2-МАВЗУ: ЎЗБЕК ТИЛИНИНГ ИЖТИМОИЙ ФУНКЦИЯЛАРИНИНГ КЕНГАЙИШИ: ЖАМИЯТДАГИ ЎЗГАРИШЛАР ВА ТИЛ РИВОЖИ
Режа:
1.Тил ижтимоий функциясининг тавсифи ва таснифланиши.
2. Ўзбек халқи ва унинг шаклланиш тарихи
Ўзбек адабий тили тараққиётини даврлаштириш
Ҳозирги ўзбек адабий тили ва унинг шеваларга муносабати
Ҳозирги ўзбек адабий тилининг ўрганилиш тарихи ва босқичлари
Мавзу бўйича таянч тушунчалар: Тил, ижтимоий функция, ўзбек халқининг шаклланиш тарихи, адабий тил тараққиёти, даврлаштириш, адабий тили ва шева, ўзбек адабий тилининг ўрганилиш тарихи.
Тил ижтимоий, доим ўзгариб, ривожланиб турувчи ҳодисадир.
Тил фақат инсонга хос ҳодиса бўлиб, инсониятга табиат томондан ато қилинган буюк эҳсондир. Ана шу буюк эҳсон кишилик жамиятининг энг муҳим алоқа воситаси бўлиб, жамият учун хизмат қилади.
Тил фақат жамиятда, одамлар жамоаси орасидагина мавжуд, чунки тил орқали инсонлар ўз фикрларини билдирадилар, фикр алмашадилар, гаплашадилар. Тил доимий равишда ўзгариб турувчи, тараққий этиб борувчи ҳодисадир.
Тилнинг тақдири жамият тақдири билан чамбарчас боғлиқдир. Жамият йўқ экан, тил ҳам бўлмайди ва аксинча тил бўлмаса жамиятда ривожланиш ҳам йўқ. Инсоният учун фикр алмашиш доимий ва ҳаётий заруратдир. Тил жамиятнинг асрлар давомидаги бутун тарихи жараёнида шу жамиятда яшовчи мингларча авлодлар томонидан яратилган бўлиб, жамият ва унинг аъзолари учун баравар хизмат қилади.
Тилнинг адабиёт, санъат, умуман маданият каби ижтимоий ҳодисалардан фарқи шундаки, улар маълум бир синфнинг манфаатини кўзлайди, унинг мафкурасини тарғиб қилади, тил эса жамиятдаги барча кишилар учун бир хил хизмат қилади.
Тил фикр билан чамбарчас боғлиқдир. Тил онг каби қадимдан мавжуд. Фикр, онг пайдо бўлиши билан тил ҳам пайдо бўлган. Бизнинг фикрларимиз тил (нутқ) орқали рўёбга чиқади, бошқаларга англашилади, ойдинлашади. Онгимиздаги фикрлар олдиндан тайёр ҳолда мавжуд бўлмайди, фикрлар сўз воситасида шаклланади, сўз тушунчаларни ифодалайди. Аммо ибтидоий тил тузилиш жиҳатидан содда, мазмун жиҳатидан мураккаб бўлган.
Даврлар ўтиши билан фикр, тушунча ривожлангани сари тил ҳам ривожланиб боради. Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан сўнг ўзбек тили луғат таркибининг беқиёс бойиши бунинг ёрқин далилидир. Аммо тилнинг грамматик қурилиши ва товуш тизими секинлик билан ўзгаради.
Инсон фаолиятида тил борлиқни билиш ва фикр алмашиш воситаси вазифасини бажаради. Тил воситасида инсоният томонидан жамғарилган билимлар қайд этилади, сақланади ва авлоддан-авлодга етказилади. Тил миллат руҳининг кўзгусидир. Тилда миллатнинг бор-йўғи, ўй-фикри, дунёқараши, орзу-умидлари, Ватани, ҳис-туйғулари гавдаланади. Тилдаги ҳар бир сўз, унинг ҳар бир шакли инсон тафаккури ва туйғусининг натижасидир.
Тил яхлит бир тизим сифатидагина ижтимоий вазифани бажара олади. Тилнинг асосий бирликлари: товуш, сўз, қўшимча, гаплар орқали грамматик жиҳатдан оҳанг воситасида ва мантиқан ўзаро боғланишда борлиқ ҳақидаги ҳукмларни ифодалайди, ниманидир тасдиқлайди ёки инкор қилади.
Тил инсоният томонидан яратилган, унга хизмат қиладиган ва ҳар қайси миллатнинг ижтимоий-маданий тараққиётига мос тарзда ривожланиб борадиган ижтимоий ҳодисадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |