Жавобгар (харидор)нинг важлари:
Инвестиция мажбуриятини бажаришни ўз вақтида бошлашга бинони харидорга кеч, яъни 2017 йил 27 ноябрда топширилганлиги сабаб бўлган. Шундай бўлсада, бинони таъмирлаш учун харидор томонидан катта маблағ сарфланган ва шартномада назарда тутилган барча ишлар бажарилган.
Шунингдек, 3 та янги иш жойи яратилган ва бугунги кунда корхонада раҳбар билан бирга 6 та ходим ишламоқда.
Корхона даъвогарга хат билан мурожаат қилиб, бажарилган ишларни тасдиқловчи барча ҳужжатларни тақдим қилган. Аммо даъвогар уларни инобатга олмаган.
Шаҳар ҳокимлигидан вакил суд мажлисига ва даъво юзасидан ўз фикрини билдирмаган.
Суд қарори:
Даъво кўрмасдан қолдирилсин.
Шарх:
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 382-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига кўра, агар ушбу Кодексда, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.
Тарафлардан бирининг талаби билан шартнома суд томонидан фақат қуйидаги ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин:
1) иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса;
2) ушбу Кодекс, бошқа қонунлар ва шартномада назарда тутилган ўзга ҳолларда.
Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 5.2-бандида, агар мазкур шартнома имзолангандан кейин тарафлардан бири шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажара олмаса ёки уларга риоя этмаса жабрланувчи тараф суд тартибида мазкур шартномани бекор қилишни ва етказилган зарарларни қоплашни талаб қилишга ҳақлилиги белгиланган.
ФК 384-моддасининг иккинчи қисмига биноан бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса - ўттиз кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкин.
Мазкур ҳолатда, даъвогар 2018 йил 30 январда харидорга 580-сонли талабнома юборган ва унда инвестиция киритиш орқали бинони баҳолатиш, бинони ободонлаштириш, бинонинг том қисми яроқсиз қисмларини, ҳудудни яроқсиз деворларни ва бинонинг ички-ташқи қисмларини таъмирлаш ишларини бажариши лозим бўлсада, ҳозирги кунга қадар ушбу ишлар бажарилмаганлиги, олди-сотди шартномаси шартларига риоя қилинмаган тақдирда шартноманинг тегишли бандларига асосан шартнома шартлари бажарилмаганлиги натижасида шартнома бекор қилинишини ва етказилган зарарни қоплаш бўйича тегишли чоралар кўрилиши бўйича огоҳлантирилган ҳамда инвестиция мажбуриятларини бажариш жадвалига мувофиқ зудлик билан тегишли ишларни амалга оширишни ва натижаси юзасидан ҳужжатларни ҳудудий бошқармага 2018 йил 5 февралга қадар тақдим этишни талаб қилган.
Шундан сўнг, 2018 йил 14 февраль куни даъвогар судга даъво аризаси киритган аммо даъво аризасига даъвогар шартномани бекор қилиш ҳақидаги таклифни харидор ва шартноманинг учинчи тарафи (балансда сақловчи)га юборганлигини тасдиқловчи далилларни илова қилмаган.
Даъвогар томонидан харидорга 2018 йил 30 январда юборилган 580-сонли талабномани суд даъвогарнинг шартномани бекор қилиш ҳақидаги таклифи деб баҳолаб бўлмаслиги хулосага келган. Чунки, ушбу талабнома билан даъвогар харидорни олди-сотди шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилмаганлиги ва шартнома шартларига риоя қилинмаганлиги натижасида шартнома бекор қилинишини ва етказилган зарарни қоплаш бўйича тегишли чоралар кўрилиши бўйича огоҳлантирилган ҳамда инвестиция мажбуриятларини бажариш юзасидан ҳужжатларни ҳудудий бошқармага 2018 йил 5 февралга қадар тақдим этиш талаб қилинган. Яъни, талабномада шартномани бекор қилиш тўғрисидаги таклиф мавжуд эмас ёки унга шартномани бекор қилиш тўғрисидаги келишув битимининг нусхаси илова қилинмаган.
Бундан ташқари, иш кўриш жараёнида ҳам даъвогар 2018 йил 30 январдаги 580-сонли талабнома ҳамда шартномани бекор қилиш тўғрисидаги таклифни харидор ва балансда сақловчига юборилганлиги (ёки топширилганлиги)ни тасдиқловчи далилни судга тақдим қилаолмаган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Хўжалик шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни тартибга солувчи фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2009 йил 18 декабрдаги 203-сонли қарори 18-бандининг бешинчи хатбошиси ва 19-бандининг низо судда кўриш пайтида амалда бўлган таҳририга кўра, ФК 384-моддасининг иккинчи қисмида белгиланганки, бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса - ўттиз кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкин. Бунда ўттиз кунлик муддат таклиф олинган пайтдан, агар таклиф олинган муддат номаълум бўлса, иккинчи тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифни олиши учун нормал зарур бўлган вақт ўтган пайтдан бошлаб ҳисобланади.
Мазкур тоифадаги низоларни ҳал этишда судлар шуни назарда тутишлари лозимки, ХПК 6-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, агар қонунда айрим тоифадаги низолар учун уларни судгача ҳал қилиш тартиби белгиланган ёхуд бу тартиб шартномада назарда тутилган бўлса, низо мазкур тартибга риоя этилганидан сўнггина судга кўриб чиқиш учун топширилиши мумкин. Шу сабабли бундай тоифадаги низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этилмаганлиги ХПК 88-моддасининг 5-бандига мувофиқ даъвони кўрмасдан қолдириш учун асос ҳисобланади.
Ишни судда кўриш пайтида амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 88-моддасининг 5-бандига (Иқтисодий процессуал кодекси 107-моддасининг 5-банди) биноан даъвогар низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этмаган, бу эса шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса хўжалик суди даъвони кўрмасдан қолдиради.
Шу боис суд даъвогарнинг даъвосини кўрмасдан қолдирган.
* * *
Do'stlaringiz bilan baham: |