Низонинг моҳияти
“А” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда – даъвогар деб юритилади) ва “Б” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда – жавобгар деб юритилади) ўртасида маҳсулот етказиб бериш тўғрисида шартнома тузилган. Шартнома шартларига кўра, даъвогар шартномада белгиланган миқдордаги маҳсулотларни етказиб бериши, жавобгар эса маҳсулот ҳақини тўлаши лозим бўлган.
Мазкур шартнома шартларига кўра, даъвогар жавобгарга умумий суммаси 136 000 000 сўмлик маҳсулотларни етказиб беришни, жавобгар эса бу маҳсулотлар ҳақини пул ўтказиш йўли билан тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Ушбу шартномага асосан даъвогар томонидан 136 000 000 сўмлик маҳсулотлар етказиб берилган бўлса-да, жавобгар томонидан олинган маҳсулот учун 50 000 000 сўм тўловни амалга оширилиб, қолган 86 000 000 сўмлик тўловни шартномада белгиланган муддатдан кечиктириб тўлаб берган.
Шу асосда даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, етказиб берилган маҳсулотлар ҳақини кечиктириб тўлаб берилганлиги сабабли жавобгардан 43 000 000 сўм пеня ундиришни сўраган.
Даъвогарнинг важлари
Тарафлар ўртасида тузилган маҳсулот етказиб бериш шартномаси шартларига кўра, даъвогар шартномада белгиланган миқдорда маъсулотларни етказиб бериши, жавобгар эса маҳсулот ҳақини тўлаши лозим бўлган.
Мазкур шартнома шартларига кўра, даъвогар жавобгарга умумий қиймати 136 000 000 сўмлик маҳсулотларни етказиб беришни, жавобгар эса бу маҳсулотлар ҳақини пул ўтказиш йўли билан тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Даъвогар шартномада кўрсатилган қурилиш материалларини ўз вақтида етказиб берган бўлса-да, жавобгар етказиб берилган маҳсулот ҳақининг бир қисмини асоссиз равишда кечиктириб тўлаб берган.
Шунинг учун етказиб берилган маҳсулотлар ҳақи кечиктириб тўлаб берилганлиги сабабли жавобгардан 43 000 000 сўм пеня ундириш лозим бўлади, деб ҳисоблаган.
Жавобгарнинг важлари
Тарафлар ўртасида тузилган шартнома шартларида “Сотиб олувчи”нинг молиявий ахволи оғирлиги ёки маҳсулот ҳақини тўлашни кечиктиришнинг бошқа узрли сабаблари мавжуд бўлган ҳолларда бу ҳақда “Сотувчи”ни огоҳлантириши ва маҳсулот ҳақини тўлаш муддати кўпи билан 1 ойгача бўлиши шартлиги белгиланган.
Шунга кўра, жавобгар ўзининг молиявий аҳволи оғирлашганлиги ҳолати ҳақида даъвогарга ёзма равишда билдирганлиги, натижада маҳсулот ҳақи кейинчалик тўлиқ тўлаб берилганлигини таъкидлаган.
Қайд этилганларга кўра, даъвогарнинг пеня ундириш ҳақидаги даъво талабини қаноатлантириш рад этилиши лозим, деб ҳисоблаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |