Суднинг ҳал қилув қарори
Даъво талабларини қаноатлантириш рад этилсин.
Даъвогар ҳисобидан ишни судда кўрилиши билан боғлиқ суд харажатлари ундирилсин.
Шарҳ
Суд томонидан кўрилган мазкур ишда низонинг моҳиятини аниқлашда қуйидаги ҳолатларга эътибор қаратиш муҳимдир:
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда – ФК деб юритилади) 234-моддасининг иккинчи қисмига асосан мажбуриятлар – бошқа асослар билан бирга шартномадан ҳам келиб чиқади. Мазкур низо маҳсулот етказиб бериш шартномаси талаблари бузилганлиги оқибатида келиб чиққан.
Қайд этилган Кодекснинг 437-моддасига асосан, маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи - сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.
Тарафлар ўртасида маҳсулот етказиб бериш шартномаси тузилган. Шартнома шартларига кўра, жавобгар шағал маҳсулотларини етказиб беришни, даъвогар эса бу маҳсулотлар ҳақининг 15 фоизини олдиндан, қолган қисмини эса маҳсулот етказиб берилганидан кейин 30 кун ичида пул ўтказиш йўли билан тўлаш мажбуриятини олган.
Ушбу шартномага асосан даъвогар томонидан шартномада кўрсатилган маҳсулотлар ҳақининг 15 фоизи олдиндан пул ўтказиш йўли билан тўлаб берилган бўлса-да, жавобгар томонидан шағал маҳсулотларини етказиб бериш чоралари кўрилмаган.
ФК 333-моддасининг биринчи қисмига кўра, қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради.
Ушбу Кодекс 449-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, сотиб олувчи етказиб бериладиган товарлар ҳақини шартномада назарда тутилган ҳисоб-китоблар тартиби ва шаклига амал қилган ҳолда тўлайди.
Мазкур модданинг учинчи қисмига кўра, агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида товарлар ҳақи олувчи (тўловчи) томонидан тўланиши назарда тутилган бўлса ва у ҳақ тўлашдан асоссиз бош тортса ёки товарлар ҳақини шартномада белгиланган муддатда тўламаган бўлса, етказиб берувчи сотиб олувчидан етказиб берилган товарлар ҳақини тўлашни талаб қилишга ҳақли.
Шунга кўра, даъвогар жавобгардан 8 150 000 сўмлик маҳсулот ҳақини ва унга ҳисобланган 4 075 000 сўм пеня ундириш ҳақида судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Иш ҳужжатларига кўра, даъвогар томонидан судга тақдим қилинган ҳужжатлар билан жавобгарнинг судга тақдим қилган ҳужжатлари солиштирилганда маълумотларда тафовутлар мавжудлиги аниқланган.
Чунончи, даъвогарнинг ҳужжатларига тегишли қўшимча ўзгартиришлар киритилганлиги, улардаги имзолар қалбакилаштирилганлиги аниқланган. Ушбу ҳолат гувоҳларнинг кўрсатмалари, экспертиза хулосаси ва бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 55-моддасига кўра, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.
Шу асосда, даъвогарнинг жавобгар томонидан тарафлар ўртасида тузилган шартнома шартлари тўлиқ бажарилмаганлиги, яъни шартномада кўрсатилган шағал маҳсулотлари етказиб берилмаганлиги ҳақидаги важлари тегишли далиллар билан исботланмаган.
Аксинча, жавобгар томонидан судга тақдим этилган тегишли счёт фактуралар ва ишончномалар асосида шартнома шартларида кўрсатилган умумий қиймати 8 150 000 сўмлик шағал маҳсулотлари даъвогарга етказиб берилганлиги ўз исботини топган.
ФК 333-моддасининг 2-қисмига кўра, айбнинг йўқлиги мажбуриятни бузган шахс томонидан исботланади.
Қайд этилганларга кўра, суд томонидан даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган. Ишни судда кўриш билан боғлиқ харажатларни қоплаш даъвогар зиммасига юклатилган.
* * *
Маҳсулот етказиб бериш шартномасига асосан етказиб берилган маҳсулот ҳақи ўз вақтида тўлаб берилмаганлиги, маҳсулот етказиб берувчининг етказиб берилган маҳсулот ҳақини ҳамда тўлов кечиктирганлиги учун ҳисобланган пеняни ундириш ҳақидаги даъво талабларини қаноатлантириш учун асос бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |