Низонинг моҳияти Масъулияти чекланган жамият (лизинг берувчи) ва хусусий корхона (лизинг олувчи) ўртасида 2011 йил 1 апрелда лизинг шартномаси тузилган.
Мазкур лизинг шартномасига кўра лизинг берувчи 5 дона “Доминатор-130” русумли ғалла ўрадиган комбайнларни лизинг олувчига лизингга бериш, лизинг олувчи эса лизинг объектлари учун шартномада белгиланган лизинг тўловларини амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Мазкур лизинг шартномаси бажарилишининг таъминоти сифатида лизинг берувчи, лизинг олувчи ҳамда кафил ўртасида 2011 йил 5 апрелда кафиллик шартномаси тузилган.
Мазкур кафиллик шартномасига кўра лизинг олувчи кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, кафил лизинг берувчи олдида лизинг олувчи билан бирга солидар жавоб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Лизинг берувчи томонидан лизинг шартномаси мажбуриятлари лозим даражада бажарилган, яъни 5 дона “Доминатор-130” русумли ғалла ўрадиган комбайнлар ўз вақтида лизинг олувчига етказиб берилган.
Лизинг олувчи эса шартномавий мажбуриятларни лозим даражада бажармаган, яъни лизинг тўловлари шартномада белгиланган тартибда ва муддатда амалга оширилмаган. Натижада унинг лизинг берувчи олдида лизинг тўловларидан қарздорлиги вужудга келган.
Шу сабабли Савдо-саноат палатаси лизинг берувчи манфаатида судга мурожаат қилиб, лизинг олувчи ва кафилдан солидар тартибда 71 973 200 сўм лизинг тўловлари ва 12 091 497 сўм пеня ундиришни сўраган.
Лизинг берувчининг важлари Биз ҳамда лизинг олувчи ўртасида 2011 йил 1 апрелда лизинг шартномаси тузилган бўлиб, мазкур шартномага кўра 5 дона “Доминатор-130” русумли ғалла ўрадиган комбайнлари лизинг олувчига ўз вақтида лизингга берилган.
Бундан ташқари, мазкур лизинг шартномаси бажарилишининг таъминоти сифатида лизинг берувчи, лизинг олувчи ҳамда кафил ўртасида 2011 йил 5 апрелда кафиллик шартномаси тузилган. Мазкур кафиллик шартномасига кўра лизинг олувчи кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, кафил лизинг берувчи олдида лизинг олувчи билан бирга солидар жавоб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Лизинг олувчига лизинг объекти ўз вақтида етказиб берилган бўлишига қарамасдан у лизинг шартномасида белгиланган лизинг тўловларини тўлаш бўйича мажбуриятларни лозим даражада бажармаган.
Шу сабабли лизинг олувчи ва кафилдан солидар тартибда 71 973 200 сўм лизинг тўловлари ва 12 091 497 сўм пеня ундириш лозим.