Суднинг ҳал қилув қарори
Даъво талаблари қисман қаноатлантирилсин.
Жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига 5 600 000 сўм асосий қарз ҳамда 280 000 сўм пеня ундирилсин.
Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилсин.
Шарҳ
Суд томонидан кўрилган мазкур ишда низонинг моҳиятини аниқлашда қуйидаги ҳолатларга эътибор қаратиш муҳимдир:
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда – ФК деб юритилади) 234-моддасининг иккинчи қисмига асосан мажбуриятлар – бошқа асослар билан бирга шартномадан ҳам келиб чиқади. Мазкур низо маҳсулот етказиб бериш шартномаси талаблари бузилганлиги оқибатида келиб чиққан.
Қайд этилган Кодекснинг 437-моддасига асосан, маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи - сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.
Тарафлар ўртасида маҳсулот етказиб бериш шартномаси тузилган. Шартнома шартларига кўра, даъвогар қурилиш материалларини етказиб бериш, жавобгар эса етказиб берилган маҳсулот ҳақини тўлаш мажбуриятини олган.
Мазкур шартнома шартларига кўра, даъвогар жавобгарга умумий қиймати 500 000 000 сўмлик қурилиш материалларини етказиб беришни, жавобгар эса бу маҳсулотла ҳақини 100 фоиз олдиндан пул ўтказиш йўли билан тўлаш мажбуриятини олган.
Ушбу шартномага асосан даъвогар томонидан 5 600 000 сўмлик қурилиш материаллари етказиб берилган бўлса-да, жавобгар томонидан олинган маҳсулот учун умуман олдиндан тўлов амалга оширилмаган ва маҳсулот олинганидан кейин ҳам қарзни қайтариш чораси кўрилмаган.
ФК 333-моддасининг биринчи қисмига кўра, қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради.
Ушбу Кодекс 449-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, сотиб олувчи етказиб бериладиган товарлар ҳақини шартномада назарда тутилган ҳисоб-китоблар тартиби ва шаклига амал қилган ҳолда тўлайди.
Мазкур модданинг учинчи қисмига кўра, агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида товарлар ҳақи олувчи (тўловчи) томонидан тўланиши назарда тутилган бўлса ва у ҳақ тўлашдан асоссиз бош тортса ёки товарлар ҳақини шартномада белгиланган муддатда тўламаган бўлса, етказиб берувчи сотиб олувчидан етказиб берилган товарлар ҳақини тўлашни талаб қилишга ҳақли.
Шунга кўра, даъвогар жавобгардан 5 600 000 сўм асосий қарз ҳамда тўлов муддати кечиктирилган кунлар учун 2 800 000 сўм пеня ундириш ҳақида судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Бундан ташқари, шартноманинг 3.3-бандига кўра, шартномада кўрсатилган маҳсулот учун ҳисоб-китоб ўз вақтида амалга оширмаганлиги учун жавобгар даъвогарга ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун кечиктирилган тўлов суммасининг 0,5 фоизи миқдорида пеня тўлаши лозим бўлган.
Шу сабабли, даъвогарнинг даъво талабида жавобгар асосий қарздорлик бўйича тўлов муддатларини кечиктирганлиги учун 2 800 000 сўм пеня ундириш сўралган.
Олий хўжалик суди Пленумининг “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 15 июнь
2007 йилдаги 163-сонли қарорининг 2-бандида судлар неустойкани ундириш тўғрисидаги даъволарни ҳал қилишда неустойка миқдорининг қонун талабларига мувофиқ ҳисобланганлиги, унинг асослилиги, мажбурият бузилиши оқибатларига мутаносиблиги каби ҳолатларни ҳар томонлама ва чуқур муҳокама қилиб, талаб қилинган неустойканинг адолатли миқдорини белгилашлари шартлиги ҳақида тушунтириш берилган.
Даъвогар томонидан талаб қилинган пеня шартнома асосида келиб чиққан бўлсада, суд унинг юзага келишида даъвогарнинг айби мавжуд деб ҳисоблаган. Жумладан, жавобгардан олдиндан тўловни амалга ошириш талаб қилинмасдан маҳсулот бериб юборилишига йўл қўйилган.
ФКнинг 437-моддасига кўра, маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи – сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.
ФКнинг 326-моддасига кўра, агар тўланиши лозим бўлган неустойка кредиторнинг мажбуриятни бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб турса, суд неустойкани камайтиришга ҳақли.
Бу ҳақда, Олий хўжалик суди Пленумининг “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 15 июнь 2007 йилдаги 163-сонли қарорининг 4-бандида ҳам тушунтириш берилган.
ФКнинг 335-моддасига кўра, агар кредитор қасддан ёки эҳтиётсизлик туфайли мажбуриятни бажариш мумкин бўлмаслиги юз беришига ёки бажармаслик туфайли етказилган зарар миқдорининг кўпайишига кўмаклашган бўлса, шунингдек кредитор мажбуриятни бажармасликдан етказилган зарарни камайтириш чораларини қасддан ёки эҳтиётсизлик туфайли кўрмаган бўлса, суд ишнинг ҳолатларига қараб тўланадиган ҳақ миқдорини камайтиришга ёки кредиторга ҳақ тўлашни батамом рад этишга ҳақли.
Шу сабабли, суд қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб, даъвогарга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириб, даъвонинг пеня ундириш талабини 280 000 сўм миқдорида қаноатлантириш асосли деб ҳисоблаган.
Жавобгарнинг даъвогар томонидан тарафлар ўртасида тузилган шартнома шартлари тўлиқ бажарилмаганлиги, яъни шартномада кўрсатилган қурилиш материаллари тўлиқ етказиб берилмаганлиги сабабли маҳсулот учун тўловлар амалга оширилмаганлиги ҳақидаги важлари қонун талабларига ва шартнома шартларига мос келмайди.
Чунки, тарафлар ўртасида тузилган шартнома шартларига кўра, жавобгар даъвогар томонидан етказиб берилиши лозим бўлган 500 000 000 сўмлик қурилиш материаллари учун 100 фоиз олдиндан пул ўтказиш йўли билан тўлаб бериш мажбуриятини олган.
Бундан ташқари, суд жавобгарнинг шартномада белгиланган маҳсулот тўлиқ етказиб берилмаганлиги ҳақидаги важи даъвони қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўла олмайди деб ҳисобланган. Чунки, жавобгар томонидан шартнома мажбурияти бузилиб олдинган тўлов амалга оширилмаган. Қонун талабига кўра жавобгар ўз мажбуриятини бузганлиги учун даъвогар одлида жавоб беради.
Қайд этилганларга кўра, суд томонидан даъвогарнинг даъво талаблари қисман қаноатлантирилган. Даъвонинг қолган қисми эса қаноатлантириш рад этилган.
* * *
Товарларни етказиб бериш муддати ўтказиб юборилган тақдирда, сотиб олувчи товарларни қабул қилишни рад этиш тўғрисида сотувчига билдириш хатини берган ҳолда ушбу товарларни қабул қилишни рад этишга ҳақли. Акс ҳолда етказиб берилган товарларни қабул қилиши ва уларнинг ҳақини тўлаши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |