи) бор нарсани йўқ, мавжуд бўлмаганини мавжуд, деб тасаввур қилади”1 .
Софистик тафаккур, Форобий фикрича, ўзига хос усуллардан ташкил топган бўлиб, улар ўргананилиши лозим бўлган нарсаларни ўрганишда ақлни тўғри йўлдан чалкаштиради ва ёлғонни рост шаклларда тасаввур этишга мажбур қилади, ўрганмоқчи бўлган кишини тўғри йўлдан адаштиради. Худди шу усуллар билан сўзловчи тингловчини шундай чалкаштирадики, агар у (тингловчи) ниманидир талаб қилса ёки нимагадир эҳтиёж сезса, у (яъни, сўзловчи) уни (яъни, тингловчини) бирон бир нарсани талаб қилмасдан ва олмасдан туриб, талаб қилгани ва олганига ишонтириши мумкин. Худди шундай усул ёрдамида ёқламагани (химоя қилмагани) ва қаршилик кўрсатмагани холда у (сўзловчи) уни (тингловчини) (ниманидир) қаттиқ туриб химоя қилгани ёки (ниманидир) қаршилик кўрсатганига ишонтириши мумкин. Агар у (тингловчи) ё жавобгар, ё адвакат, ёкинки оқловчи бўлса, у холда шундай усуллар ёрдамида у (сўзловчи) уни (яъни, тингловчини) аслида ҳақиқатда жавоб бермагани ва кимнидир ёқламагани холда унда (тингловчи) жавоб берганлиги ва кимнидир ёқлагани ҳақида тасаввур хосил қилдириши мумкин. Бундай усуллар бизга маълум бўлгандан кейин (бизга айтиладиган нарсани) кўриб чиқишимизда, биз исботлайдиган ва бошқалар исботлайдиганига нисбатан улар харакатидан қандай қилиб четлашиш биз учун сир бўлиб қолади1.
Форобий логика қонунларига қатъий буйсиниладиган бўлса инсон ақли софистик тафаккурдан халок бўлиши мумкин, деб таъкидлаган эди. “Силогезмларни ўрганадиган бўлсак, нарсаларнинг бир биридан фарқларини ишонч билан топа олмаймиз. Агар биз эътибор қилсак, мунозараларда англашилмовчиликларга ва чалкашликларга йўл қўймаймиз”2 .
Кўриниб турибдики, софистик тафаккур тушунчалар, сўзлар ва уларни маъноларининг икки ёқламалигидан келиб чиқар экан, демак, у ўз – ўзидан пайдо бўлмаган, балки унинг ўзига хос гносеологик илдизлари бор.
Маълумки, инсон билимлари асосланадиган тушунчалар харакатчан, ўзгарувчан, ихчам, ўзаро алоқадор, зиддиятли, бири иккинчисига ўтиб туради. Агар ана шу тушунчалар ихчаслиги инсон томонидан ўз холича, субъектив фойдаланилса осонгина софистикага тойиб кетиш мумкин.Софистик усулда тушунчалар шундай алоқалар конбинацияга тушуб қоладики, уларнинг мантиқий образи бўлган нарсалар ўз ўрнини топа олмай қолади.
Софистик тафаккурда бир хил тушунчалар, сўзлар, ибораларнинг бошқалари билан (форма) шаклан боғланиши биринчи ўринга ўтади. Бу аслида маъносиз ўйиндан бошқа нарса эмас. Софистик тафаккур объектив асосга эга бўлган сўзлар, тушунчалар билан қизиқмайди. Шунинг учун ҳам софистика сўзлар доирасига ўралиб қолади. Ф. Бэкон таъбири билан айтганда, софистлар ҳаддан ташқари маҳмадонадирлар, амалда эса улардан ҳеч қандай наф йўқ.. Софистик тафаккур формал таърифлар билан чекланганлиги учун ҳам, у нарсалар тараққиётини бошқарадиган чуқур ички жараёнларни тушунишга қодир эмас. Софистика социал илдизларга ҳам эга. Софистик усул баъзида ҳақиқатни атайлаб бузиб, ёлғонни ҳақиқат деб кўрсатиб, кимларнингдир манфаатини ҳимоя қилади. Улар ўз чора – тадбирларини, ҳақиқий мақсадларни яшириш мақсадида софистик услубга тез – тез мурожаат қилиб туради.
Софистика гносеологик ва ижтимоий илдизларга эга бўлганлиги учун ҳам унинг асоссиз эканлигини ёритмоқ учун, бир томондан, айтилаётган фикрнинг хақиқийлиги ва асослилигини кўрсатиш, иккинчи томондан, у ёки бу софистик хулоса кимлар манфаати учун фойдалилигини очиб бериш керак бўлади.
Агар бу усул ёлғон хулосаларга олиб келса, нега ўз даврининг кўпгина доно кишилари ундан фойдаланганлар, деган савол туғулиши мумкин. Маълумки, инсоният тарихида хурфикрлилик ва ижтимоий – сиёсий жараёнларга муносабатни тўғри ифодалашнинг иложи қолмаган замонлар кўп бўлган. Бундай ҳолни инквизиция ҳукмрон бўлган ўрта асрлар Европасига ҳам татбиқ этиш мумкин. Ўша даврда ҳам кўпгина зиёлиларнинг ана шу усулга суянмасдан иложи йўқ эди. Умуман олганда, “дўппи тор келиб қолган ” ана шундай замонларда фикрни Гулханийнинг машхур “Зарбулмасал” асари каби ифодалаш ҳоллари учраб туради. Буни ўрта асрлар Европасига нисбатан олсак, унда Сервантеснинг “Дон Кихот” асари нима сабабдан шундай ёзилганлиги, унинг бош қаҳрамони эса нима учун шамол тегирмонларига қарши жанг қилганлиги ва бу лавҳалар замирида қандай ботиний мазмун яширингани аниқ бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |