Жавобгарнинг важлари
Жавобгарнинг вакили даъвогар ходимлари томонидан ўтказилган ўрганишда жавобгарга тегишли бўлган 2 та Д 50 мм бўлган ёнғин ўчириш крани тамғаланмаганлиги, ушбу кранлар ҳисобда йўқлиги аниқланганлиги юзасидан далолатнома тузилганлигини, лекин жавобгар мазкур объектни сотиб олган вақтида 2 та Д 50 мм бўлган ёнғин ўчириш крани мавжуд бўлганлигини ва улардан далолатномада кўрсатилган муддатларда фойдаланмаганлигини таъкидлаган.
Даъвогар томонидан ушбу далолатномаларга асосан қилинган қайта ҳисоб-китоб қонун ҳужжатларига асосланмаганлиги сабабли даъво аризасида кўрсатилган асосий қарз ва пеня ундириш ҳақидаги даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш лозим, деб ҳисоблаган.
Суднинг ҳал қилув қарори
Даъво талаблари қисман қаноатлантирилсин.
Жавобгардан даъвогар фойдасига 6 490 560 сўм асосий қарз ундирилсин.
Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилсин.
Шарҳ
Суд томонидан кўрилган мазкур ишда низонинг моҳиятини аниқлашда қуйидаги ҳолатларга эътибор қаратиш муҳимдир:
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда – ФК деб юритилади) 234-моддасининг иккинчи қисмига асосан мажбуриятлар - шартномадан … келиб чиқади. Мазкур низо ичимлик сувини етказиб бериш ва оқава сувларни қабул қилиш шартномаси талаблари бузилганлиги оқибатида келиб чиққан.
Ушбу Кодекс 236-моддасига мувофиқ, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
Тарафлар ўртасида тузилган ичимлик сувини етказиб бериш ва оқава сувларни қабул қилиш ҳақидаги шартнома шартларига кўра, даъвогар жавобгарни ўз вақтида ичимлик суви билан таъминлаш, жавобгарга эса истеъмол қилинган ичимлик суви бўйича тўловларни амалга ошириш мажбуриятини олган.
Даъвогар ходимлари томонидан жавобгарнинг ичимлик сувидан фойдаланиш ҳолати ўрганилганда, жавобгар ҳудудида 2 та Д 50 мм бўлган ёнғин ўчириш крани тамғаланмаганлиги, ушбу кранлар ҳисобда йўқлиги аниқланган.
Бу ҳақда тегишли далолатнома тузилган ва унда ёнғин ўчириш кранини тамғалаш учун даъвогарга уч кун ичида хат билан мурожаат қилиш кўрсатилган. Бироқ, 20 кундан кейин тегишли далолатномага кўра, жавобгарнинг аризасига асосан унинг ҳудудидаги 2 та Д 50 мм бўлган ёнғин ўчириш крани тамғаланган.
Шунингдек, далолатномага кўра, сарф қилинган сув миқдори ундан фойдаланган вақтдан бошлаб қайта ҳисоб-китоб қилинган ҳамда 6 490 560 сўм қайта ҳисобланган. Шу асосда даъвогарнинг ушбу суммани ихтиёрий равишда тўлаб бериш тўғрисидаги талабномаси жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилган.
Шу асосда даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 6 490 560 сўм асосий қарз ва 1 557 734 сўм пеня ундиришни сўраган.
ФК 478-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, агар қонун ҳужжатларида, шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ёки у мажбурият моҳиятидан келиб чиқмаса, туташтирилган тармоқ орқали газ, нефть ва нефть маҳсулотлари, сув ва бошқа товарлар билан таъминлаш муносабатларига нисбатан ушбу параграф қоидалари қўлланади.
Ушбу Кодекснинг 468-моддасига кўра, энергия таъминоти шартномасига мувофиқ энергия билан таъминловчи ташкилот туташтирилган тармоқ орқали абонентга (истеъмолчига) энергия бериб туриш мажбуриятини олади, абонент эса қабул қилинган энергия ҳақини тўлаш, шунингдек шартномада назарда тутилган энергия истеъмол қилиш тартибига риоя этиш, тасарруфидаги энергетика шохобчаларидан фойдаланиш хавфсизлигини ҳамда ўзи фойдаланадиган энергия истеъмол қилувчи асбоб ва ускуналарнинг созлигини таъминлаш мажбуриятини олади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидалари тасиқлаш тўғрисида” 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарори билан тасдиқлаган “Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидалари” (бундан буён матнда – Қоидалар деб юритилади) 49-бандига мувофиқ, фаолият кўрсатаётган коммунал сув таъминоти ва канализация тизимларига (шу жумладан, сув олиш колонкалари ва ўт ўчириш гидрантлари, уйнинг киритма ва чиқувларига ҳам) ўзбошимчалик билан уланиб олиш, шунингдек ушбу тизимлардан ўзбошимчалик билан фойдаланиш тақиқланади.
Коммунал сув таъминоти ва канализация тизимларига (юридик ва жисмоний шахслар томонидан) ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, ИСКХ ташкилоти вакили томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, улардан бир нусхаси ўзбошимчалик билан уланиб олган субъектга шахсан топширилади, ИСКХ ташкилотида қоладиган нусхага имзо қўйдирилади. Ушбу далолатнома ўзбошимчалик билан уланганнинг жавобгарлик даражасини ва ИСКХ ташкилотига етказилган зарарни аниқлаш учун асос бўлади ҳамда ИСКХ ташкилоти ушбу Қоидаларнинг 94-бандига мувофиқ сув сарфи ва оқова сувларни чиқарганлик учун тўлов суммаларини тўлаш учун уланма эгасига тўлов ҳужжатини ёзиб беради.
Қоидаларнинг 94-бандига кўра, ичимлик сув ва канализация тармоқлари ҳамда қурилмаларига ўзбошимчалик билан уланиб олинганлик аниқланган тақдирда, сарфланган сув ва қабул қилинган оқова сувлар миқдори мазкур Қоидаларнинг 87-бандига мувофиқ, уланишнинг сув узатиш қуввати бўйича қуйидаги кундан бошлаб ҳисоб-китоб қилинади:
ўзбошимчалик билан уланиш аниқлангунга қадар охирги текшириш далолатномаси тузилган кундан;
агар ўзбошимчалик билан уланиш ИСКХ ташкилотига тегишли тармоқ ва қурилмаларга нисбатан бўлган бўлса, ўзбошимчалик билан уланиш кунидан бошлаб у аниқлангунга қадар, бироқ даъво муддатидан кўп бўлмаган ҳолда ҳисобланади. Агар ўзбошимчалик билан уланиш санасини ҳужжат билан тасдиқлашнинг имкони бўлмаса, у ҳолда ўзбошимчалик билан уланиб фойдаланиш даври даъво даври муддатига тенг бўлади.
Мазкур ҳолатда даъвогар томонидан тузилган далолатномага асосан, Қоидалар талабларидан келиб чиққан ҳолда жавобгар ҳудудида мавжуд 2 та Д 50 мм бўлган ёнғин ўчириш крани бўйича 2017 йил 1 январдан 2017 йил 31 январга қадар, яъни бир ойга 6 490 560 сўм қарз ҳисобланган.
Шу асосларга кўра, суд даъвогарнинг асосий қарзни ундириш ҳақидаги даъво талабини асосли деб ҳисоблаган.
Бундан ташқари, даъвогар талабида “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 32-моддасига мувофиқ, тўлов муддати кечиктирилган ҳар бир кун учун 0,4 фоиз миқдорида, яъни 1 557 734 сўм пеня ундиришни сўраган.
Бироқ, даъвогар мазкур даъво талабини асослантирувчи далилларни, яъни пенянинг асослантирилган ҳисоб-китобини, пеня ҳисоблаш учун асос бўлган ҳужжатларни судга тақдим этмаган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 68-моддасининг биринчи қисмига кўра, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.
Шу асосда суд даъвогарнинг пеня ундириш талабини қаноатлантиришни рад этган.
Шунингдек, жавобгар мазкур объектни сотиб олган вақтида 2 та Д 50 мм бўлган ёнғин ўчириш крани мавжуд бўлганлигини ва улардан далолатномада кўрсатилган муддатларда фойдаланмаганлиги тўғрисидаги важлари қонун ҳужжатларига мос эмас.
Чунки, Қоидалар 115-бандининг биринчи, учинчи ва тўртинчи хатбошиларига кўра, объект эгаси ўзгарганда истеъмолчи чиқиб кетишидан 7 кун аввал дебиторлик қарзларини узиб, бу ҳақда ИСКХ ташкилоти билан далолатнома имзолаши шарт. Истеъмолчи чиқиб кетгач, сувни ҳисобга олиш асбоби ва пломбаларнинг бутлиги учун жавобгарлик объектнинг янги эгаси зиммасига юкланади. II ва III гуруҳ истеъмолчилари объектни янги эгасига топширганда бу хусусда ИСКХ ташкилотини 30 кун муддатда огоҳлантиради, янги мулкдор эса объектдан фойдаланишни бошлашдан олдин ичимлик сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариш юзасидан янги шартнома имзолайди. Агар объект профили ўзгарадиган бўлса, янги мулкдор янги техник шартларни олиши керак. Техник шартлар ва юқорида таъкидланган шартноманинг йўқлиги коммунал сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариш хизматидан фойдаланиш ўзбошимчалик билан амалга оширилаётганига асос ҳисобланади.
Қолаверса, далолатнома жавобгар томонидан бирор-бир эътирозсиз имзоланган, жавобгарнинг аризасига асосан ёнғин ўчириш крани даъвогар томонидан тамғаланган. Ушбу ҳолат далолатнома билан ўз тасдиғини топган.
Қайд этилганларга кўра, суд томонидан даъвогарнинг даъво талаблари қисман қаноатлантирилган. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.
* * *
Маҳсулот етказиб бериш шартномасига асосан “сотиб олувчи” маҳсулот етказиб берилиши билан боғлиқ ҳолатларда “сотувчи”га зарар етказган бўлса ва у тегишли ҳужжатлар билан исботланса, етказилган зарарни ундириш ҳақидаги даъво талабини қаноатлантириш учун асос бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |