Жавобгарнинг важлари 2012 йил 1 декабрда даъвогар ҳамда жавобгар ўртасида 18-сонли банк ҳисобварағи шартномаси тузилган.
Жавобгар томонидан барча ҳаракатлар шартнома шартларига мувофиқ амалга оширилган.
Шу боис, даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш лозим.
Суднинг ҳал қилув қарори Даъво талаблари қисман қаноатлантирилсин.
Жавобгардан даъвогар фойдасига тўлов ҳужжатисиз ҳисобдан чиқарилган 12 223 147 сўм, пахта ва ғалла имтиёзли кредитлари учун ортиқча ундириб олинган 3 484 359,19 сўм ҳамда тўлов ҳужжатисиз пул маблағлари ҳисобдан чиқарилганлиги учун 2 940 950 сўм жарима ундирилсин.
Даъво талабларининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилсин.
Шарҳ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 25-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ иқтисодий судга иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ҳамда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тартибда олган фуқаролар, шунингдек корпоратив низолар бўйича ишлар кўрилаётганда тарафлар бўлган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган низоларга доир ишлар тааллуқлидир.
Мазкур Кодекс 26-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига кўра мажбуриятлар бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги тўғрисидаги низолар иқтисодий суд томонидан ҳал этилади.
Низо банк ҳисобварағи шартномасидаги мажбуриятлар тегишли даражада бажарилмаганлиги натижасида келиб чиққан. Низо бўйича тарафлар бўлиб юридик шахслар ҳисобланади. Шу сабабли уни ҳал этиш иқтисодий судга тааллуқлидир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3318-сонли Қарорининг 1-бандида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, шу жумладан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан муносабатларда, назорат қилувчи органлар томонидан текширишлар ўтказиш жараёнида ҳамда судларда ишларни кўриб чиқишда ҳимоя қилиш Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
Даъвогар фермер хўжалиги шаклидаги тадбиркорлик субъекти бўлганлиги сабабли Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳақли равишда унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилган ҳамда тўлов ҳужжатисиз ҳисобдан чиқарилган 15 100 033 сўмни, пахта ва ғалла имтиёзли кредитлари учун ортиқча ундириб олинган 4 760 699 сўмни ҳамда тўлов ҳужжатисиз пул маблағларини ҳисобдан чиқарилганлиги учун 200 165 965 сўм жаримани жавобгардан ундиришни сўраган.
Фуқаролик кодексининг 8 ва 234-моддаларининг мазмунидан кўринишича, мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.
Мазкур ҳолатда даъвогар ва жавобгарнинг мажбуриятлари тарафлар ўртасида тузилган 2012 йил 1 декабрдаги 18-сонли банк ҳисобварағи шартномасидан келиб чиққан.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 80-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ишни кўриш вақтида юзага келадиган, фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимларни талаб қиладиган масалаларни тушунтириб бериш учун суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра ёки розилиги билан экспертиза тайинлайди.
Иш ҳолатларига аниқлик киритиш, улар бўйича махсус билимларга эга бўлган шахснинг фикрини билиш мақсадида суднинг ажрими билан низо бўйича экспертиза тайинланган ва уни ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Экспертлик кенгаши зиммасига юклатилган.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Экспертлик кенгашининг хулосасида жавобгар томонидан 7 та ҳолатда тўлов ҳужжатисиз даъвогарнинг ҳисобварағидан 15 100 033 сўм миқдоридаги пул маблағлари ҳисобдан чиқарилганлиги, банк томонидан 2 876 886 сўм фермер хўжалигига қайтарилганлиги, шунингдек имтиёзли кредит учун 3 484 359 сўм ортиқча ундирилганлиги кўрсатилган.
Экспертиза хулосаси эса Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 66-моддасининг биринчи қисмига кўра иш бўйича далилларнинг бир тури ҳисобланади.
