5.4.Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига ТМК ларни жалб қилиш сиёсати Турли вазиятларда халқаро ташкилотларнинг қабул қилувчи давлатлар ҳукуматлари билан кўп йиллик муносабатлари тажрибаси халқаро иқтисодий ҳамкорликнинг учта асосий компонентини (товарлар ва хизматлар, технологиялар, бевосита хорижий инвестициялар) мамлакатга киритиш ва чиқаришга қараб қабул қилувчи мамлакат сиёсатидаги йўналишларни туркумлаш имкониятини беради.
1. Мамлакатдан олиб чиқиш ҳолида: а) товарлар ва хизматлар олиб чиқиш ҳажмини кенгайтиришга ёрдам берувчи ва давлат учун муҳим бўлган технологик сирлар очилиш ҳавфини туғдирмайдиган тайёр маҳсулотлар, технологиялар экспорти, шунингдек миллий компаниялар сотиш бозорларини кенгайтирувчи капитал олиб чиқилиши одатда давлат томонидан рағбатлантирилади.
б) машина ва ускуналар, комплектловчи маҳсулотлар ва яримфабрикатлар экспорти мамлакат иқтисодиётига фойда ёки зарар келтиришига қараб давлат томонидан рағбатлантирилади ёки чекланади. Бу ерда барча нарса бу маҳсулотлар ва яримфабрикатлар миллий корхоналарга етарлилигига ва уларнинг хорижга чиқарилиши миллий корхоналар рақобатчиларини жаҳон бозорида мустаҳкамланишига олиб келмаслигига боғлиқ.
Жаҳон бозорида миллий корхоналар аҳволини ёмонлаштирувчи технологиялар экспорти давлат томонидан чекланади. Шу билан бирга миллий корхоналарни ёқилғи-хомашё ресурслари билан таъминловчи капитал чиқарилишини давлат рағбатлантиради.
в) қабул қилувчи мамлакатда ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга ва ишлаб чиқариш ҳаражатларини пасайтиришга кўмаклашувчи капитал чиқарилиши инвестор давлати иқтисодиётига маълум фойда келтирса ушбу давлат томонидан рағбатлантирилади. Агар капитал чиқарилиши миллий корхоналар рақобатчиларини жаҳон бозоридаги аҳволини яхшиласа, инвестор мамлакатида ишчи жойлари сонини қисқартирса давлат капитал чиқарилишини чеклайди.
2. Мамлакатга олиб кириш ҳолида: а) мураккаб бўлмаган стандарт тайёр маҳсулотлар, уларни тайёрлаш учун технологиялар ҳамда уларни хорижий компаниялар фирма белгиси билан ишлаб чиқариш ва сотиш ҳуқуқи импорти инвестор сотиш бозорини кенгайтиришга мўлжалланган капитал олиб кириш каби давлат томонидан рағбатлантирилмайди;
б) маҳаллий хомашё ресурсларини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ машина ва ускуналар, бутловчи маҳсулотлар, яримфабрикатлар, уларни ишлаб чиқариш технологиялари, капитал импорти давлат томонидан рағбатлантирилади;
в) хорижий фирма филиалларида ишлаб чиқариш самарадорлигини оширувчи ва унинг ҳаражатларини камайтирувчи бевосита хорижий инвестициялар бу фирмалар маҳсулоти миллий корхоналар рақобатбардошлиги даражасини пасайтирмаган ҳолда давлат томонидан рағбатлантирилади. Акс ҳолда давлат бундай йўналишдаги БХИларни чеклайди.