Элдор Ёқубов: Анъанага кўра, сувдан фойдаланиш иккала мамлакат учун ҳам энг оғриқли масалалар сирасига киради. Бироқ ўзаро манфаат, конструктив ҳамкорлик, ўрнини қоплаш механизмини ишга тушириш, иккала томоннинг ҳам манфаатларини ҳисобга олиш томонларнинг ҳозирги тутган мавқеини акс эттиради. Сувдан фойдаланиш бевосита энергетика билан ҳам боғлиқ, Ўзбекистоннинг Тўқтағул сув омборидаги сувни сақлашдан кўриладиган зарарни электр қуввати етказиб бериш билан қоплашга тайёр экани, ўзаро тушуниш, минтақанинг сув ресурслари камайиб бориши ва сув танқислиги сингари омилларни ҳисобга олишга ҳозирлиги мулоқот ва конструктив ҳамкорликнинг янги имкониятларини намойиш қилмоқда.
Ўзбекистоннинг Қамбарота ГЭС-1 қурилишига инвестиция киритишга тайёрлиги ўзбек томонининг сувдан фойдаланишнинг мақбул ва ўзаро манфаатли шартларига эришиш йўлидаги ишончини акс эттиради ҳамда бу трансчегаравий дарёларда янги гидроэнергетика объектлари қуришга розилик бермасликдай олдинги мавқеидан кескин фарқ қилади.
Ҳозирги вақтда сувдан фойдаланиш муаммолари икки мамлакат миқёсидаги сув таъминоти ва электр қуввати етказиб бериш даражасидаги можаро келтириб чиқарувчи вазият сифатида баҳоланаётгани йўқ. Эътибор маркази чегарабўйи туманларидаги сувдан фойдаланишнинг маҳаллий масалалари ва қирғиз томонининг чегараларнинг делимитация ва демаркация қилиш бўйича келишувларни бажариши томон силжиб кетди.
Экспертлар орасида бирлашган энергетика тизимини (БЭТ) тиклаш мавзуси тез-тез кўтарилиб турибди. Сизлар ушбу фикрга қандай қарайсизлар? БЭТни тиклаш тизими инқирозга юз тутишидан олдин бўлганидек, нафақат Қирғизистон билан Ўзбекистон, умуман олганда, минтақадаги сув муаммоларини ҳал этиши мумкинми? Шерадил Бақтигулов: Бирлашган энергетика тизими асосида “сув энергия ресурслари эвазига” (биринчи навбатда бензин ва дизел ёнилғиси) формуласи ётади. Ушбу формуласиз ягона инфратузилма яратиш СССР инқирозга юз тутгандан сўнгги ҳолатдаги каби муваффақиятсизликка олиб келади. Ушбу формула иш бермай қўйгани ортидан БЭТ ҳам кўп ўтмай барҳам топди. Жаҳон банки БЭТни тирилтириш бўйича CASA-1000 лойиҳаси (электр қувватини Қирғизистон ва Тожикистондан Афғонистон билан Покистонга узатиш) кўринишида яна бир марта тирилтиришга уриниб кўрди. Унга электр қувватини харид қилиш-сотиш асос қилиб олинган. Лойиҳанинг муаммоли жиҳати нарх-наво ва тўловни тартибга солувчи идора (регулятор) масаласи ҳал этилмаганидир.
БЭТ инфратузилмасини ташкил этиш – ҳал қилса бўладиган масала. Асосий ва ҳал этилиши даргумон бўлган бошоғриқ янги БЭТ қайси формула асосида иш юритишидир.
Элдор Ёқубов: Бирлашган энергетика тизими, назаримда, интеграция ғоялари, ёки ҳатто “Марказий Осиё руҳи” муваффақиятли амалга ошиши билан чамбарчас боғлиқ истиқболдир. “Марказий Осиё руҳи” атамаси муносабатлардаги конструктив ҳамкорлик ва хайрихоҳлик муҳитини акс эттириши керак.
Ҳозирги пайтда қисман ишлаб турган тизим илгари мавжуд бўлган ягона энергетика ҳалқаси ўрнини боса олмаяпти, бу иштирокчи мамлакатлар фақат яхши шароитни таъминлашга қодир бўлган йўналишлардагина ҳамкорлик қилишга тайёр эканини кўрсатади.
Бирлашган энергетика тизимини тўлиқ тиклаш ва созлаш учун умумий энергетика бозорини қайта яратиш, мамлакатларнинг ишлаб чиқариш ва эҳтиёжларини мувозанатли ҳолатга келтириш ҳамда эришилган битимларга амал қилиш зарур бўлади, айни ҳолат минтақа давлатлари ўртасидаги ишонч даражаси юқорилиги ва маълум маънодаги уларнинг бирдамлиги бўлиши билан боғлиқ. Ҳозирча бундай тизимни келгусида икки томонлама ёки уч томонлама даражада тиклаш учун дастлабки шартлар борлигини кўриш мумкин, холос.
Саволларимиз орасида минтақавий интеграция ҳақидагиси ҳам бўлади одатда. Қирғизистонда Марказий Осиёдаги минтақавий кооперация истиқболлари (қарор қабул қилаётган шахслар даражасида) қандай баҳоланмоқда?