Низонинг моҳияти:
2017 йил 18 октябрда Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитасининг вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда даъвогар ёки сотувчи деб юритилади), хусусий корхона (бундан буён матнда харидор ёки жавобгар деб юритилади) ва шаҳар ҳокимлиги (бундан буён матнда балансда сақловчи деб юритилади) ўртасида олди-сотди шартномаси тузилган ва унга кўра собиқ савдо шаҳобча биноси (бундан буён матнда объект деб юритилади) харидорга “ноль” харид қийматида сотилган.
Шартнома шартларига кўра, харидор 2017 йилнинг 4-чорагида 40 000 000 сўм, 2018 йилнинг 1-чорагида 35 000 000 сўм ва 2-чорагида 25 000 000 сўм, жами 100 000 000 сўм миқдордаги инвестиция киритиш мажбуриятини олган.
Олди-сотди шартномасининг 2-иловасига биноан харидор 2017 йилнинг 4-чорагида бинони баҳолатиш, бинонинг том қисми яроқсиз қисмларини, ҳудудни яроқсиз деворларини ва бинонинг ички-ташқи қисмларини таъмирлаш ишларини бажариши лозим бўлган.
Даъвогар туманлараро иқтисодий судига харидор ва шаҳар ҳокимлигига нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилиб, шартнома бўйича мажбуриятлар харидор томонидан бажарилмаганлиги сабабли шартномани бекор қилиш ва харидордан 15 000 000 сўм жарима ундиришни сўраган.
Даъвогарнинг важлари:
Тарафлар ўртасида тузилган шартнома бўйича харидор 2017 йилнинг 4-чорагида 40 000 000 сўмлик инвестиция киритиш орқали бинони баҳолатиш, бинони ободонлаштириш, бинонинг том қисми яроқсиз қисмларини, ҳудудни яроқсиз деворларини ва бинонинг ички-ташқи қисмларини таъмирлаш ишларини бажариши лозим бўлган.
Бироқ, ҳозирги кунга қадар ушбу ишлар бажарилмаган ва бинога фақат 7 та “акфа” ромлар ўрнатилган.
Шу сабабли даъвогар томонидан 2018 йил 30 январда харидорга 580-сонли талабнома юборилган ва унда олди-сотди шартномаси шартларига риоя қилинмаган тақдирда шартноманинг тегишли бандларига асосан шартнома шартлари бажарилмаганлиги натижасида шартнома бекор қилиниши ва етказилган зарарни қоплаш бўйича тегишли чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирилган ҳамда инвестиция мажбуриятларини бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни ҳудудий бошқармага 2018 йил 5 февралга қадар тақдим этишни талаб қилган.
Бироқ, харидор талаб қилган ҳужжатларни даъвогарга тақдим этмаган.
Шартнома шартларига кўра, инвестиция мажбуриятлари ўз вақтида бажармаган тақдирда киритилиши лозим бўлган инвестиция ҳажмининг 15 фоиз миқдорида жарима тўлаш белгиланган ва шу учун харидор 15 000 (100 000 000 х 15 %) сўм жарима тўлаши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |