1-Maruza Fizikaviy va kimyoviy o‘lchashlar to‘grisida asosiy tushunchalar.
Reja
1.Ўлчашлар назарияси ва техникасининг халқ хўжалигидаги аҳамияти
2. Саноатдаги ўлчашлар.
3. Физикавий ва кимёвий хусусиятларни ўлчашларнинг назарий манбалари сифатида қадимий шарқ ва ғарб фалсафасининг тутган ўрни
Ўлчашлар назарияси ва техникасининг халқ хўжалигидаги аҳамияти.
Ўлчаш воситалари шунчалик ранг-баранг ва ҳар хил соҳаларда ишлатиладики, улар ишлатилмайдиган бирор инсон фаолиятини эслаш жуда қийиндир. Шунга қарамасдан, ўлчашлар назарияси ва техникасининг ижтимоий ишлаб чиқаришга таъсири бўйича учта асосий йўналишни ажратиб кўрсатиш мумкин:
1. Фалсафий нуқтаи назарда ўлчаш ва ўлчаш воситалари дунёни билиш қуроли деб тасаввур қилинади;
2. Илмий нуқтаи назарда ўлчаш ва ўлчаш техникаси табиатни текшириш амалиёти ва назарияси орасидаги боғловчи восита деб қаралади;
3. Мухандислик- техникаси нуқтаи назарида ўлчаш техникаси технологик жараёнларни бошқаришнинг энг қулай воситаси деб тушунилади.
Ўлчаш воситалари ишлатиладиган барча соҳаларда уларга муайян талаблар қўйилади. Масалан, илмий ишларда қўлланиладиган ўлчаш воситаларига юқори аниқлик, қишлоқ хўжалигидагилари учун - мураккаб об-ҳаво шароитларида ишлаш қобилиятларининг мавжудлиги ва юқори ишончлилиги, тиббиётдагилари учун - мижоз аъзоларининг тавсифлари ва ўлчанаётганда унинг ҳавфсизлиги ва бошқа талаблар қўйилади.
Ҳеч қандай бўрттирмасдан айтиш мумкинки, ҳар қандай тажрибанинг асосида бирор катталикни ўлчаш ётади. Бу нафақат, аввалдан тажрибага асосланган физика, кимё ёки бошқа фанларга тегишли. Ҳаттоки, назарий фанлар маликаси риёзиётда ҳам ўлчашлар ишлатилади. Бу хусусда буюк олим Дмитрий Менделеевнинг қуйидаги сўзларини эслатиб ўтиш жоиз бўлади - «Ҳар қандай фан ўлчашлар билан бошланади». Маълумки, ўлчаш-ахборот воситаларининг ривожи илм-фан ва техниканинг, жумладан саноатнинг ривожи ва ютуқларини белгилайди.
Илмий изланишларда физикавий катталикларни ўлчаш ҳар хил ҳодисаларни текширишда ишлатилади ва бу натижалар кейинчалик техникада, қишлоқ ҳўжалигида, тиббиётда ва бошка соҳаларда қўлланилади. Шунинг учун одатда илмий текширишлар учун мўлжалланган асбоблар принципиал янгиликлари, тафовутлари билан ажралиб туради.
Тажриба мақсадидан унинг натижасигача бўлган йўл қанчалик қисқа бўлса, бу натижа шунчалик қимматроқ бўлиб, атрофимиздаги дунё қонуниятларини тезроқ аниқлаб, бизга, жамиятга муайян даражада кўпрок фойда келтиради. Илмий асбоблар яратишдаги тезкорлик ва янгилик талабларининг уйғунлиги илмий изланишларда автоматлаштирилган усуллардан ва принциплардан фойдаланиш эҳтиёжини юзага келтирди. Илмий ишлар автоматлаштирилган тизимларининг (ИИАТ) афзалликлари шундан иборатки, улардан олинаётган маълумот қайта ишланган ва умумлаштирилган тажриба натижалари, ҳамда текширилаётган ҳодисаларнинг математик моделини ўзида мужассамлаштирган бўлади.
ИИАТларни яратишдаги модуль (яъни агрегат) принципидаги қурилмалар учун умумлаштирилган ўлчашлар ҳисоблаш комплексларининг асоси ҳисобланади. Агрегатлаштириш ва умумлаштириш - кўп мақсадли ўлчаш ўзгарткичлари ва улар тўпламидан талаб қилинган функционал имконият ва тавсифли ўлчаш воситаларини ташкил қилиш мақсадида фойдаланишдан иборатдир. Асосан қуйидагилар умумлаштирилади: оралиқ ўзгарткичлар, ўлчаш ахборотларини қайта ишлагичлар ва кўрсаткичлар, кучайтиргичлар, берилган қийматларни узатувчи қурилмалар, аналог-рақамли ўзгарткичлар, туташтириш қурилмалари. Керакли ўлчаш воситасини йиғиш учун умумлаштирилган модуллар хар хил тузилишга эга бўлган агрегатларга бирлаштирилиши мумкин. Ҳозирги пайтда илмий ишларда қўлланилаётган ҳар хил умумлаштирилган тизимлар ишлаб чиқилган.
Шуни эслатиб ўтиш жоизки, умумлаштирилган тизимлар ўзларининг мутлоқ афзалликлари билан биргаликда баъзи бир камчиликларга ҳам эга. Булардан биринчиси- умумийликни юзага келтирувчи ҳар хил асбобларнинг кўплиги. Бу камчилик геофизик, космик, океанографик ва бошқа текширишлар учун динамик ўлчаш тизимларини ташкил этишда асосий тўсиқлардан биридир, чунки бу асбоблар иҳчамлик, енгиллик, кам истеъмол қуввати, юқори ишончлилик каби талабларга жавоб бермайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |