Жавобгар (харидор)нинг важлари: Акциялар Давлат мулк қўмитаси ҳузуридаги баҳоловчи ташкилоти томонидан баҳоланган ва сотилиши лозим бўлган акция пакети қийматини шакллантиришига харидор жавоб бермайди.
Акциялар биржа савдоларига биржа савдолари ўтказиш қоидаларини белгиловчи тартибга риоя қилинган ҳолда чиқарилган ва даъвогарнинг таклиф этган шартларида сотиб олинган.
Харидор томонидан акциялар учун тўловларни ўз вақтида ва тўлалигича амалга оширилган.
АЖнинг асосий воситаларининг қолдиқ қийматини пасайтириб кўрсатишда харидорнинг айби йўқлиги сабабли даъвогар савдоларни ҳақиқий эмас деб топиш ва акцияларни қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас.
Бундан ташқари, Фуқаролик кодексининг талабларига қўра даъво муддати 3 йилни ташкил қилади ва ушбу муддат ўтганлиги сабабли даъво талаблари бу асослар бўйича ҳам рад этилиши лозим.
Биржанинг важлари: Фуқаролик кодексининг 381-моддасига кўра, қонунда белгиланган қоидалар бузиб ўтказилган ким ошди савдоси манфаатдор шахс талаби билан суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Мазкур ҳолатда савдолар уларни ўтказиш пайтида амалда бўлган қонун талаблари, шу жумладан “Тошкент” РФБда қимматли қоғозлар билан биржа савдолари ўтказиш Қоидалари ва “Хусусийлаштирилган корхоналар акцияларини хорижий инвесторларга “Тошкент” Республика фонд биржасининг махсус савдо майдончаси орқали эркин алмаштириладиган валютага сотиш тартиби” талаблари асосида ўтказилган.
Савдоларни ўтказишда қонунда белгиланган қоидалар бузиб ўтказилмаганлиги сабабли даъвогарнинг талаблари асоссиздир.
Суднинг қарори: Арз қилинган талабларни қаноатлантирилиш рад этилсин.
Шарх: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади)нинг 8 ва 234-моддаларига мувофиқ мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.
Мазкур ҳолатда даъвогар ва харидорнинг мажбуриятлари олди-сотди шартномасидан, даъвогар ва савдо ташкилотчисининг мажбуриятлари эса улар ўртасида тузилган топшириқ шартномасидан келиб чиққан.
Даъвогар судга даъво билан мурожаат қилишда “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонун (бундан буён матнда Қонун деб юритилади)нинг 9-моддасига кўра, “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш объектининг сотув нархини оммавий мулк объектларини тасарруф этувчи белгилайди, сотув нархини белгилашда объектнинг давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш вақтидаги қийматига асосланилади ҳамда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш ўтказилаётган пайтдаги бозорнинг жорий конъюнктураси ва объектнинг қийматига таъсир кўрсатувчи объектив омиллар мажмуи ҳисобга олиниши лозим”лигини кўрсатган.
Бироқ савдолар ўтказиш пайтида амалда бўлган Қонун ушбу моддасининг матнида “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш объектининг сотув нархини оммавий мулк объектларини тасарруф этувчи белгилайди. Сотув нархини белгилашда объектнинг давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш вақтидаги қийматига асосланилади ҳамда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш ўтказилаётган пайтда қарор топган ҳақиқий баҳоси ҳисобга олиниши лозим”лиги белгиланган.
Давлат пакет акцияларини савдога чиқаришдан олдин даъвогарнинг топшириғига асосан баҳоловчи ташкилоти томонидан акцияларни ҳақиқий баҳоси аниқланган ва даъвогарнинг буйруғи билан тасдиқланиб, ушбу баҳода биржа савдоларига чиқарилган.
Шу сабабли суд АЖнинг давлат пакет акцияларини сотишда Қонун 9-моддасининг талаблари бузилиш ҳолатини аниқланмаган.
Шунингдек, даъвогар даъво аризасида:
- АЖ устав капиталидаги 25 фоизли давлат улушини сотишда бошланғич баҳоси “Кучмас мулк ва сармоя агентлиги” ЁАЖ баҳоловчи ташкилотининг 2007 йил 25 октябрдаги 1/1-сонли баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи асосида белгиланганлиги, бироқ, баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот ўрганилганида баҳони пасайтиришга олиб келган қонун бузилиши аниқланганлиги, чунки баҳолаш пайтида АЖнинг асосий воситаларининг қиймати бухгалтерлик баланси бўйича 5 200 минг сўмни ташкил қилганлиги, аммо инвентаризация ва баҳолаш қийматини аниқлаш тўғрисидаги далалатномада ушбу кўрсатгич 47 400 минг сўм деб кўрсатилганлиги;
- “Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказишни ташкил этиш тартиби ҳақида”ги Низомга мувофиқ “Х-servis” МЧЖ эксперт ташкилоти томонидан 2017 йил 10 январда “Кучмас мулк ва сармоя агентлиги” ЁАЖнинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи экспертизадан ўтказилганлиги ва унинг натижаси бўйича ҳисобот ишончли эмас деб топилганлиги;
- бинобарин, 2008 йил 20 январь куни Биржада бўлиб ўтган савдоларнинг АЖнинг 25 фоиз акцияларини харидорга сотиш қисми Қонунинг 9-моддасига мувофиқ келмаслиги ва шу боис Фуқаролик кодексининг 116-моддасига асосан ҳақиқий эмас ҳисобланишини кўрсатган.
Бироқ, ФКнинг 116-моддасига мувофиқ қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. Бундай битимга нисбатан ушбу Кодекс 114-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.
Биринчидан, мазкур ҳолатда даъвогар 2008 йил 20 январь куни Биржада бўлиб ўтган савдолар устидан низолашмоқда ва ФКнинг 116-моддасида келтирилган битимни ҳақиқий эмас деб топиш учун асослар савдоларга тадбиқ этилмайди. Шу сабабли, Биржада савдолар қонунда белгиланган уларни ўтказиш қоидалар бузилмасдан ўтказилганлиги боис, суд ФКнинг 381-моддасига асосланиб савдоларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талабни қаноатлантиришни рад этган, чунки ФК 381-моддасининг биринчи қисмига биноан қонунда белгиланган қоидалар бузиб ўтказилган ким ошди савдоси манфаатдор шахс талаби билан суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Иккинчидан, савдолар натижаси бўйича тузилган битимнинг мазмуни қонун ҳужжатларининг талаблари, шу жумладан “Тошкент” РФБда қимматли қоғозлар билан биржа савдолари ўтказиш Қоидалари талабларига мос келади ва шунингдек ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига қарши эмас.
Даъвогарнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 28 июлдаги 161-сонли қарори билан тасдиқланган “Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказишни ташкил этиш тартиби ҳақида”ги Низомнинг 6-бандига қилинган ҳаволасини суд қабул қилмаган ва бунга асос қилиб ҳал қилув қарорида Низомнинг ушбу бандида экспертиза буюртмачи, баҳолашнинг бошқа истеъмолчилари ва баҳолашни ўтказган баҳолаш ташкилоти ўртасида баҳсли вазиятлар пайдо бўлган тақдирда ёки бошқа ҳолатларда ўтказилиши белгиланганлиги, аммо даъвогар томонидан “Кучмас мулк ва сармоя агентлиги” ЁАЖнинг ҳисоботини экспертизадан ўтказиш учун бўлган асослар тақдим этилмаганлигини кўрсатган.
Даъвогарнинг “Биржа Фуқаролик кодексининг 381-моддасига нотўғри ҳавола этган, чунки ушбу моддада ким ошди савдосини ҳақиқий эмаслиги тўғрисида сўз юритилади, мазкур ҳолатда эса биржа савдолари ўтказилган” деган важини ҳам суд асоссиз деб топган ва бунга асос қилиб ҳал қилув қарорида қуйидагиларни баён этган.
Савдолар ўтказиш пайтида амалда бўлган ва Адлия вазирликдан 1998 йил 30 декабрь 583-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Хусусийлаштирилган корхоналар акцияларини хорижий инвесторларга “Тошкент” Республика фонд биржасининг махсус савдо майдончаси орқали эркин алмаштириладиган валютага сотиш тартиби”нинг 6.4-бандига мувофиқ хусусийлаштирилган корхоналарнинг акцияларининг биржа савдоси “Тошкент” РФБнинг махсус савдо майдончаси орқали ким ошди савдоси шаклда электрон режимида ўтказилади.
Ушбу Тартибнинг 9.6-бандига кўра, савдоларни махсус савдо майдончасида мазкур Тартибга мувофиқ ташкил қилиш ва ўтказиш учун “Тошкент” РФБ масъулдир.
Иш кўриш жараёнида 2008 йил 20 январь куни Биржада бўлиб ўтган ва низолашаётган савдолар юқорида кўрсатиб ўтган Тартиб ва “Тошкент” РФБда қимматли қоғозлар билан биржа савдолари ўтказиш Қоидаларининг талаблари асосида ўтказилганлигини суд аниқлаган. Савдолар махсус савдо майдончаси орқали “оддий ким ошди савдоси” технологияси бўйича ўтказилганлиги факти Биржанинг хати билан ўз тасдиғини топади.
Бундан ташқари, номлаб ўтилган Тартибнинг 9.2-бандига кўра, акциялар пакетининг эркин алмаштириладиган валютага сотиш учун дастлабки таклиф баҳосини ўз вақтида аниқлаш ва Ваколатли агент (Давлат мулк қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази ёки Давлат мулк қўмитаси томонидан ваколат берилган бошқа орган)га тақдим этиш учун Давлат мулк қўмитаси масъулдир.
Бинобарин, “Кучмас мулк ва сармоя агентлиги” ЁАЖ томонидан акциялар пакетинининг дастлабки баҳосини пасайтиришга олиб келинган қонун талабларининг бузилиши учун даъвогар масъулдир.
Баён этилганларга асосланиб суд 2008 йил 20 январь куни Биржада бўлиб ўтган савдоларни ҳақиқий эмас деб топишни рад этган ва даъвогарнинг харидорнинг эгалигидан даъвогарнинг депо-рақамига 7 500 дона акцияларни талаб қилиб олиш ғақидаги иккинчи талаби биринчи талабнинг оқибати бўлганлиги сабабли, суд ушбу талабни ҳам қаноатлантиришни рад этган.
Харидорнинг даъво муддати ўтиб кетганлиги ва ушбу ўтказиб юбориш оқибатини қўллаш тўғрисидаги аризасини суд қабул қилмаган ва бунга асос қилиб ФК 154-моддасининг биринчи қисмига кўра даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлаши, мазкур ҳолатда даъвогар АЖнинг активларининг қиймати пасайтирилганлиги ҳақида баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни экспертиза ўтказиш юзасидан тузилган 2017 йил 10 январдаги “Х-servis” МЧЖнинг хулосасидан билганлигини кўрсатган.