Ўқув мақсадларига асосланганлик. Самарали баҳо-лашнинг асосий тамойили ўқув мақсадларига асосланганлик ҳисобланади. Баҳолашнинг сифати ўқув мақсадларига тўғридан-тўғри боғлиқдир. Ўқув мақсадлари баҳолаш мазмунини аниқлаб беради. Ўқув мақсадларининг қўйилиш даражасига қараб, баҳолашнинг шакли ва усуллари танланади. Шунингдек, ўқув мақсадларига эришиш учун бажарилган фаолият натижаси, баҳолаш мезонларини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга.
Ҳар қандай баҳолаш тизими лойиҳалаштирилаётганда, баҳолаш топшириқлари берилган таълим мазмуни доирасида бўлиши талаб этилади. Баҳолашни лойиҳалаштираётганда, ҳар доим қуйидаги икки саволни эътиборга олиш лозим:
Баҳолаш топшириқлари таълим жараёнидан кўзланган ўқув мақсадларини тўла акс эттирадими?
Ўқув мақсадлари даражасига баҳолаш шакллари, усуллари ва мезонлари тўғри танландими?
Масалан, йўл ҳаракатлари қоидалари бўйича олган билимларни баҳолашда ёзма тест олиш усули мос келиши мумкин. Лекин, ундан машинани бошқариш малакаларини баҳолашда фойдаланиб бўлмайди. Бу малакалар оғзаки ёки ёзма эмас, балки амалий фаолиятга асосланган баҳолаш усули ёрдамида баҳоланиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Ҳақиқийлик. Ўқув мақсадида кўзда тутилган натижагина баҳолашга қаратилган топшириқ ёки тест ҳақиқий ҳисобланади. У баҳоланиши лозим бўлган билим ва кўникмалар соҳасидаги натижаларга қаратилган бўлиши лозим.
Таълим олувчи эришган натижалар тўғрисида асосланган ҳамда ишончли ахборотлар берилиши керак. Таълим олувчи эгаллаган билим, малака ва кўникмалар ҳамда шахсий фазилатларни ўлчаш имконини берадиган методлардан фойдаланиш зарур.
3. Ҳаққонийлик (объективлилик). Баҳолаш тизими ўқув мақсадларига мос бўлиши, шунингдек баҳолаш шарт-шароитлари ва мақсадлари билан талабалар олдиндан танишган бўлишлари лозим. Таълим олувчиларга бир хил мураккабликдаги ҳамда ҳажмдаги топшириқлар берилиши керак.
4. Ишончлилик. Натижаларни баҳолаш мобайнида ҳар хил усуллардан фойдаланиш мумкин. Лекин, бу усулларни танлашга қўйиладиган асосий шарт ишончлилик ҳисобланади. Усул ишончли бўлиши учун баҳолаш асосли ва аниқ маълумотларга асосланган бўлиши зарур. Бунда топшириқ ёки тестнинг ўрганиш мақсадларини назорат қилишга йўналтирилганлиги қанчалик ишончли эканлиги назарда тутилади.
Баҳолаш ишончли бўлиши учун таълим олувчиларда бир-бирига ўхшаш, аммо ҳар хил шароитларда баҳолаш ўтказилганда, натижалари бир хил бўлиши керак. Баҳолаш методининг ишончлилиги турли методларнинг натижалари билан таққослаш орқали аниқланади. Баҳолаш тизими ишончли бўлиши учун турли экспертлар ёрдамида турли вақтларда баҳолаш ўтказилганда, унинг натижалари бир-бирига ўхшаш бўлиши керак.
Баҳолаш ишончлилигининг икки томони бор:
Баҳолаш усулининг ишончлилиги. Агар фойдаланилаётган баҳолаш усулининг ишончлилиги юқори бўлса, талабанинг ўзлаштириш даражаси баҳолашнинг ҳар хил усулларидан фойдаланганда ҳам ўзгармай қолади (олинган натижалар бир хил, ўзгармас бўлади).
Баҳолашнинг ўзлаштириш даражасини баҳолаш усулларининг ишончлилиги деб, баҳолаш бошқа жойда ва бошқа имтиҳон олувчи томонидан ўтказилганда ҳам, унинг бир хил бўлиши, ўзгармаслиги тушунилади.
Баҳолаш усулларининг ишончлилик даражаси қуйидаги ҳолатларда кўпроқ бўлади:
ҳамма таълим олувчилар қўйилган талабни аниқ тушунса;
баҳолаш шартлари олдиндан маълум қилинса ва унга риоя қилинса;
ҳамма натижалар баҳолашнинг олдиндан келишилган мезонлари тўла асосланган бўлса;
-тасодифий хатоларни камайтириш мақсадида мос баҳолаш турлари қўлланилса.
Do'stlaringiz bilan baham: |