ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
ФАРҒОНА ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ
ТАБИИЙ ФАНЛАР ФАКУЛЬТЕТИ
БИОЛОГИЯ К А Ф Е Д Р А С И
“ТАСДИҚЛАЙМАН”
Табиий фанлар факультети декани ______________ Ш.Мамажонов
“___” ____________ 2016 йил
БИОЛОГИЯ АСОСЛАРИ ФАНИДАН
(Умуртқасизлар зоологияси)
ЛАБОРАТОРИЯ МАШҒУЛОТЛАРИ
Фарғона 2016
Фаннинг лаборатория машғулотлари ишчи ўқув режа ва ўқув дастурига мувофиқ ишлаб чиқилди.
Тузувчилар:
Шерматов. М. - ФарДУ, «Биология» кафедраси доценти, б.ф.н
Обидов М. - ФарДУ, «Биология» кафедраси ўқитувчиси
Тақризчи:
Холиқов.М -ФарДУ, «Биология» кафедраси катта ўқитувчиси, б.ф.н
Фаннинг лаборатория машғулотлари “Биология” кафедрасининг 2016 йил “____ ” августдаги “____” - сон йиғилишида мухокамадан ўтган ва факультет кенгашида мухокама қилиш учун тавсия этилган.
Кафедра мудири: __________ Шерматов М.
Лаборатория машғулоти 1.
Оптик асбобларни тузилиши ва у билан ишлаш қоидалари
Керакли жиҳозлар: биологик МБР-1, МБИ-3 микроскопларнинг тузилишини акс эттирувчи жадвал, томизғичлар, буюм ва қоплагич ойналар, сув тўлдирилган идишлар, мум ёки пластилин бўлакчалари, қўл лупалари ва бинокулярлар.
Биологик микроскоплар оптик ёритгич ва механик системалардан иборат (1- расм). Микроскопнинг оптик қисмига окуляр, объективлар ва уларни бирлаштирувчи тубус киради. Ҳар бир объектив металл найчага жойлаштирилган линзалардан иборат, улар бир-биридан маълум масофада ўрнатилган. Уларни катта қилиб кўрсатиш имконияти ён томонида рақам билан кўрсатилган. Масалан, 8 х рақамли объектив 8 марта, 40 х рақамлиси эса 40 марта катта қилиб кўрсатади. Рақами 90 х бўлган объективни иммерсион объектив деб аталади. У билан ишлаётганда текшириладиган препаратнинг устига бир томчи кедр мойи томизилиб, объективнинг пастки учи шу мойга ботирилади. Натижада текширилаётган объект билан линза орасидаги ҳаво ўрнида мой қавати пайдо бўлади. Мой ва линзанинг нурни синдириш даражаси қарийб бир хил бўлганлиги учун кўрилаётган объектимиз аниқ кўринади.
Оқуляр линзалардан иборат бўлиб, тубуснинг юқори томонига кийгизиб кўйилади. Унинг катта қилиб кўрсатиш даражаси устига ёзиб кўйилган бўлади. Рақам қанча катта бўлса, окулярнинг кўрсатиш имконияти ҳам шунча ошади. Лекин окулярнинг катталиги ортиши билан объектнинг равшанлиги хиралашади. Шунинг учун ҳар доим катта окулярдан фойдаланиш тегишли натижа беравермайди. Текширилаётган объектнинг неча марта катталаштирилганлигини билиш учун объективдаги рақамни окулярдаги рақамга кўпайтириш керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |