“Кейин ўша куни неъматлар ҳақида, шак-шубҳасиз, сўраласиз”
(“Такосур” сураси, 8-оят).
Оятдаги неъматлардан мурод барча моддий, маънавий неъматлардир. Жумладан, қорин тўқлиги,
муздек сув, соя-салқин жойлар, тана гўзаллиги, уйқудаги роҳат-фароғат, бадан – қўл, оёқ, кўз, қулоқ каби
аъзолар саломатлиги, хотиржамлик, тинчлик, фаровонлик ва ҳоказо.
Абу Барза Асламий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:
“Қиёмат куни банда умрини қандай (ишлар билан) ўтказгани, илмига қандай амал қилгани, молини
қаердан топиб, қаерга сарфлагани, танасини қайси (ишларда) қаритгани ҳақида сўралмагунича икки
қадами (олдинга) силжимайди” (Термизий, Доримий, Байҳақий ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).
Охиратда банда ҳисоб қилинадиган жойга келганида умрини қандай ўтказгани ҳақида сўралади:
тоатда ўтказдими ёки маъсиятдами? Вақтини беҳуда ишларга сарфламадими?
Кейин илми ҳақида сўралади: билганига амал қилдими? Амални Аллоҳ розилиги учун бажардими
ёки унга риё аралашдими?
Кейин мол-дунё ҳақида сўралади: бойликни ҳалолдан топдими ёки ҳаромданми? Уни қайси
йўлларга сарфлади: яхшиликками ёки исрофга, бидъат-хурофотларга, гуноҳ-маъсиятга ишлатдими?
Шундан сўнг танаси ҳақида сўралади: уни гуноҳ ишлар қилиб қаритдими ёки Аллоҳнинг тоатида
чарчатдими? Белидан мадор, кўзидан нур қайси мақсадда кетди: тоат-ибодат йўлидами ёки гуноҳ-
маъсият йўлидами?.. Банда охиратда шундай саволларга жавоб беради.
Жавоб:_Ҳа,_рост._Савол'>Савол-жавоблар
Савол:
Бир тоифа мўминлар охиратда ҳисоб-китобсиз жаннатга киради, дейилади. Шу гап ростми?
Жавоб:
Ҳа, рост.
Савол:
Тириклигида қилган амаллари ҳақида сўралмай туриб жаҳаннамга ташланадиганлар ҳам
бўладими?
Жавоб:
Ҳа.
Савол:
Маълумки, жисмоний камчиликларга эга одамлар ҳам мавжуд. Масалан, кимнингдир қўли,
кимнингдир икки оёғи йўқ. Бошқасининг кўзлари кўрмайди ёки қулоғи эшитмайди, кимдир гапира
олмайди. Бундай одамларнинг охиратдаги савол-жавоби қандай бўлади?
Жавоб:
Аллоҳ таоло ҳеч кимнинг зиммасига тоқатидан ортиқ вазифани юкламайди, ҳар бир
бандага имкони бор нарсани буюради. Мисол учун, соқов одамдан: “Нега Қуръон ўқимадинг?” деб
сўралмайди. Чунки соқовлиги учун Қуръон ўқий олмайди. Шундай бўлса-да, аъзоларида нуқсони
борларга енгиллик берилади, Аллоҳ таоло амрларини кучи етганича бажаради. Охиратда ҳисоб-китоб
ҳам шунга қараб бўлади.
Диннинг асосий устунларидан бири намоз мисолида олсак, тик туриб ибодат қилишга имкони
йўқлар намозни ўтириб ўқиши мумкин. Агар ўтиришга ҳам ҳоли келмаса, ёнбошлаб, ҳатто чалқанча ётиб
ўқишга ҳам рухсат берилган.
Демак, ҳар ким ўзи бажара оладиган ишларга масъулдир. Ҳеч ким кучи етмайдиган амалларни
қилмагани учун жазоланмайди. Зеро, Аллоҳ адолатли, Меҳрибон Зотдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |