6-боб. ИССИҚҲОНАЛАРДАН ЙИЛ ДАВОМИДА (УЗЛУКСИЗ) ФОЙДАЛАНИШ ТИЗИМИ
Ҳимояланган ердан унумли фойдаланиш. Ҳимояланган ер майдонидан унумли фойдаланиш деганда маҳсулот бирлигига энг кам маблағ ва меҳнат сарфлаб экин ўстириладиган иншоотларнинг инвентар майдонини ҳар 1 м2 дан сабзавотларнинг хилларидан режалаштирилган энг юқори маҳсулот олишни таъминлайдиган чора-тадбирлар тизими тушунилади.
Экинлар айланиши, уларнинг аҳамияти ва тузиш асослари. Ҳимояланган ер иншоотларидан унумли фойдаланишда экинлар айланишини тўғри тузиш муҳим шартлардан ҳисобланади.
Экинларнинг айланиши – бу, ҳимояланган ер майдонларидан самарали фойдаланиш, янги сабзавот ва кўчатларни ишлаб чиқариш бўйича белгиланган вазифанинг бажарилишини таъминлайдиган бир фойдаланиш мавсуми учун тузилган экинларни навбатлаб жойлаштириш шаклидир.
Экинларнинг айланишида сабзавот маҳсулотлари энг фойда келтирадиган муддатларда, бир меъёрда чиқиши ва эрта етиштириш назарда тутилиши зарур. Экинларнинг айланиши касаллик ва зараркунандаларга қарши курашга, ўғитлардан мақсадли фойдаланишга, микроиқлим шароити, иш кучидан тўғри фойдаланишга, аҳоли талабига мувофиқ маҳсулотни конвейер усулида етказиб беришга ва унинг таннархини пасайтиришга олиб келади.
Экинларнинг айланиши ҳар бир экин ўстириладиган иншоот учун алоҳида тузилади. Аммо бу, экинларнинг навбатлаб жойлаштириш вариантлари сони иссиқхоналар сонига тўғри келиши керак дегани эмас. Одатда, 2-3 вариантдан иборат экинларнинг айланиш намунаси етарли бўлиб, бир гуруҳли экин ўстириладиган иншоотларда экинлар ўзаро алмаштирилади.
Экинларнинг айланишида нафақат хўжалик жиҳатидан асосланган экинларнинг жойлаштириш шакли, агротехникаси, фойдаланиш муддати ҳам назарда тутилади, балки юза бирлигидан олинадиган маҳсулот, ялпи маҳсулот ва маҳсулотни ойлар бўйича турли хилда (ассортиментда) чиқиши ҳамда иссиқхоналарнинг янги мавсумга тайёрлаш муддатлари ҳам назарда тутилади. Экинларнинг айланиши, очиқ ерга кўчат етиштириш ва сабзавот маҳсулотини ишлаб чиқариш режасига биноан лойиҳалаштирилади. Экинлар айланиши лойиҳалаштирилаётганда маҳсулот кўп чиқишини таъминлаш учун майдондан тўлиқ фойдаланиш, экин турларини ва улар алмашинишини тўғри танлаш, маҳсулотни энг кўп фойда келтирадиган муддатда етказиб беришга алоҳида эътибор бериш керак. Улар шундай лойиҳалаштириш керакки, ёз фаслининг иссиқ кунлари ва бинони экишга тайёрлаш давридан бошқа вақтда, фойдали ер майдонининг бир метр квадрати ҳам бўш турмаслиги керак. Ўзбекистонда барча таъмирлаш ва тайёргарлик ишлари ёз фаслининг иссиқ даврига режалаштирилади.
Ўсимликларнинг бир айланишида уларнинг иссиқхонада бўлиш муддатини қисқартирадиган усуллардан: сараланган ва ундирилган уруғ ва экиш ашёларидан фойдаланиш, озиқали кубикларга пикировка қилинган, яхши ривожланган, илдамлаб кетган кўчатларни экиш ва тезпишар навлардан фойдаланиш режалаштирилиши керак.
Ҳар бир экин учун, уни биологик хусусиятларига мос келадиган, арзон турдаги иншоотлар танланади. Иншоот турлари хусусияти ва иқлимий шароитлар ҳисобга олиниб, экинларнинг экиш муддати ва жойлаштирилиши режалаштирилади.
Экинлар айланиши тузилганида, парник ва иссиқхоналарда етиштиришга, маҳсулот таннархи очиқ ерда етиштирилганлар билан рақобатлаша олмаслиги назарда тутилиши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |