Эволюционизм асосчиси ва социологияда органик мактаб намоёндаси Герберт Спенсер 1820 йил 27 апрель Англиянинг Дерби шаҳрида ўқитувчи оиласида туғилади. Болаликдан нимжон ва касалманд бўлгани учун 13 ёшгача мактабга бормаган. 1833 йилда эса Кембридж университетида ўқишни бошлайди. Аммо уч йилдан сўнг уйига қайтиб кетади ва ўз устида ишлашни бошлаган. Кейинги фаолияти давомида у ҳеч қандай илмий даража олмаган ва академик лавозимларда ишламаган.
Лекин бундан асло афсусланмаган экан. Ёшлигида Спенсер кўпроқ математика ва табиий фанларга қизиққан. 1837 йилдан у темир йўлда муҳандис бўлиб ишлайди. Шу кезлардаёқ Спенсернинг қобилияти намоён бўлади. У локомотивлар тезлигини ўлчайдиган асбоб ихтиро қилади. Танлаган касби уни моддий ва маънавий томондан қониқтирмагани учун 1841 йилдан бошлаб икки йил давомида ўз устида ишлашни бошлаб, 1843 йил муҳандислик бюроси бошлиғи бўлади. 1846 йил Спенсер ўзи яратган асбоб учун патент олади. Аммо кутилмаганда яхши ривожланаётган муҳандислик каръерасини тўхтатиб, илмий журналистикага кириб кетади. Бу пайтда у кейинчалик чоп эттирган асарларини параллел равишда ёзиб борган. 1848 йил Спенсер «Иқтисод» журнали муҳаррири ёрдамчиси лавозимига кўтарилади. 1850 йилда эса ўзининг асосий асари «Социал статика» ни тугатади. Бу асар олимга қимматга тушади. Унда уйқусизлик муаммоси пайдо бўлади. Саломатлиги билан боғлиқ муаммолар кўпаявериб, у асаб касаллигига чалинади. 1853 йил унга амакисидан мўмайгина мерос қолади. Бу Спенсерга ишламай, илмий фаолият билан шуғулланиш имконини беради. Энди у фақат асарларини чоп этиш ва янгилари устида ишларди. Олимнинг асосий мақсади кўп томлик «Синтетик фалсафа», яъни барча илмий билимлар тизимини яратиш ва уни китоб қилиб чоп этиш эди. Олим мақсадига етади. Аммо нашрни тўхтатишга тўғри келди. Бунга Спенсернинг хаддан ташқари толиқиши ва асарга китобхонларнинг қизиқиши йўқлиги сабаб бўлди. Олим деярли қашшоқлик даражасига тушиб қолган эди.
Америкалик ношир билан танишуви ва асарларининг АҚШда нашрдан чиқа бошлаши унга кулиб боққан омад бўлди. АҚШда Спенсернинг ишлари Англиядан аввалроқ машҳурликка эришди. Секин-асталик билан унинг китобларига бўлган талаб ортиб, 1875 йил олим йўқотишларини буткул қоплади ва даромад ола бошлади. Бу пайтда унинг «Биология принциплари» (1864-1867), «Психология асослари» (1855, 1870-1872) ва «Социология асослари» (1876-1896) номли бир неча томлардан иборат китоблари дунёнинг кўплаб мамлакатларида нашрдан чиқди. Герберт Спенсер 1903 йил 8 декабрь Брайтонда вафот этган.
2. Герберт Спенсер ижтимоий бирликларни органиклари мисоли ҳажмдаги ўзгаришлари асосида характерлаган. Унинг назарида жамият ҳам тирик мавжудот эмбриондан бошлангани каби кичик ҳажмдаги гуруҳлар асосида пайдо бўлган. Жамиятнинг ўсиб, йириклашиб боришини икки йўл билан кечади.
Биринчиси, аҳолининг табиий ўсиши, иккинчиси, аввал бир жамиятга тегишли бўлмаган гуруҳларнинг бирлашуви орқалидир. Мазкур икки йўл биргаликда ва турли вақтда содир бўлиши мумкин. Жамият аъзолари сонининг ўсиши, мазкур жамият тизими мураккаблашувини тақазо этади. Спенсер ўсиш жараёнини интеграция жараёни билан айнаналаштирган. Интерграция эса ўз навбатида организм ёки жамият яшаб қолгиси келса, тизими ва вазифаларининг жадал дифференциациясини назарда тутади. Жамият аъзолари қанчалик турли-туман бўлса, уларнинг ўзаро бир-бирига муҳтожлик даражаси ортади.
Демак, дифференциациянинг ўсиши инсонларнинг бир-бирига бўлган эҳтиёжи ортишига сабаб бўлади. Примитив жамиятларда ҳамма ҳарбий, овчи ёки деҳқон бўлган ва ҳар бир инсон ўз эҳтиёжларини ўзи қондириб, бошқага муҳтож бўлмаган.
Жамият ривожланиб бориши билан унинг қисмлари ҳар хиллашиб боради. Бунда жамият тизимининг ўсиши, яъни турли хилдаги фаолият турлари билан шуғулланган индвидлар пайдо бўлади. Бу фаолият тури ҳар хил бўлгани билан бошқалар яшашини таъминлашга қаратилган. Натижада мураккаб жамиятларда инсонлар алоҳида ва бир-бири учун яшайди. Жамият эволюцияси давомида вазифаларни келишиб бажариш, яъни консенсусга келиш муҳим бўлиб қолади.
Чунки примитив жамият бирликлари ўхшаш бўлгани учун бир-бириниг вазифасини бажариши мумкин. Мураккаб жамиятлардаги ҳар хил вазифани бажарувчи бирликлар эса бир-бирининг вазифасини қийинчилик билан ёки буткул бажаролмайди. Уларнинг ҳаёти биргаликдаги фаолиятга асосланади. Шу жиҳатдан олиб қараганди сода жамиятлар тизими мураккаблариникига қараганда нимжонроқ саналади.
Мураккаб жамият бирликларининг ўзаро муҳтожлиги ва шу орқали вужудга келадиган жамият структурасининг нимжонлиги мазкур жараённи бошқарувчи «назорат тизими»ни яратилишига олиб келади. Ижтимоий эволюциянинг илк босқичларида назорат марказлари атроф муҳит, яъни «душман ва ўлжа» билан боғлиқ муносабатларни бошқариш учун керак. Кейинчалик эса улар давлатнинг ички ва ижтимоий назоратини ўз бўйннига олади.
Спенсер жамиятларни ички бошқарув ва назоратнинг қаттиққўллиги ва кўлами орқали турларга ажратган. Шунингдек, эволюцион мураккаблик критерийсини ҳам қўллаган.
3. Ривожланиш босқичларига кўра, Спенсер жамиятларни қуйидагича таснифлаган: оддий, мураккаб, икки ва уч карра мураккаб жамиятлар. Оддий жамиятларни олим ўз навбатида бошлиғи бор, эпизодик равишда бошлиғи пайдо бўладиган, беқарор ва барқарор бошқарувга эга жамият турларига ажратаган.
Мураккаб ва икки карра мураккаб жамиятлар сиёсий ташкилотларининг мураккаблиги жиҳатидан турларга бўлинган. Анологик равишда турли турдаги жамиятлар аъзоларининг ўтроқ ҳаётга ўтиши жиҳатидан: кўчманчи, ярим кўчманчи ва ўтроқ турларга ажратилган. Умуман олганда жамиятнинг ўзини Спенсер оддийдан мураккабга кетма-кет тарзда ривожланувчи тизим сифатида кўрсатган.
Юқоридагилардан ташқари Спенсер ички ва ижтимоий назорат шакли туфайли социал ташкилотда вужудга келадиган фарқ асосида жамиятларни ҳарбий ва индустриал турларга ажратган. Жамиятнинг уни ўраб турган бошқа жамиятларга муносабати турли хил бўлади. Тинчлик пайти ва дўстона муносабатларда ички назорат тизими у қадар кучли ривожланмайди, душманлик муносабатларида эса марказлашган ва мажбурий назорат хукм суради. Жамиятнинг ички тизими ривожланганлик даражасига эмас, балки қўшни жамиятлар билан мавжуд муносабатларга боғлиқ бўлади.
Мажбурлаш ҳарбий жамиятларнинг асосий белгиси ҳисобланади. Бундай жамиятлардаги барча ташкилотлар мажбурлаш воситасида бирлашиб, фаолият олиб боради. Аскар иродасига бу ҳолат шу қадар синдириладики, у буткул офицер буйруқларига бўйсунади. Фуқаролар эса хукумат иродаси асосида шахсий ва ижтимоий ҳаётларини олиб боришади. Ҳарбий жамиятлардаги ҳамкорлик ҳам мажбурий бўлиб, у мазкур жамият ҳаётини таъминлаб туради. Спенсер буни инсон танасидаги ташқи аъзолари марказий асаб тизимига буткул бўйсунишига қиёслайди.
Индустриал турдаги жамият эса аксинча, ихтиёрий ҳамкорлик ва индивидуал ўзини чеклашга асосланади. Унинг асосида ҳар бир шахснинг индивидуал эркинлиги ётади. Бундай жамиятларда назорат қилувчи орган тарқоқ ва марказлашмаган бўлади.
Спенсернинг назарида, жамиятларнинг мураккаблик даражаси уларнинг индустриал ёки ҳарбий бўлишига таъсир этмайди. Мураккаб жамиятлар индустриал ва ҳарбий бўлгани каби оддийлари ҳам шундай кўринишда бўлиши мумкин. Уларни ҳарбий ва индустриал турларга бўлишда мураккаблик даражаси эмас, балки жамиятнинг атрофдагилар билан душманлик ёки дўстона муносабатлари асос бўлади.
4. Спенсер дастлаб инсониятнинг бир чизиқли ривожланиши концепциясини илгари суради. Унга кўра инсоният тараққиёти (прогресс) аниқ белгилаб берилган. Ҳудди индивиднинг болаликдан етукликка эволюция босқичлари кетма-кет бўлгани каби. Спенсер ёзади: «болалик ва етуклик ўртасида ўсиш ва ривожланиш йўлини четлаб ўтишнинг имкони бўлмагани каби, ижтимоий ҳаётнинг қуйи шаклларидан юксагига ўтишнинг бошқа йўли йўқ… Бу жараённи қисартириб бўлмайди, уни чидаб ўтиш лозим». Спенсер илк асарларида эволюция жараёнини нимжонлашмайдиган, ўзгармас ва доимий мавжуд жараён сифатида кўрсатади. «Бир хилликдан ҳар хилликка томон бўлган ўзгаришлар цивилизация пргресси, шунингдек, ҳар бир миллат прогресси натижасида пайдо бўлади; у ҳозирга қадар ўсувчи тезликда давом этмоқда».
Аммо, Спенсер ўзининг кейинги асрларида инсоният эволюцияси қатъий бор бўлсада, айрим жамиятлар нафақат ривожланиши (прогресс), балки ортга қайтиши (регресс) ҳам мумкин дейди. «Жамиятларни умумий олганда эволюциядан қочиб қутилишнинг иложи йўқ… шунга қарамай уни ҳар бир алоҳида жамият учун тақазо этилган деб бўлмайди».
«Социал организм индивидуал организм каби атроф-муҳит билан мувозанат ҳолатига келгунга қадар қатор ўзгаришларга учрайди; шундан кейингина у бошқа структуравий ўзгаришларсиз ҳаётини давом эттиради». Шундай мувозанатга эришилган тақдирда эволюция ўзини прогрессив интеграцияда намоён қилади. У охир оқибат қаттиққўлликка олиб келади ва деярли якун топади.
