5.3. Миллий капитал экспортини рағбатлантириш Иқтисодиётда миллий капитал ортиқчалиги сезилаётган давлатлар унинг чет элга чиқарилишини рағбатлантиради. Давлатнинг халқаро компаниялар экспорт-инвестицион фаолиятини қўллаб-қувватлашининг асосий шакллари бўлиб имтиёзли молиялаштириш; фойдага солиқ камайтирилиши билан боғлиқ йўқотишларни қопловчи махсус кредитлаш тизими; потенциал зарарларни суғурталашнинг кенгайтирилган доираси ҳисобланади. Хорижий тадбиркорлик билан шуғулланувчи компаниялар ўз давлатлари кўмагини олиши учун учта асосий шарт бажарилган бўлиши керак: 1. Халқаро компанияларни хорижий филиаллари фойда келтириши, яъни уларнинг технологияси ишончли, ишлаб чиқаришни ташкил қилиши самарали бўлиши керак.
2. Халқаро компаниялар хорижий филиаллари қабул қилувчи мамлакат иқтисодий ривожланишига кўмаклашиши зарур.
3. Халқаро корпорациялар хорижий тадбиркорлиги бош компания жойлашган мамлакат иқтисодиётига – ишлаб чиқариш, бандлик ва ҳ.к. зарар етказмаслиги керак.
Сармоядор-мамлакатлар ҳукуматлари хорижий тадбиркорликни рағбатлантириб, ўз миллий фирмаларига нисбий афзалликларни амалга оширишга кўмаклашади. Масалан, ЕИда инвестицияларга кўмаклашиш дастури (European Community Investment Partners Program) амалга оширилади. 90-йилларда унинг асосида ЕИга аъзо-мамлакатлар компанияларини уларнинг Ўрта ер денгизи, Осиё ва Лотин Америкаси давлатларидаги фаолиятида қўллаб-қувватлаш амалга оширилди. Дастур қабул қилувчи мамлакатларда ЕИ аъзо-мамлакатлари компаниялари лойиҳаларининг барча босқичларини молиялаштиришга ёрдам берадики, унга техник-иқтисодий асосларни тайёрлашга грантлар, қабул қилувчи мамлакатда қўшма корхоналар ташкил қилиш шароитларини олдиндан ўрганишга, персонал ўқитишга ва ИТТКИга фоизсиз қарзлар киради. АҚШда америкалик инвесторларнинг хорижда хусусий хорижий капитал қўйилмаларини молиялаштириш бўйича давлат корпорацияси – ОПИК молиялаштиради. У америка компанияларининг бевосита хорижий инвестицияларини сиёсий таваккалчиликдан суғурталайди ва уларнинг самарали хорижий фаолияти учун яна қатор хизматлар кўрсатади. Япония Экспорт-импорт банки япон фирмаларининг бевосита хорижий инвестицияларини молиялаштиради ва япон фирмалари билан қўшма корхоналар ташкил қилиш учун чет эл ҳукуматлари ва хусусий компанияларга қарзлар беради. Бу банк шунингдек хорижда ижтимоий инфраструктура лойиҳаларини сармояловчи япон фирмаларига кафолатлар беради. Бундан ташқари, Японияда ривожланаётган давлатларни инвестициялашга бюджетга солиқ ажратмаларни камайтириш кўринишидаги имтиёзлар мавжуд.
ТМК одатда бош компаниялар жойлашган мамлакатлар ва қабул қилувчи мамлакатлар ҳокимият тузилмаларида ўз манфаатларини ҳимоялашни ташкил этади. Бунда иқтисодиётни мувофиқлаштириш давлат органлари халқаро компаниялар истакларини ҳар доим ҳам ва дарҳол бажармайдилар. Бу истаклар баъзан миллий фирмалар, ишчи ва ходимлар манфаатларига, муайян минтақа экологиясига ва бюджет имкониятларига зид келади. Шу билан бирга давлат иқтисодиёт тармоқларини ва минтақаларни чўзилиб кетган кризисдан чиқариш мақсадида устувор ривожлантиришдан, жадал илмий-техник тараққиёт шароитларини яратишдан, тармоқлар ва минтақалар ички ва бутун халқ хўжалигида прогрессив таркибий ўзгаришлар учун шароитлар яратишдан манфаатдор бўлганда, у халқаро компанияларга молиявий стимул ва давлат капитал қўйилмалари йўли билан рағбатлантирувчи таъсир этади. 90-йилларда кўп давлатлар сиёсатида ички бозорлар ҳажмини кенгайиши, иқтисодиётни тартибга солишда давлат ролини чеклаш, корхоналарни хусусийлаштириш, эркин савдо зоналарини ташкил қилиш каби халқаро компаниялар учун жозибали тенденциялар намоён бўлди.