Суднинг ҳал қилув қарори Даъво талабларини қаноатлантириш рад этилсин.
Шарҳ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 25-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ иқтисодий судга иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ҳамда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тартибда олган фуқаролар, шунингдек корпоратив низолар бўйича ишлар кўрилаётганда тарафлар бўлган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган низоларга доир ишлар тааллуқлидир.
Мазкур Кодекс 26-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига кўра мажбуриятлар бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги тўғрисидаги низолар иқтисодий суд томонидан ҳал этилади.
Низо лизинг шартномасидаги мажбуриятлар тегишли даражада бажарилмаганлиги натижасида келиб чиққан. Низо бўйича тарафлар бўлиб юридик шахслар ҳисобланади. Шу сабабли уни ҳал этиш иқтисодий судга тааллуқлидир.
Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда ФК деб юритилади)
8 ва 234-моддаларининг мазмунидан кўринишича, мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.
Мазкур ҳолатда лизинг берувчи ва лизинг олувчининг мажбуриятлари лизинг шартномасидан келиб чиққан.
ФКнинг 587-моддасига кўра лизинг шартномаси бўйича лизинг берувчи (ижарага берувчи) бир тараф лизинг олувчи (ижарага олувчи) иккинчи тарафнинг топшириғига биноан сотувчи учинчи тараф билан ундан лизинг олувчи учун мол-мулк сотиб олиш ҳақида келишиш мажбуриятини олади, лизинг олувчи эса бунинг учун лизинг берувчига лизинг тўловларини тўлаш мажбуриятини олади.
Лизинг берувчи ҳамда лизинг олувчи ўртасида лизинг шартномаси тузилган.
Унга кўра лизинг берувчи 2 дона “Дамас” русумли автомобилни лизингга бериши, лизинг олувчи эса лизингга олинган автомобиллар учун аванс пулларини тўлаб бериб, қолган тўловларни тўлов графигига асосан амалга ошириб бориши белгиланган.
Лизинг берувчи томонидан лизинг шартномасида белгиланган мажбуриятлар лозим даражада бажарилган, яъни 2 дона “Дамас” русумли автомобиль лизинг олувчига ўз вақтида етказиб берилган.
Лизинг олувчи томонидан эса аванс пуллари шартномада белгиланган муддатларда тўлаб берилган бўлсада, тўлов жадвалида белгиланган тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган.
ФК 597-моддасининг тўртинчи қисмига кўра лизинг олувчи ўз мажбуриятларини жиддий равишда бузган тақдирда, агар лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, лизинг берувчи бўлажак лизинг тўловларини тезлаштиришни ёки лизинг объектини қайтариб олган ва зарарни ундирган ҳолда шартномани бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
“Лизинг тўғрисида”ги Қонун 11-моддаси биринчи қисмининг бешинчи хатбошига кўра, лизинг берувчи лизинг олувчи лизинг шартномасини жиддий тарзда бузган тақдирда барча лизинг тўловларини муддатидан илгари тўлашни ёхуд етказилган зарарни ундириб ва (ёки) лизинг объектини қайтиб олган тарзда шартномани бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга.
Лизинг берувчининг даъво аризаси судда кўриб чиқилаётганда, лизинг олувчи барча лизинг тўловларини лизинг берувчига тўлаб берган.
Биринчи инстанция суди лизинг олувчи лизинг берувчига тўлаб берилиши лозим бўлган барча лизинг тўловларини тўлаб берганлигини инобатга олиб, ФК 597-моддасининг тўртинчи қисми ҳамда “Лизинг тўғрисида”ги Қонун 11-моддасининг биринчи қисмини қўллашни мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблаб, асосли равишда даъвони қаноатлантиришни рад этган. Чунки лизинг берувчининг талаби лизинг тўловлари тўлаб берилмаганлигидан келиб чиққан. Лизинг олувчи эса тўлаб берилиши лозим бўлган лизинг тўловларини лизинг берувчига тўлаб бериб, низоли ҳолатни бартараф этган.
* * *
Лизинг шартномасининг объекти кўчмас мулк бўлганда, бундай шартнома албатта давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт. Акс ҳолда шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган шартнома ҳисобланади. Ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган лизинг шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилинганда, бундай талабни қаноатлантириш рад этилади.