Спенсер жамиятлар ўзларининг ижтимоий ва табиий атроф-муҳитига мос равишда ривожланади деб билган. «Прогресснинг бошқа турлари каби социал прогресс ҳам бир чизиқли бўлмайди, балки тарқалади ва ёйилади... Ер юзида инсоният тарқалиши билан турли атроф–муҳит таъсирида янги социал ҳаёт пайдо бўлган. У олдинги ҳаёт асосида ва янги шароитлар туфайли яралган; кўпаюувчи гуруҳлар баъзан кўринарли, баъзан кўринарсиз фарқларга эга бўлади: жамиятда уруғлар ва стереотиплар шаклланади».
Спенсер ўз эволюция назариясини Конт каби олимларнинг бир чизиқли концепциясидан фарқлаган. У ёввойи одамлар тўдаси ва цивилизацион дунёдаги жамиятлар битта эволюцион шаклнинг турли босқичлари эканлиги тўғрисидаги фикрга қарши чиқади. Олим социал турлар индивидуал организмлар каби бир чизиқда турмайди, яъни тарқалувчи ва ёйилувчи гуруҳларга тансифланади, деб таъкидлайди.
5. Спенсернинг ижтимоий институтлар борасидаги қарашлари функционал терминларда ўз ифодасини топган. У социал институтни инсонлар биргаликдаги фаолиятини бошқарувчи механизмлар деб билган. Уларни кўриб чиқиш давомида олим инсон фаолияти кутилмаган натижаларга олиб келади деган.
Чунки мазкур фаолият субъектнинг режалаштирган мақсад ва мотивациялари эмас, балки функционал ва структуравий эҳтиёжлар натижасида вужудга келади. Спенсер ижтимоий институтларни эволюцион босқичлари ва функциялари нуқтаи назаридан ўрганишни таклиф қилган.
Спенсер Контдан фарқли ўлароқ кўпроқ индивидуализм тарафдори бўлган. Конт ҳар бир индивид жамиятга тўла бўйсунади деса, Спенсер жамият пайдо бўлишини индивидларга боғлаб, жамиятни шахс мақсадлари такомиллашуви воситаси деб билади. Унга кўра, инсонлар аввал бошдан манфаат юзасидан ҳаётларини ўзаро боғлашган. Натижада жамият пайдо бўлиб, инсонларнинг яшаш шароитлари яхшиланади. Бу эса жамият барқарор мавжудлигини таъминлайди. Спенсер индивидуалистик ёндашув тарафдори сифатида жамият хусусиятлари уни ташкил этувчи индивидлар хусусиятларига боғлайди. «Инсон тўплами билан ифодаланган исталган ҳодиса оқибатда инсоннинг ўзидан келиб чиқади».
Спенсер ижтимоий ва биологик организмни қиёслайди. Биологик организм тери ичига маҳкум қилинган бўлса, ижтимоий организм эса тил воситасида боғланган. Ҳайвон органлари конкрет бутунликни, жамият қисмлари ноаниқ бутунликни ташкил этади. Ижтимоий организм бирликлари ўзаро тил орқали мулоқотга киришишади. Бу физик жиҳатдан инсонларнинг бир-бирига таъсирини назарда тутмасада, бошқа турли воситаларни назарда тутади. Мисол учун телефон, хат, интернет, китоб, газета кабилар.
Биологик организмда онг унинг бир қисмида мужассамлашган. Ижтимоий организмда эса у бутун тўплам бўйлаб тарқалган бўлади. Ҳар бир жамият аъзосининг ўз фикрлари, қарашлари, қайғу ва эмоциялари мавжуд бўлади. Жамият ўз аъзоларининг фаровон ҳаётини таъминлаши керак, аксинча эмас.