3. Модулдаги назарий ва амалий ўқув материаллар, изоҳлар, луғатлар. Назарий ўқув материалида модулга тегишли фаолият тури назарий жиҳатдан ёритилиши керак. Модулда ўрганилиши лозим бўлган бирон бир машина ёки қурилманинг тузилиши ва ишлаш принципи ёки таъмирлаш ҳамда созлаш усуллари, фаолият тури бажариладиган технологик жараёнлар, маҳсулотларга ишлов бериш усуллари ва кетма-кетлиги, меҳнат хавфсизлиги қоидалари назарий жиҳатдан тўлиқ ёритилиши керак. Амалий ўқув материалларида модулни ўзлаштиришда ва мустақил тарзда билимлар олишда талаба бажарадиган амалий фаолият усуллари, тажриба, экспериментларни ўтказиш методлари баён қилиниши ҳамда кўрсатмалар, тавсиялар берилиши керак. Шунингдек, таълим олувчиларда касбий кўникма ва маҳоратларни шакллантириш учун ҳақиқий объектлар билан ўзаро ҳаракат усуллари ва ҳаётий тажрибалар батафсил баён этилади. Талабаларнинг бевосита амалий ишларни бажаришлари учун шундай услубий тавсиялар берилиши керакки, ундан талабалар маълум кўникма ва маҳоратларни эгаллашлари учун ўзларининг билимларини амалиётга қўллашни ўрганишлари керак.
Назарий ва амалий матнларда модул мазмуни аниқ акс эттирилиши, талабаларга кейинги модулга ўтишда қизиқишни уйғотиши ва таассурот қолдирадиган бўлиши керак. Матннинг тили ва тушунарлилиги касб-ҳунар коллежлари талабалари ёшига мос келиши керак.
Модулда изоҳлар, луғатлар берилиши ўқув материалини ўзлаштиришни осонлаштиради.
Изоҳлар, талабаларнинг модулни мустақил ўрганишлари учун, шароитлар яратиб бериши керак. Изоҳлар маълумотлар кўринишида расмийлаштирилади. Бироқ шуни ҳам инобатга олиш керакки, изоҳларнинг ҳажми катталиги ва даврий такрорланиши таълим олувчиларга фикрларини бир жойга жамлашни қийинлаштиради, материални тўлиқлигича қабул қилишларини қийинлаштиради, асосий матнга диққатни жалб қилишга халақит қилади.
Модулни ўзлаштиришда атамашунослик, таржимали ва техни-кавий луғатларнинг берилиши матндаги янги атамалар, атамаларни тушунишга ёрдам беради.
4. Саволлар, тестлар, топшириқлар ва машқлар. Ҳар бир модулда талабаларнинг ўз-ўзини текшириш ва билимларини мустаҳкамлаш учун саволлар, тестлар, мустақил ишлаш учун амалий топшириқлар ёки машқлар ва уларни бажариш учун услубий кўрсатма тавсиялар бўлиши керак. Саволлар талабаларни билим олишга қизиқишларини, мустақил фикрлаш фаолиятини ривожлантиришга, таққослаш, синтез, таҳлил қилиш усулларидан фойдалана олиш маҳоратларини шакллантиришга йўналтирилган бўлиши керак. Тестларни қуйидаги йўналишларда тузилиши тавсия этилади:
модулнинг ўқув мақсадларига эришилганлигини аниқлаш тестлари;
интеллект ва қобилиятларни аниқлаш тестлари;
таълим олувчининг касбига лаёқатли эканлигини аниқлаш тестлари;
таълим олувчининг мотив, ижтимоий қадриятлари ва қарашларини аниқлаш тестлари.
Топшириқ ва тестларни қуйидаги муҳим мезонлар бўйича тузиш тавсия этилади:
1. Ҳақиқийлик. Текширилиши керак билим ёки қўшимча мазмунан қаратилган топшириқ ёки тест ҳақиқий ҳисобланади. У баҳоланиши лозим бўлган билим ва кўникмалар соҳасидаги натижаларга қаратилган бўлиши лозим. Бунда ўрганиш мақсадига нисбатан мазмуний алоқадорликни яратиш назарда тутилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |