Шерадил Бақтигулов: Энг аҳамиятга молик қўшма лойиҳалардан бири сифатида низом жамғармаси 50 миллион АҚШ доллари бўлган қирғиз-ўзбек инвестиция фондини қайд этиш жоиз, келгусида ушбу миқдорни 200 миллиолн долларга етказиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, 2021 йил мартида Тошкентда қирғиз-ўзбек форуми бўлиб ўтди ва натижада экспортни ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга оид 13 та икки томонлама ҳужжат имзоланди. Бу ўринда Қирғизистоннинг ўзига хослиги кўзга ташланмоқда – Қирғизистондан бошқа мамлакатларга фақат жисмоний шахсларнинг инвестициялари киритилмоқда.
Ўзбекистон томони маълумотларига кўра, биз савдо-сотиқ ва иқтисодий алоқаларни кенгайтиришда ҳам яхши натижаларга эришдик. Хусусан, 2016 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан товар айланмаси 3,5 баробар ўсиб, 903 миллион долларга етди. Мамлакатлар ўзаро товар айланмаси миқдорини 2 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда. Эътиборли жиҳати шуки, пандемияга қарамай, мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама савдо-сотиқ 2020 йилда ҳам ўсди. Шундай қилиб, ўтган йилда товар айланмаси ўсиши, 2019 йил билан солиштирганда, 8,9 фоизни ташкил қилди.
Муҳими, бугун Ўзбекистон ўз бозорларини очибгина қолмасдан, бирга ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича амалий чоралар ҳам кўрмоқда. Айни чоқда Ўзбекистонда қирғиз сармояси иштирокидаги 187 та корхона бор (улар сони 2016 йилда 49 та бўлган), шулардан 98 таси қўшма корхона ҳисобланади.
Элдор Ёқубов: Ўзбекистон билан Қирғизистон етакчиларининг ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган сиёсий иродаси савдо-сотиқ инвестициялар соҳасидаги ижобий ўзгаришларга эш бўлмоқда. Икки мамлакатнинг савдо-сотиқ муносабатларида ҳам ижобий динамика кузатилмоқда. Гарчи ўзбек ва қирғиз томонларининг статистика мамълумотларида тафовутлар кузатилаётган бўлса-да, ушбу соҳада сўзсиз ва барқарор ўсиш бўлаётгани яққол кўзга ташланиб турибди. Инвестиция соҳасида 550 миллион доллардан ошиқ миқдордаги лойиҳалар амалга оширилмоқда, бу иккала мамлакат учун ҳам сезиларли пул миқдоридир.
Шунга қарамай, Қирғизистон билан Ўзбекистон вакиллари учрашувлар чоғида савдо-сотиқ муносабатлари соҳасида потенциал ва ҳали ҳамкорликни ривожлантириш керак бўлган соҳалар борлигини таъкидлаб келади. Мамлакатлар ўзаро савдо-сотиқ айланмасини 2 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда, инвестициялар соҳасида Қамбарота ГЭС-1 энг қамрови катта лойиҳа ҳисобланади. Иккала мамлакат учун стратегик жиҳатдан муҳим бўлган бундай режаларни амалга ошириш зарур ресурс талаб қилади ва эҳтимол уларни амалга ошириш қандайдир янги, ҳали унча аниқ бўлмаган имкониятлар қидириб топишни талаб қилар. Ўзбек-қирғиз тараққиёт жамғармасининг ҳозирча кичик миқдордаги – 50 миллион долларлик маблағ билан таъсис этилиши ҳамкорликнинг янги босқичи учун яхши асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |