Ҳозирги ўзбек адабий тили ва унинг шеваларга муносабати. Ўзбек тили кўп диалектли тил ҳисобланади. Бу унинг мураккаб тарихий тарақиёт йўлини босиб ўтганлиги, бугунги ўзбек миллати ўтмишда хилма-хил этник таркибга эга бўлганлиги билан белгиланади.
Ўзбек миллий тилини ташкил этувчи турли-туман шеваларни уч лаҳжага бирлаштириш мумкин. Булар: 1)қарлуқ-чигил-уйғур лаҳжаси; 2)қипчоқ лаҳжаси; 3) ўғуз лаҳжаси.
Лаҳжалар ўзаро фарқли хусусиятларга эга. Бу фарқлар, айтилганидек, лаҳжаларнинг ҳар бири дастлаб ҳар хил қабила ёки қабила бирлашмаларининг тили бўлганлиги билан боғлиқдир. Бу тарихий жараённи бир томонлама тўғри англаган Й.Д.Поливанов ўзбек тилининг кўп диалектли тил эканлигини назарда тутиб: «Ўзбек миллий тили (ўзбек лаҳжаларининг бир бутунлиги, яхлитлиги сифатида) ягона тизимнинг, аслида ҳеч қачон амалда бўлмаган ўзбек бобо тилининг диалектологик парчаланиш йўли билан эмас, балки фарқланувчи тил тизимларининг бирлашуви йўли билан пайдо бўлган» - деган эди.
Ўзбек адабий тилининг тараққиётида ажралиш ва бирлашиш бир вақтда юз берган. Зеро, ХИВ асрга келиб, эски ўзбек тилининг бошқа туркий тиллардан фарқланиши, ажралиши кучайган. Бу, албатта, унинг ички лаҳжаларининг яхлитлана бошлаши, улар орасидаги фарқларнинг маълум даражада сусайиши билан белгиланади. Бу тарихий, ижтимоий-сиёсий жараёнлар билан боғлиқ ҳодисадир. Ўзбек тилининг диалект ва шевалари узоқ ўтмишда ўзбек халқининг тарихий тараққиёти билан боғлиқ равишда ўзаро умумийлик касб этиб, ягона ўзбек тилини ташкил этиб борган. Лекин улар ўз мустақиллигини таъминловчи фарқларни сақлаб қолаверган. Масалан, ўзбек тилининг қипчоқ лаҳжасида қипчоқ тилларининг хусусиятларидан бўлган сингармонизм тўлиқ сақланган. Шу боисдан унинг унли фонемалари миқдори 9 та. Сўз бошида й товуши ўрнида ж товуши қўлланилиши, ф товушининг деярли қўлланмаслиги, х товушининг ҳ тарзида эканлиги, сўз ўртаси ва охирида ғ товушининг в тарзида талаффуз этилиши, олтита келишик шаклининг тўлиқ сақланганлиги ва бошқа лексик фарқлар (чеча-янга, бўла-холавачча), тулуп (жунли иссиқ пўстин), лочира, ғилминди, кулчатой, жанчмич (овқат турлари) бу лаҳжанинг нисбий мустақиллигини кўрсатади. Бундай фарқларни қарлуқ-чигил-уйғур ва ўғуз лаҳжаларида ҳам кузаташ мумкин. Умуман олганда, лаҳжалар фонетик, морфологик ва лексик жиҳатдан ўзаро ва адабий тилдан фарқланиб туради. Лекин бундай ўзига хос тафовутларга қарамай, ўзбек тилининг барча шева ва лаҳжалариаро умумийлик устуворроқдир. Албатта, бу фарқлар ўзбек адабий тилини бойитишга хизмат қилади. Шу боисдан ҳам шева ва лаҳжаларга ўзбек миллий тилининг қуйи шакли ва ўзбек адабий тилининг ички имконияти сифатида қаралади ҳамда улардан унумли ва оқилона фойдаланиш талаб қилинади. Адабий тил эса миллий тилнинг юқори кўриниши сифатида мазкур имкониятнинг воқеланган маҳсулидир. Ўзбек миллий тилининг лахжалари орасида, одатда, қарлуқ-чигил-уйғур лаҳжаси адабий тилнинг таянч манбаси деб қаралади. Бу лаҳжага Тошкент, Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Ўш, Марғилон, Жалолобод, Термиз ва бошқа шаҳарларнинг шевалари киради. Баъзи олимлар ўзбек адабий тили меъёрларини белгилашда Тошкент шеваси фонетик жиҳатдан, Андижон, Фарғона шевалари морфологик жиҳатдан таянч шева деган бирёқлама фикрни илгари сурадилар. Аслини олганда, А.К.Боровков қайд қилиб ўтганидек, ўзбек тилининг бирорта шевасини ҳам адабий тилга ҳамма жиҳатдан асос бўлган деб айтиб бўлмайди. Чунки ўзбек тилининг барча лаҳжалари ўзбек адабий тилининг тараққиётига маълум бир даражада ҳисса қўшган. Бирининг таъсири кучайганда, иккинчисиники сусайган бўлиши мумкин. Масалан, Андижон, Фарғона шевалари ўзбек адабий тилига хос энг кўп тарқалган грамматик шакллардан бирини - ҳозирги замон феълининг -яп аффикси воситасида ясалувчи шаклини берган дейилади. Лекин бу шакл қипчоқ лахжаларида ҳам айнан шундай қўлланади. Шуниси характерлики, бир назарда адабий тилдан бирмунча узоқроқ деб тасаввур қилинадиган қипчоқ лаҳжаси морфологияси сингар-монизмдан, яъни фонетик ўзига хосликдан холи олинса, адабий тил морфологияси билан айнандир. Ёки адабий тилга фонетик жиҳатдан асос дейилган Тошкент шевасида х ва ҳ товушлари, қаратқич ва тушум келишиклари шакллари фарқланмайди. Қипчоқ шеваларида эса улар қатъий фарқланади. Қипчоқ шеваларининг адабий тил луғатини, хусусан, унинг чорвачилик атамалари тизимини ривожлантиришда, адабий тилнинг услубий имкониятларини бойитишда катта ҳиссаси бор. Масалан, қирқим, ўтов, тўл, саримой, чакки, чалоп, улоқ, совлиқ каби умумий ва чорвачилик атамалари, қуйруқ, бовур, оқ патир, товоқ, кулчатой, лочира сингари пазандачилик атамалари адабий тилга қипчоқ шеваларидан кириб келган.
Адабий тилининг ривожланишига ўзбек тилининг ўғуз лаҳжаси ҳам маълум даражада ҳисса қўшган. Бунинг учун адабий тилдаги ёшулли, ўғлон, буён, қайдин, қорагўз каби қатор сўзларни мисол сифатида келтириш кифоя. Демак, ўзбек адабий тилининг тарақиётида барча лаҳжа ва шевалар бирдай манба бўлиб хизмат қилган. Бунда уларнинг бирортасига устуворлик мақомини бериш маъқул эмас. Демак, маълум бир тилнинг қариндош тилларга ва шеваларига муносабатида икки хил - дифференциация ва интеграция жараёнларини кузатиш мумкин. Бугунги кунда адабий тил ва шевалар муносабатида муттасил интеграция жараёни кечаётир. Ўзбек халқининг ёппасига саводхонлиги, маиший ҳаётининг тубдан ўзгарганлиги, таълим тизимининг юқори даражадалиги, матбуот ва телевидениенинг ривожланганлиги, маданий соҳада амалга оширилаётган тадбирлар ўзбек адабий тили ва шеваларини бир-бирига яқинлаштирди. Халқ шеваларига адабий тил таъсирининг аста-секин сингиб бориши давом этаётир.
Do'stlaringiz bilan baham: |