Ведалар фалсафаси. Ведалар юқорида айтганимиздек, асосан, диний мазмундаги қўшиқлардан иборат бўлиб, улар оламни ўрганиш мақсадида яратилган. Демак, ўз-ўзидан равшанки, уларда қадимий ҳинд жамиятининг диний-фалсафий дунёкараши, олам ва борлиқ, инсонлар жамоаси ҳақидаги илк қарашлари ўз аксини топган. Қадимги ҳинд донишмандлари оламнинг пайдо бўлиши, ундаги қонун-қоидалар, жамиятдаги ижтимоий муаммолар ва тенгсизликларга жавобни биринчи бўлиб Ригведадаги қўшиқлардан излаганлар. Ригведада оламнинг пайдо бўлиши ҳақидаги афсоналар қўшиқ қилиб куйланган. Инсоният қачон ва қандай қилиб пайдо бўлган, у қачон фикрлай бошлаган, у нималар ҳақида фикр юритган ва бошқа шунга ўхшаш турли саволларга жавоб берувчи қўшиқлар ведалар мазмунида учрайди. Веда қўшиқлари таркибида нафақат бу дунё ва инсоният ҳақида, балки у дунё, инсон вафотидан кейинги руҳият олами ҳақида ҳам турли тахминлар, турли хил фалсафий қарашларини учратиш мумкин. Ҳинд диний-фалсафий қарашлари нуқтаи назаридан инсоннинг бу дунёдаги ҳаёти руҳ тараққиётининг маълум бир даври бўлиб, унда инсон ўзининг турли яхши ёки ёмон хатти-ҳаракатлари билан ўз руҳиятини яхши ёки ёмон томонга ўзгартириши мумкин. Шу сабабли ҳам жаннат ва дўзах тушунчалари мавжуд бўлиб, инсон ўз қилмишларига яраша вафотидан кейин ёки жаннатга, ёки дўзахга тушади, деган қарашлар ўша ведалар даврдаёқ мавжуд бўлган.
Ҳиндуизмда яна бир “пунаржанам”, яъни қайта туғилиш ҳақидаги қарашлар мавжуд. Унда, инсон бир неча минг бор қайта туғилади ва бу жараён инсон то покланиб, Олий Ҳаққа қўшилиб кетгунига қадар давом этади, деб тушунтирилади. Бунинг учун эса инсон ҳар бир туғилганида ўзининг яхши ишлари билан ўз руҳиятини поклаб тезроқ яратган Тангрига қўшилиб кетиш учун ҳаракат қилиши лозим, дейилади. Ҳинд жамиятида қайта туғилиш тушунчаси бугунги кунгача ҳам ҳинд халқининг диний дунёқарашида кун тартибидан тушмаган ақидалардан бири бўлиб қолган. Ҳиндуизм фалсафисига кўра инсон бўлиб туғилиш бу жазо ҳисобланган. Халқ орасида, хаттоки, ёмон маънода «қайта туғилиш занжирида яшагин» деган қарғиш ҳам мавжуд.
Оламни ўрганишда қадимий ҳинд халқи табиатнинг яралиш фалсафасига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Уларнинг фалсафий қарашида олам ҳам, инсоният ҳам ва барча мавжудот асосан тўрт нарсадан (унсурдан) ташкил топган, булар - тупроқ, хаво, сув ва эфир. Шу боис, гуллар орасида нилуфар гули ҳинд халқи учун энг муқаддас гул ҳисобланади. Чунки, айнан мана шу гул ўсиб униш жараёнида ўша тўрт унсур билан ҳамиша чамбарчас боғлик равишда унади ва яшайди. Яъни, унинг илдизи тупрокда, танаси сувда ва гули ҳавода очилади. Хаттоки, кўпмаъбудлик хукм сурган ҳинд жамиятидаги илм маъбудаси Сарасвати ҳам тасвирларда ҳамиша нилуфар гули устида турган ҳолда тасвирланади. Қушлар орасида товус муқаддас қуш бўлса, йиртқич ҳайвонлар орасида эса шер ва йулбарс муқаддас ҳайвон ҳисобланади. Сарасвати маъбудаси тасвирларда шер ёки йулбарс минган ҳолда ҳам тасвирланади. Ведалардаги олам ҳақидаги диний-фалсафий қарашларнинг барчаси айнан ўша маъбудлар тизими билан боғлик. Ведалар даврида турли хил диний маросимлар ўтказилиш жараёнида ҳинд халқининг турли урф-одат ва расм-русумлари шакллана борган ва веда қўшиқлари орқали улар бизгача етиб келган.
Ҳинд жамиятида ҳар бир даврнинг ўз маъбудлар тизими мавжуд. Ведалар даврининг ўз маъбудлар тизими бўлиб, улар веда маъбудлари номи билан юритилади. Кўп асрларгача ҳинд жамиятида инсоният учун эътиқод объекти бўлиб келган маъбудлар номи табиий воқеа ёки ҳодиса номи билан юритилган. Жумладан. Агни - олов маъбуди, Ваю - шамол ва ҳаво маъбуди, Сурья - қуёш маъбуди, Ушас -тонг маъбуди, Сома - ичимликлар маъбуди, Рудра - ўрмон ва тоғлар маъбуди, Индра - осмон ва момақалдироқ маъбуди ва бошқалар. Ҳинд мутахасиссислари ведалар даври маъбудаларини 3333 та деб ҳисоблайдилар. Индра барча маъбудлар маъбуди сифатида тан олинади.
Ҳиндистонда ведаларнинг бугунги кундаги ахамияти масаласига келсак, бу борада шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, ведалар бутун Ҳиндистон адабиётининг асоси ҳисобланади. Уларда бугунги кундаги кўпгина илмларнинг асоси шаклланганлиги аниқланган. Айникса, адабиёт борасида дастлабки шеърият, дастлабки назм ва наср хам, драматургиянинг асосий элементлари - дилог, монолог, мимикалар ҳам айнан мана шу ведалар таркибида шаклланган. Нафақат адабиётда, балки табиий фанлар сохасидаги дастлабки қарашлар ҳам ведаларда ўз аксини топган, дейилади. Бугунги кунда деярли ҳар бир соха мутахассиси бирон бир илмий тадқиқот ишини бошлаганида ўз мавзуси ҳақида ведаларда бирон бир сўз борганми, йўқми деган масалани ўрганишдан бошлайди. Веда ҳанузгача ҳинд жамияти учун борлиқ ва инсоният ҳақидаги илм манбаи бўлиб хизмат қилиб келмоқда. У санскрит тилини ўрганишда ҳам энг яхши манба саналади.
Веда мазмунини ўрганиш ҳозирги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотгани йўқ. Ҳиндистоннинг Жавахарлал Неру университети ҳудудида Санскрит университети очилган. У ерда санскрит тили ва адабиёти бўйича бакалавр, магистр ҳамда фан доктори илмий даражаларини олиш мумкин. Ҳиндистон ҳукумати томонидан бу университетга асос солинишидан асосий мақсад ҳинд халқининг қадимий меросини яна ҳам чуқурроқ ва ҳар томонлама ўрганишдан иборат. Бу университетда дарс ҳам, тадқиқот ишлари ҳам фақат санскрит тилида ёзилади, илмий анжуманлар ҳам санскрит тилида олиб борилади. Бир сўз билан айтганда, ҳинд аадабиётининг илк намунаси бўлган ведалар илм, зиё, нур сифатида ҳинд жамиятига сал кам олтмиш асрлардан бери хизмат қилиб келмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |