Суднинг ҳал қилув қарори
Даъво талаби қисман қаноатлантирилсин.
Жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига 4 000 000 сўм жарима ундирилсин.
Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилсин.
Шарҳ
Суд томонидан кўрилган мазкур ишда низонинг моҳиятини аниқлашда қуйидаги ҳолатларга эътибор қаратиш муҳимдир:
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда – ФК деб юритилади) 234-моддасининг иккинчи қисмига асосан мажбуриятлар – бошқа асослар билан бирга шартномадан ҳам келиб чиқади. Мазкур низо банк ҳисобварағи шартномаси талаблари бузилганлиги оқибатида келиб чиққан.
Қайд этилган Кодекс 771-моддасининг биринчи қисмига асосан, банк ҳисобварағи шартномаси бўйича бир тараф - банк ёки бошқа кредит муассасаси (бундан буён матнда - банк) иккинчи тарафнинг - мижознинг (ҳисобварақ эгасининг) ҳисобварағига тушаётган пул маблағларини қабул қилиш ва киритиб қўйиш, мижознинг ҳисобварақдан тегишли суммаларини ўтказиш ва тўлаш ҳамда ҳисобварақ бўйича бошқа операцияларни амалга ошириш ҳақидаги фармойишларини бажариш мажбуриятини олади.
Тарафлар ўртасида банк ҳисобварағи шартномаси тузилган. Шартнома шартларига кўра, банк муассасаси даъвогарга банк хизматларини ўрнатилган тартибга риоя қилган ҳолда кўрсатиши, даъвогар эса кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларни амалга ошириб бориши мажбуриятини олган.
Мазкур шартнома шартларига кўра, даъвогар томонидан банк муассасасига 200 000 сўм пул маблағини ўзининг ҳисоб-рақамидан электр энергияси учун кўчириб бериш ҳақидаги тегишли тўлов топшириқномаси тақдим этилган бўлса-да, банк муассасаси бу топшириқ ижросини 8 кун ўтгандан кейин таъминлаган.
Қайд этилган Кодекс 776-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, мижоз номидан ҳисобварақдаги маблағларни ўтказиш ва бериш ҳақида кўрсатма берадиган шахсларнинг ҳуқуқлари мижоз томонидан банкка қонунда назарда тутилган, қонунга мувофиқ банк қоидалари ҳамда банк ҳисобварағи шартномаси билан белгиланган ҳужжатларни тақдим этиш йўли билан тасдиқланади.
Мазкур модданинг учинчи қисмига кўра, банк ҳисобварағи шартномасида ҳисобварақда турган пул маблағларини тасарруф этиш ҳуқуқини электрон тўлов воситаларидан ҳамда уларда мижознинг ўз имзоси, кодлари, пароллари ҳамда фармойиш тегишли ваколати бўлган шахс томонидан берилганлигини тасдиқлайдиган бошқа воситаларнинг ўхшатмаларидан фойдаланилган бошқа ҳужжатлар билан тасдиқлаш назарда тутилган бўлиши мумкин.
Шунга кўра, даъвогар жавобгардан 9 775 400 сўм жарима ундириш ҳақида судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.
ФК 333-моддасининг биринчи қисмига кўра, қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради.
Тарафлар ўртасида тузилган банк ҳисобварағи шартномасида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2001 йил 30 июнда 1044-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2001 йил 23 июндаги 493-сон қарорига илова “Мижозларга ҳисобварақлар очиш, уларнинг ҳисобварақларига пул маблағларини ҳисобга киритиш ва ҳисобдан чиқариш, иш ҳақи ва қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган бошқа эҳтиёжлар учун нақд пул маблағларини беришнинг ўрнатилган тартибларини бузганликлари учун тижорат банкларига жарима санкцияларини қўллаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 6-банди биринчи хатбошисига кўра, қонунчиликда ўрнатилган мижозлар ҳисобварақларига пулларни ҳисобга киритиш ва ҳисобдан чиқариш тартибини бузганлик учун, электрон тўловларни амалга оширишнинг ва хато амалга оширилган электрон тўловларни қайтаришнинг ўрнатилган муддатларини бузишни истисно этган ҳолда, банк устав капиталининг энг кам миқдорининг 0,01 фоизи миқдорида жарима тўлайди.
Низомнинг 6-банди иккинчи хатбошисига кўра эса электрон тўловларни амалга оширишнинг қонун ҳужжатларида ўрнатилган муддатлари банк томонидан бузилган тақдирда, у мижозга кечиктирилган ҳар бир кун учун кечиктирилган электрон тўлов суммасининг 0,1 фоизи миқдорида, лекин кечиктирилган электрон тулов суммасининг 10 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлаши шарт.