Суд ҳақли равишда мазкур экспертиза хулосасига асосланиб, жавобгардан даъвогар фойдасига тўлов ҳужжатисиз ҳисобдан чиқарилган 12 223 147 сўм, пахта ва ғалла имтиёзли кредитлари учун ортиқча ундириб олинган 3 484 359,19 сўмни ундириш ҳақида асосли хулосага келган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2013 йил 3 июнда
2465-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомнинг 121-бандида ҳисоб-китоб интизомига риоя қилмаган банклар Ҳисоб рақамлар очиш, мижозлар ҳисоб рақамларидан маблағларни ўтказиш ва кўчириш, меҳнатга ҳақ тўлаш ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа эҳтиёжлар учун нақд пул бериш бўйича белгиланган талабларни бузганлик учун тижорат банкларига жазо жарималарини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 1044, 2001 йил 30 июнь) мувофиқ жавобгар бўлиши назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2001 йил 30 июнда 1044-сон билан рўйхатга олинган Мижозларга ҳисобварақлар очиш бўйича белгиланган талабларни, уларнинг ҳисобварақларига маблағларни ҳисобга киритиш ва ҳисобдан чиқариш, иш ҳақи ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа эҳтиёжлар учун нақд пул бериш тартибини бузганлик учун тижорат банкларига жарима санкцияларини қўллаш тартиби тўғрисида низомнинг 6-бандига кўра қонунчиликда ўрнатилган мижозлар ҳисобварақларига пулларни ҳисобга киритиш ва ҳисобдан чиқариш тартибини бузганлик учун, электрон тўловларни амалга оширишнинг ва хато амалга оширилган электрон тўловларни қайтаришнинг ўрнатилган муддатларини бузишни истисно этган ҳолда, банк устав капиталининг энг кам миқдорининг 0,01 фоизи миқдорида жарима тўлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Банк тизимининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва инвестициявий фаоллигини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2010 йил 6 апрелдаги ПҚ-1317-сонли Қарори 3-бандининг ҳал қилув қарори эълон қилинган пайтдаги таҳририга кўра тижорат банкларининг устав капитали 2011 йил 1 январдан бошлаб сўм эквивалентида 10 млн евро миқдорида белгиланган.
Демак, банк устав капиталининг энг кам миқдори 10 000 000 еврони (1 евронинг сўмга нисбатан эквиваленти даъво аризаси тақдим этилган кун ҳолатига 2 940,95 сўм) ёки унинг сўмга нисбатан эквиваленти 29 409 500 000 сўмни ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2001 йил 30 июнда 1044-сон билан рўйхатга олинган Низом талабларидан келиб чиққан ҳолда 29 409 500 000 сўмнинг 0,01 фоизи 2 940 950 сўмни ташкил этишини инобатга олиб, суд ҳақли равишда жавобгардан даъвогар фойдасига 2 940 950 сўм жаримани ундириш тўғрисидаги хулосага келган.
Суд даъвогарнинг жаримани тарафлар ўртасидаги шартноманинг 6.1.3-бандида белгиланганидек банк устав капитали энг кам миқдорининг 0,1 фоизи миқдорида ундириш ҳақидаги важи билан келишмаган.
Чунки, қонун ҳужжатларида мижозлар ҳисобварақларига пулларни ҳисобга киритиш ва ҳисобдан чиқариш тартибини бузганлик учун қўлланиладиган жарима миқдори аниқ белгиланган бўлиб, шартнома шартлари устунлиги кўрсатилмаган.
Шу боис суд жавобгардан даъвогар фойдасига жаримани ундиришда ҳақли равишда қонун ҳужжатларида бегиланган миқдорларга асосланган.
* * *
Мулк ижараси шартномаси бўйича ижарага олувчи шартномада белгиланган тўлов муддатини кетма-кет икки мартада ортиқ бузса ва мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақни ўз вақтида тўламаса, шартнома ижарага берувчининг даъво аризасига асосан муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин.