Суднинг ҳал қилув қарори
Даъвогарнинг даъво талаблари қисман қаноатлантирилсин.
Жавобгардан даъвогар фойдасига 374 983,55 АҚШ доллари миқдорида асосий қарз ва 4 000 АҚШ доллари миқдорида пеня ундирув кунидаги Марказий банк томонидан белгиланган курс бўйича ундирилсин.
Қарши даъво аризасини қаноатлантириш рад этилсин.
Шарҳ
Суд томонидан кўрилган мазкур ишда низонинг моҳиятини аниқлашда қуйидаги ҳолатларга эътибор қаратиш муҳимдир:
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда – ФК деб юритилади) 234-моддасининг иккинчи қисмига асосан мажбуриятлар - шартномадан келиб чиқади. Мазкур низо маҳсулот етказиб бериш шартномаси талаблари бузилганлиги оқибатида келиб чиққан.
Ушбу Кодекснинг 236-моддасига мувофиқ, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
Тарафлар ўртасида тузилган маҳсулот етказиб бериш шартномаси шартларига кўра, даъвогар умумий қиймати 2 118 919 АҚШ доллари бўлган маҳсулотларни сотиш, жавобгар эса ушбу маҳсулотлар учун тўловни амалга ошириш мажбуриятини олган.
Шартнома мажбуриятлари жавобгар томонидан тўлиқ бажарилмаган. Жумладан, жавобгар томонидан қиймати 374 983,55 АҚШ доллари бўлган маҳсулот олиб кетилмаган ва унинг ҳақи тўланмаган.
Шу асосда даъвогар иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 374 983,55 АҚШ доллари миқдоридаги асосий қарз ва 74 996,71 АҚШ доллари миқдорида пеняни ундирув кунидаги Марказий банк томонидан белгиланган курс бўйича ундиришни сўраган.
Қайд этилган Кодекснинг 437-моддасига асосан, маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи - сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, тарафлар ўртасида шиша пластикдан тайёрланган 200 мм., 600 мм. ва 700 мм. диаметрли қувурлар етказиб бериш бўйича 2016 йил 21 январда 03/2016-сонли ва 04/2016-сонли шартномалар тузилган.
Тарафлар ўртасида тузилган шартномаларнинг 2.1-бандига кўра, жавобгар шартнома баҳосининг 15 фоизи миқдорда олдиндан тўлов амалга ошириш, қолган тўловларни маҳсулот тайёр бўлгандан кейин даъвогарнинг омборидан олгандан сўнг тўлаб бериш мажбуриятини олган.
Даъвогар томонидан жавобгар манзилига 2016 йил 29 июнда 194-сонли, 2016 йил 4 июлдаги 202-сонли ва 2016 йил 4 ноябрда 323-сонли маҳсулотни олиб кетиши ҳақида талабномалар юборилган.
Жавобгар томонидан мазкур талабномаларга жавобан 2016 йил 4 июлда даъвогарга хат йўлланиб, унда мавжуд қарздорлик тан олинган ҳамда пул маблағлари буюртмачидан келиб тушиши билан қарз қопланиши, тайёр маҳсулотни яқин кунларда олиб чиқиб кетиши маълум қилиниб, кейинги партия маҳсулотни кечиктириб туриш ва диаметри 200 мм бўлган трубаларни қўшимча етказиб бериш сўралган.
Бироқ, мазкур хат юборилгунига қадар даъвогар томонидан қиймати 374 983,55 АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот ишлаб чиқариб бўлинган.
Бунга кўра, жавобгар даъвогарга товарларни қабул қилишни рад этиш тўғрисида билдириш хатини жўнатмаган.
Даъвогар томонидан шартнома шартлари асосида жавобгарга етказиб берилиши лозим бўлган товарлар ишлаб чиқарилган ва маҳсулотни олиб кетиш ҳақида жавобгар тегишли тартибда хабардор қилинган. Бироқ жавобгар томонидан мазкур маҳсулотни олиб кетиш бўйича чоралари кўрилмаган.
ФКнинг 444-моддасига кўра, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотиб олувчи, товар етказиб берувчини хабардор қилган ҳолда, етказиб бериш муддати ўтказиб юборилган товарларни қабул қилишни рад этишга ҳақли. Товар етказиб берувчи билдириш хатини олгунча етказиб берилган товарларни сотиб олувчи қабул қилиши ва уларнинг ҳақини тўлаши лозим.
Шу билан бирга, даъвогар жавобгар томонидан шартнома шартлари бузилганлиги учун 74 996,71 АҚШ доллари миқдорида пеня ундиришни сўраган.
ФКнинг 333-моддасига асосан, қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради.
Шартнома шартларига кўра, етказиб берилган маҳсулот учун белгиланган миқдорда пул маблағларини тўлаш кечиктириб юборилган, тўлиқ бажарилмаган тақдирда, сотувчига кечиктирилган ҳар бир кун учун мажбурият бажарилмаган қисмининг 0,5 фоизи миқдорида пеня тўлаши, бироқ бунда пенянинг умумий суммаси мажбуриятни бажарилмаган қисмининг 50 фоизидан ошмаслиги кўрсатилган.
Олий хўжалик суди Пленумининг “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 15 июнь 2007 йилдаги 163-сонли қарорининг 2-бандида судлар неустойкани ундириш тўғрисидаги даъволарни ҳал қилишда неустойка миқдорининг қонун талабларига мувофиқ ҳисобланганлиги, унинг асослилиги, мажбурият бузилиши оқибатларига мутаносиблиги каби ҳолатларни ҳар томонлама ва чуқур муҳокама қилиб, талаб қилинган неустойканинг адолатли миқдорини белгилашлари шартлиги ҳақида тушунтириш берилган.
Аниқланишича, даъвогар томонидан 2016 йилнинг июнь ойида маҳсулотнинг охирги партияси тўлиқ ишлаб чиқарилган бўлишига қарамасдан, жавобгар маҳсулот ҳақини 140 кун давомида тўламасдан келган.
ФК 326-моддасининг биринчи қисмига асосан, агар тўланиши лозим бўлган неустойка кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб турса, суд неустойкани камайтиришга ҳақли. Бунда қарздор мажбуриятни қай даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий аҳволи, шунингдек кредиторнинг манфаатлари эътиборга олиниши керак.
Бу ҳақда, Олий хўжалик суди Пленумининг “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 15 июнь 2007 йилдаги 163-сонли қарорининг 4-бандида ҳам тушунтириш берилган.
Шу сабабли, суд қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб, даъвогарга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириб, даъвонинг пеня ундириш талабини 7 400 АҚШ доллари миқдорида қаноатлантириш асосли ҳисобланади.
Бундан ташқари жавобгар судга қарши даъво ариза билан мурожаат қилиб, тарафлар ўртасида тузилган шартнома шартлари даъвогар томонидан қўпол равишда бузилганлигини, даъвогар шартномада кўрсатилган миқдорда маҳсулотларни тайёрлаб бермаганлиги билдирилган.
Шу сабабли даъвогар томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилмаган қисми бўйича ундан 112 900 АҚШ доллари миқдорида пеня ундиришни сўраган.
Жавобгар томонидан даъвогар 2016 йилнинг март ва апрель ойларида маҳсулотни тайёрламаганлиги ва ушбу маҳсулотни етказилмаганлиги ҳақида даъвогарга мурожаат қилинмаган. Аксинча, жавобгар томонидан 2016 йил 4 июлда даъвогарга хат йўлланиб, унда мавжуд қарздорлик тан олиниб, пул маблағлари буюртмачидан келиб тушиши билан қарз қопланиши, тайёр маҳсулотни яқин кунларда олиб чиқиб кетиши маълум қилинган ва кейинги партия маҳсулотни кечиктириб туриш сўралган.
Бироқ, мазкур хат юборилгунига қадар даъвогар томонидан қиймати 374 983,55 АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот ишлаб чиқариб бўлинган. Ваҳоланки, қонун талабига кўра, товар етказиб берувчи билдириш хатини олгунча етказиб берилган товарларни сотиб олувчи қабул қилиши ва уларнинг ҳақини тўлаши лозим (ФК 444-моддаси).
Шу сабабли суд маҳсулот ўз вақтида олиб кетилмаганликда даъвогарнинг эмас, балки жавобгарнинг айби борлигини инобатга олиб, қарши даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида тўғри хулосага келган.
Қайд этилганларга кўра, суд томонидан даъвогарнинг даъво талабларини қисман қаноатлантирилган. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган. Қарши даъво аризасини эса қаноатлантириш рад этилган.
* * *
Даъво аризаси судга берилган пайтда етказиб берилган маҳсулот учун тўловлар амалга оширилганлиги, ушбу ушбу тўловлар кечиктириб амалга оширилганлиги учун даъвогарнинг неустойка ундириш ҳақидаги даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўлмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |