Фердинанд ТЁннИсНИНГ СОЦИОЛОГИК КОНЦЕПЦИЯСИ
РЕЖА:
Ф ердинант Тённиснинг ҳаёти ва ижоди
«Жамоа ва жамият» асари
Ироданинг икки шакли
Шакллар социологияси
Формализм ва тарихийлик
Социология ва сиёсат
1. Тённис 1855 йил 26 июнь Ольденсворт шаҳарчаси яқинидаги Шлезвиг деган жойда, бой деҳқон ҳонадонида туғилган. У 1872 йил Страсбургдаги университетга ўқишга қабул қилинади ва университет таълимини 1875 йил Тюбингенда классик филология бўйича диссертация ишини ёқлаб, тамомлайди. Кейинчалик унинг илмий қизиқиши ортиб, кўп соҳаларни қамраб олди.
1880-90-йилларда Тённис XVIII—XIX аср ижтимоий фалсафасини ўрганди. Натижада 1896 йил Гоббсга бағишланган асарини нашр қилади.
Шунингдек, Лейбниц, Спиноза, Ницше, Спенсер, Маркс ва бошқа олимлар тўғрисида бир қатор мақолалар ёзди. Унинг бу изланишлари кейинчалик ҳам давом этди. Унинг маҳсули бўлмиш «Маркс ҳаёти ва ижоди» асари 1921 йилда дунё юзини кўргач, кўпчилик томонидан эътироф этилган.
Гоббс меросини ўрганиш Тённиснинг тарих ва ҳуқуқ фалсафасига бўлган қизиқишини ортттирди. Унинг ўз назарияси 1881 йилда ёзилган «Жамоа ва жамият» асарида ифодасини топди. Тённиснинг бу китоби кейинчалик бир неча бор қайта тўлдирилиб, нашр этилган. Айнан у олим социологик концепциясининг асосини ташкил этади.
Тённис социал статистикага ҳам қизиққан. Жумладан, жиноятчилик, қашшоқлик, ўз-ўзини ўлдириш каби муаммоларни ўрганган. 1909 йилда «Жиноятчилик социал ҳодиса сифатида» номли китобини нашрдан чиқаради. Шунингдек, назарий социология соҳасида эса «Ахлоқ» (1909), «Жамоатчилик фикрининг танқиди» (1922), «Мулкчилик» (1926), «Прогресс ва социал ривожланиш» (1926), «Социологияга кириш» (1931) каби китоблар яратган.
Кенг назарий, эмпирик ва публицистик фаолиятига қарамай Тённис академик мақомга кеч эришди. У 1913 йилда Киль университети профессори бўлди. 1910 йил Франкфуртда немис социологик жамиятини тузиш борасидаги йиғилиш бўлиб ўтди. Тённис мазкур жамият асосчиларидан бири саналади. 1921 йилда эса у немис социологик жамиятининг президенти этиб сайланади ва 1933 йил нацистлар бу ташкилотни ёпмагунча уни бошқарган.
Социал-демократик сиёсат руҳида шаклланаган Тённис Веймар республикаси тарафдори бўлган ва национал-социализм билан курашган. У жамият аъзоларини «варварлик гирдобига тушиш» хавфидан огоҳлантириш ниятида омма олдида чиқишлар қилган.
Тённис 1936 йил 11 апрелда Киль шаҳрида вафот этган.
2. Тённиснинг «Жамоа ва жамият» асари асосий ғояси жамоавий (gemeinschaftliche) ва ижтимоий (gesellschaftliche) муносабатларни таҳлил қилишдан иборат. Биринчи турдаги муносабатларга эмоция, руҳий яқинлик, боғлиқлик кабилар хос бўлиб, фаолият онгли ва эмоциялар таъсирида онгсиз бўлиши мумкин.
Тённис жамоавий муносабатларнинг қуйидаги турларини ажратиб кўрсатган:
1) уруғ ғаймоқчилик муносабатлари;
2) қўни-қўшничилик муносабатлари;
3) дўстлик муносабатлари.
Ижтимоий, яъни жамият муносабатлари эса ўзгача характерга эга. Унинг асосини рационаллик, бош тамойилини эса рационал айирбошлаш ташкил этади. Бу турдаги муносаатлар жамоа аъзолари ўртасида кам бўлиши мумкин. Аммо улар бир-бирига бегона бўлган индивидлар, хатто душманлар ўртасида ҳам бўлиши мумкин. Жамият муносабатлари ўзаро манфаат мавжуд бўлганда боғланади.
Мазкур икки турдаги муносабатлар нафақат инсонларнинг бир-бирига бўлган муносабати, балки уларнинг жамиятга бўлган муносабати билан ҳам фарқланади. Жамоада социал бутунлик мантиқан қисмларга сабаб бўлади, жамиятда эса аксинча, у қисмлардан ташкил топади. Турли жамоа ва жамиятлар – бу социал бутунликни ташкил этувчи қисмларнинг органик ва механик бирлиги.
Do'stlaringiz bilan baham: |