КИРИШ СЎЗИ
Бундан икки йил муқаддам Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони мамлакатимиз тараққиётида мутлақо янги босқични бошлаб берди.
Хусусан, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, ўтган вақт давомида судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, суд кадрларини танлаб олишнинг демократик ва шаффоф механизмини шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Замонавий талаблардан келиб чиқиб, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари тегишли иқтисодий судлар этиб ўзгартирилди. Бунда, мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти ва тадбиркорлик субъектларининг ортиб боришини ҳисобга олган ҳолда туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси суд тизимининг ажралмас қисми бўлган иқтисодий судларнинг фаолияти одил судловни амалга ошириш, қонунчиликни мустахкамлаш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш ва уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этишга қаратилган.
Иқтисодий судларининг шаклланиши, фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган бир қанча фармонлар қабул қилиндики, улар иқтисодий судлар томонидан нафакат одил судловни амалга ошириш, суд мустақиллигини кучайтиришга, балки фаолиятга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш оркали тадбиркорлик субъектлари учун қатор қулайликлар яратиб, уларнинг вақтлари ва маблағларини тежашга катта ҳисса қўшмокда.
Иқтисодий низоларни хал этишда ишни кўриш билан боғлик бўлган қоидаларни тўғри татбиқ этиш, моддий ва процессуал ҳуқуқий меъёрларни билиш ҳамда уларни тўғри қўллаш, ҳар бир муайян ишни кўриб чиқишда, низонинг ҳақиқий ҳолатларини, ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаш муҳим аҳамиятга эга. Фақат шунга риоя қилингандагина тарафларнинг субъектив ҳуқуқлари ва қонун билан қўрикланаётган манфаатларининг ҳақиқий ҳимояси таъминланади.
Иқтисодий низоларни ҳал этишда қонун талабларига қатъий риоя қилинишини таъминлаш ва иш сифатини янада яхшилаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда. Шу ўринда иқтисодий судлар томонидан муайян ишлар бўйича қабул қилинган қарорларга тайёрланган мазкур шарҳлар тўпламида ишда иштирок этувчи шахсларнинг низо бўйича келтирган важлари ва уларга нисбатан суд томонидан берилган баҳо ҳамда қўлланилган қонун нормаларига изоҳ берилган.
Ушбу шарҳлар тўпламидан, аввало, иқтисодий судлар судьялари, прокуратура ҳодимлари, адвокатлар, хўжалик юритувчи субъектларнинг юридик хизматлари ҳамда юридик таълим муассасалари ўқитувчилари ва талабалари, юридик соха билан қизиқувчи барча шахслар фойдаланиши мумкин.
Ишонамизки, ушбу шарҳлар иқтисодий судларнинг амалий фаолиятида фойдаланишда ва иқтисодий низоларни тўғри ҳал қилишда кўмаклашади.
Шарҳларни тайёрлашда ва уларни тўплам сифатида чоп этишда яқиндан кўмаклашган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Ўзбекистондаги Лойиҳалар Координатори офисига ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.
ШАРҲЛАР
Мижозлар ҳисобварақларига пулларни ҳисобга киритиш ва ҳисобдан чиқариш тартибини бузганлик учун жарима банк муассасаларидан шартномада белгиланган миқдорда эмас, балки қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ундирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |