Ким ошди савдоси қонунда белгиланган қоидалар бузиб ўтказилгандагина у манфаатдор шахс талаби билан суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Низонинг моҳияти: 2006 йилда ишлаб-чиқариш корхонаси давлат тасарруфидан чиқарилиб, очиқ акциядорлик жамияти (бундан буён матнда АЖ деб юритилади)га айлантирилган.
АЖнинг устав капитали 180 000 000 сўм миқдорида белгиланган ва 30 000 дона оддий акцияларга тақсимланган бўлиб, улардан 25 фоизи (ёки 7 500 донаси) давлат улуши бўлган.
2008 йилда АЖнинг устав капиталидаги давлат улуши савдога чиқарилган ва 2008 йил 20 январь куни “Тошкент” РФБ (бундан буён матнда Биржа деб юритилади)да бўлиб ўтган савдоларда АЖнинг 7 500 дона акциялари (устав капиталининг 25 фоизи) чет эл компанияси (бундан буён матнда харидор деб юритилади)га сотилган.
2017 йилда Давлат рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармаси Биржа ва харидорга нисбатан даъво билан судга мурожаат қилиб, савдоларни ҳақиқий эмас деб топишни ва битимнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатини қўллаб, харидорнинг эгалигидан даъвогарнинг депо-рақамига 7 500 дона акцияларни талаб қилиб олишни сўраган.
Даъвогарнинг важлари: “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонунинг 9-моддасига кўра, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш объектининг сотув нархини оммавий мулк объектларини тасарруф этувчи белгилайди, сотув нархини белгилашда объектнинг давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш вақтидаги қийматига асосланилади ҳамда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш ўтказилаётган пайтдаги бозорнинг жорий конъюнктураси ва объектнинг қийматига таъсир кўрсатувчи объектив омиллар мажмуи ҳисобга олиниши лозим (савдо ўтказилган пайтда модданинг матни бошқача бўлган).
АЖнинг устав капиталидаги 25 фоиз давлат улушини сотишда акцияларнинг бошланғич баҳоси “Кучмас мулк ва сармоя агентлиги” ЁАЖ баҳоловчи ташкилотининг 2007 йил 25 октябрдаги 1/1-сонли баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи асосида белгиланган. Бироқ, баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот ўрганилганида баҳони пасайтиришга олиб келган қонун бузилиши аниқланган, чунки баҳолаш вақтида АЖнинг асосий воситаларининг қиймати бухгалтерлик баланси бўйича 5 200 минг сўмни ташкил қилган, аммо инвентаризация ва баҳолаш қийматини аниқлаш тўғрисидаги далалатномада ушбу кўрсатгич 47 400 минг сўм деб кўрсатилган.
“Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказишни ташкил этиш тартиби ҳақида”ги Низомга мувофиқ “Х-servis” МЧЖ эксперт ташкилоти томонидан 2017 йил 10 январда “Кучмас мулк ва сармоя агентлиги” ЁАЖнинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи экспертизадан ўтказилган ва унинг натижаси бўйича ҳисобот ишончли эмас деб топилган.
Бинобарин, 2008 йил 20 январь куни Биржада бўлиб ўтган савдоларнинг АЖнинг 25 фоиз акцияларини харидорга сотиш қисми “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонунинг 9-моддасига мувофиқ келмайди ва шу боис Фуқаролик кодексининг 116-моддасига асосан ҳақиқий эмас ҳисобланади.
Харидорнинг эгалигидан даъвогарнинг депо-рақамига 7 500 дона акцияларни талаб қилиб олиш савдоларни ҳақиқий эмаслиги оқибатидир.
Даъвогар Биржанинг Фуқаролик кодексининг 381-моддасига ҳавола этишига эътироз билдириб, ушбу моддада ким ошди савдосини ҳақиқий эмаслиги тўғрисида сўз юритилиши, мазкур ҳолатда эса биржа савдолари ўтказилганлигини баён қилган.