IV босқич. ХХ асрнинг 80-йилларига келиб ўзбек тилшунослигининг амалий, фактографик босқичи тугалланган ва тўпланган бой далилий ашёни диалектик методология асосида ўрганишга кучли замин тайёрлаб, ўзи эса турғунлик ҳолатини бошдан кечирмоқда эди. Шу боисдан бутун собиқ шўро давлати ҳудудида олиб борилаётган ошкоралик ва қайта қуриш сиёсати ўзбек тилшунослиги фанини ҳам четлаб ўтмади. Ўзбек тилшунослигининг янги авлодлари Ҳ.Неъматов, Э.Бегматов, Н.Маҳмудов, А.Нурмонов, Р.Сайфуллаева, каби олимлар қайта қуриш шароитида ўзбек тилшунослигининг долзарб муаммолари бўйича республика ва иттифоқ матбуотида чиқишлар қилдилар. Кўтарилган масалаларни моҳиятан иккига бўлиш мумкин:
биринчидан, ўзбек тилшунослиги эмпиризмдан қутулиб, тил ҳодиса-ларини назарий тадқиқ қилиши, тилга система сифатида ёндашиб, лисон ва нутқни фарқлаши ва эмпирик асосларда ечими мумкин бўлмаган муоммаларни ҳал этиши лозим эди;
иккинчидан, узоқ йиллар давомида ўзбек тили иттифоқдаги туркий, қолаверса, бошқа тиллар каби рус ва Европа тиллари қолиплари асосида ўрганиб келинди. Уни ўз ички зотий табиатидан келиб чиққан холда алоҳида яхлитлик сифатида ўрганиш учун шарт-шароит вужудга келди. Қайта қуриш, ошкоралик ва истиқлол натижаси ўлароқ,миллий тилшуносликлар, бошқа миллий фанлар каби, коммунистик мафкура кишанларидан халос бўлди. Ўзбек тилининг барча соҳаари бўйича қатор тадқиқотлар юзага келди. Бу борада Ҳ.Неъматов, Н.Маҳмудов, Ғ.Зикриллаев, А.Нурмонов, Р.Сайфуллаева, О.Бозоров, Ш.Шаҳоиддинова, М.Қурбонова каби назариётчи тилшуносларнинг ишлари алоҳида эътиборга моликдир. Улар ўз тадқиқотларида ўзбек тилининг зотий табиатини очиб беришни мақсад қилиб қўйдилар. Шу тарзда янги истиқлол ўзбек тилшунослиги шаклланди ва қисқа муддатда улкан ютуқларни қўлга киритди. Улар асосида ўрта мактаб она тили дарсликлари бутунлай янгиланди. Бу ютуқлар нималарда кўзга ташланди?
Биринчидан, лисон ва нутқ фарқланмаслиги натижасида тилшунос-лигимизда фонема ва товуш, морфема ва қўшимча, лексема ва сўз каби атамалар моҳиятидан келиб чиқилмаган ҳолда, муқобил атамалар сифатида ишлатилар эди. Лисон ва нутқнинг фарқлануви уларни қатъий тартиблаштирди.
Иккинчидан, лисон ва нутқни фарқлаш грамматикада умумий ва хусусий маънони фарқлаш талабини қўйди. Шунга кўра, фалсафанинг умумийлик ва хусусийлик диалектикаси асосида ўзбек тили граматик категориялари тадқиқ қилинди. Учинчидан, сўз туркумлари таснифи тилшунослигимиздаги энг чигал масалалардан бири эди. Масалан, ўзбек тилида олмош барча мустақил сўз туркумларини, қолаверса, гап ва матнни ҳам алмаштира олса-да, у рус тилидагидек от, сифат, сон туркумларига хос сўзлар алмаштирувчиси сифатида талқин қилинар эди. Бу нуқсоннинг асосизлиги илмий исботини топди.
Тўртинчидан, грамматик қўшимчалар моҳияти ҳам, уларнинг номланиши ҳам ўзбек тилининг табиатига ёт эди. Шу боисдан сўз ўзгартирувчи ва шакл ясовчи атамалари остида ўрганилувчи ҳодисалар қайта кўриб чиқилди ва синтактик шакл ҳосил қилувчилар ҳамда луғавий шакл ҳосил қилувчилар, луғавий-синтактик шакл ҳосил қилувчилар атамаси остида қайта таснифланди.
Бешинчидан, тақлидларнинг сўз туркумлари сирасида тутган ўрни ҳам ўзбек тили табиатига ёт эди. Унга чуқур илмий таҳлиллар асосида мустақил сўзлар орасидан ўрин берилди.
Олтинчидан, гап маркази тушунчаси фанга киритилиб, у асосда ўзбек тилининг гап қурилишига хос зотий моҳияти очилди ва ўзбек тилида гап қурилиши [кесим] қолипига эга эканлиги тан олиниб, унинг [эга-кесим] қолипли рус ва бошқа тиллардан фарқи асосланди.
Еттинчидан, қўшма гап таснифи ва таркибини белгилашда ҳам ўзига хос ва янгича иш тутилди. Бунда гап маркази тушунчасига, туркий, хусусан, ўзбек тилида ривожланган кесимлик шаклларига асосланилди.
Савол ва топшириқлар:
1. Алишер Навоийнинг тил, сўз ҳақидаги ҳикматларини дафтарингизга кўчириб, уларнинг мазмунини ўз сўзларингиз билан изоҳланг ва ҳикматларни ёд олинг.
Тил жамиятда қандай вазифаларни бажаради?
Дунёни англаш ҳамда билим олишда тилнинг ўрнини асосланг.
Тил ва нутқ ўртасида қандай фарқлар бор?
Ўзбек тилининг тараққиёти қандай омилларга боғлиқлигини изоҳланг.
Do'stlaringiz bilan baham: |