Низомнинг 6-банди учинчи хатбошисига кўра, банкнинг айби билан электрон тўлов нотўғри амалга оширилган тақдирда, у маблағни хатолик аниқланган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан олувчининг ҳисобварағига ўтказиши шарт. Акс ҳолда, мижоз банкдан маблағларни қайтаришни, шунингдек кечиктирилган ҳар бир кун учун нотўғри амалга оширилган электрон тўлов суммасининг 0,1 фоизи миқдорида, лекин нотўғри амалга оширилган электрон тўлов суммасининг 10 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлашни қонунда белгиланган тартибда талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Низомда кўрсатилган жавобгарлик чоралари томонлар ўртасида тузилган банк ҳисобварағи шартномасида ҳам ўз аксини топган.
ФКнинг 778-моддасига кўра, агар қонунда ёки банк ҳисобварағи шартномасида бошқача муддатлар белгилаб қўйилган бўлмаса, банк тегишли тўлов ҳужжати банкка тушган куннинг эртасидан кечиктирмасдан тушган пул маблағларини ҳисобвараққа киритиб қўйиши, мижознинг топшириғига мувофиқ ҳисобварақдан пул маблағларини қўлга бериши ёки ўтказиши шарт. Ҳисобварақ бўйича операцияларни амалга ошириш муддатларини бузиш банк учун ушбу Кодекснинг 327-моддасида назарда тутилган оқибатларни келтириб чиқаради.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, шартнома шартларига кўра, даъвогар томонидан банк муассасасига 200 000 сўм пул маблағини ўзининг ҳисоб-рақамидан электр энергияси учун кўчириб бериш ҳақидаги тегишли тўлов топшириқномаси тақдим этилган бўлса-да, банк муассасаси бу топшириқни муддатидан кечиктириб, яъни 8 кун ўтгандан кейин ижросини таъминлаган.
Олий хўжалик суди Пленумининг “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2007 йилда 15 июндаги 163-сонли қарорида “Судлар неустойкани ундириш тўғрисидаги даъволарни ҳал қилишда неустойка миқдорининг қонун талабларига мувофиқ ҳисобланганлиги, унинг асослилиги, мажбурият бузилиши оқибатларига мутаносиблиги каби ҳолатларни ҳар томонлама ва чуқур муҳокама қилиб, талаб қилинган неустойканинг адолатли миқдорини белгилашлари шарт” - деб тушунтириш берилган. Даъвогар томонидан талаб қилинган жарима тегишли ҳисоб-китоб билан тасдиқланган.
Суд, даъвогар томонидан талаб қилинган жарима шартнома асосида келиб чиққан бўлиб, низонинг юзага келишида жавобгарнинг тўлиқ айби мавжуд деб ҳисоблаган. Жумладан, жавобгар мижозни тегишли пул маблағларини ўтказиш ҳақидаги топшириғини шартномада белгиланган муддатидан кечиктириб бажарган.
ФКнинг 326-моддасига кўра, агар тўланиши лозим бўлган неустойка кредиторнинг мажбуриятни бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб турса, суд неустойкани камайтиришга ҳақли.
Бу ҳақда, Олий хўжалик суди Пленумининг “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2007 йил 15 июндаги 163-сонли қарорининг 4-бандида ҳам тушунтириш берилган.
Шу сабабли, суд қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб, даъвогарга тўланиши лозим бўлган жарима миқдорини камайтириб, уни 4 000 000 сўм миқдорида қаноатлантириш асосли деб ҳисоблаган.
Жавобгарнинг тарафлар ўртасида тузилган банк ҳисобварағи шартномаси шартлари жавобгар томонидан тўлиқ бажарилганлиги, яъни мижоз томонидан тўлов топшириқномаси электрон шаклда берилганлиги, ундаги хатолар мавжуд бўлганлиги сабабли қайтарилганлигини, кейинчалик, яъни хатолар бартараф этилгандан сўнг тўлов амалга оширилганлигини ҳақидаги важлари тегишли ҳужжатлар билан исботланмаган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 68-моддасининг биринчи қисмига кўра, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. Шу сабабли суд жавобгарнинг ушбу важларини асоссиз деб топган.
Иш ҳужжатларига кўра, мижоз томонидан тўлов топшириқномаси банк муассасасига электрон шаклда эмас, балки қоғоз кўринишида мижознинг тегишли муҳри ва имзоси билан тасдиқланган ҳолатда тақдим этилган ва у банк муассасаси томонидан қабул қилиб олинган. Тўлов топшириқномасини расмийлаштирилиши билан боғлиқ хатоликлар аниқланмаган.
Қайд этилганларга кўра, суд томонидан даъвогарнинг даъво талаблари қисман қаноатлантирилган.
* * *
Маҳсулот етказиб бериш шартномасига асосан етказиб берилган маҳсулот ҳақи ўз вақтида тўлаб берилмаганлиги, маҳсулот етказиб берувчининг етказиб берилган маҳсулот ҳақини ҳамда тўловни кечиктирганлик учун ҳисобланган пеняни ундириш ҳақидаги даъво талабларини қаноатлантириш, шартноманинг бир қисмини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги қарши даъво талаби тегишли ҳужжатлар билан исботланмаса, уни қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |