Бхарата тимсоли. Кекеянинг ўғли. Жуда ақлли ва одобли ҳамда меҳрибон ука. У асарда онасининг хатоси туфайли туҳматга учраб, маълум вақтгача халқнинг нафратига учрайди. У онасининг айби билан тахтга ўзи билмаган ҳолда ворис бўлиб қолади ва виждон азобида қийналиб то онасининг гуноҳини ювмагунига қадар тинч ўтиролмайди. Айниқса, тахтдан воз кечиб ўрмонга кетганини ўз кўзи билан кўрган халқ унинг бегуноҳ эканлигига ишонч ҳосил қилади ва Бхаратага аввалгидан ҳам ортиқроқ ҳурмат назари билан қарай бошлайди. Ҳиндистонда Бхарат садоқат тимсоли сифатида биринчи ўринда туради ва бадиий асарларда жуда кўп қиёсланади.
Лакшман тимсоли. Лакшман Кекеянинг иккинчи ўғли, Рамнинг укаси. У акаси Рамни шунчалик яхши кўрадики, ҳатто ўзининг қондош акаси Бхарат тахтга ворис деб эълон қилинганида бундай ноҳақликка асосланган аканинг салтанатида яшашдан бош тортиб, Рам билан бирга ўрмонга сургунга кетади. Эпос воқеаларида, айниқса ўрмон ҳаёти тасвирларида Лакшманнинг Рамга садоқатини кўрсатувчи турли воқеалар жуда кўп баён этилган. амга нисбатан іиган юксак даражадаги садоРамРааи лдмщзмщРамга
Раван тимсоли. Шри Ланка юртининг ёвуз шоҳи. Унинг салтанатида халқнинг ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқи йўқ, кўп йиллар давомида аёвсиз эзиб келганлиги сабабли халқ жонидан тўйган. Фақат Рамгина унга бас кела олади ва Ланка юртини бу ёвузнинг чангалидан қутқаради.
Хануман тимсоли. Ўрмонда маймунлар шоҳи. Рамнинг ўрмондаги саргузаштларида, Раванни енгишида жуда катта ёрдами тегади. Ситани Раван чангалидан қуткариш режасини айни Хануман амалга оширади. “Рамаяна”даги маймунлар воқеаси орқали Хануман ҳинд халқи учун эътиқод объекти бўлиб қолган. Эпос воқеаларида яна бир қанча иккинчи даражали ижобий ва салбий иштирокчилар тасвирланганки, улар асар бош ғоясини очиб беришга, эпоснинг бош ғояси бўлган яхшилик ва ёвузлик ўртасидаги кураш жараёнларини чуқурроқ англашга хизмат қилади.
Эпоснинг бугунги кундаги аҳамияти. «Рамаяна» эпосида баён этилган воқеалар милоддан аввалги иккинчи минг йилликларда бўлиб ўтган деб таҳмин қилинади. Лекин, бу асар ҳали ҳануз ҳинд жамиятидаги ўз аҳамиятини йўқотмаган. “Рамаяна” эпоси Ҳиндистон диёри ҳақидаги қомусий асар бўлиб, ҳам Ҳиндистон тарихи, ҳам ҳинд халқининг ички олами, дунёқараши, миллий урф-одатлари ва анъаналари, қадимий ҳинд халқининг диний-фалсафий қарашларини ўрганишда энг муҳим манба сифатида сақланиб қолмоқда. Шу билан бир қаторда Ҳиндистон халқлари адабиётининг фундаменти, десак ҳам хато бўлмайди. Чунки, эпоснинг таъсири Ҳиндистонда шунчалик кучлики, бу ўлкадаги ҳар бир миллат вакили ўз миллий адабиётини яхши билмаслиги мумкин, лекин “Рамаяна”ни билмайдиган ҳиндустонликни топиш амри маҳол.
«Рамаяна»нинг энг машҳур иккинчи нусхаси бу ўрта аср шоири Тулсидаснинг “Рамачаритаманаса” асаридир. Бу асар ўша қадимги «Рамаяна»нинг қайта ишланмаси бўлиб, фақат ўрта аср халқ тилларидан бири авадҳи тилида яратилган ва унда шу давр мафкураси бўлган бҳакти таълимотининг ғоялари кучли акс этган. Тулсидаснинг ўзи эса Рам маъбудини бутун борлиғи билан севган ва ўз ижодини уни куйлашга бағишлаган. Рамаянанинг мана шу иккинчи - ўрта аср нусҳаси бугунги кунда ҳинд жамиятида санскрит тилидаги қадимий “Рамаяна”дан ҳам кўра кўпроқ оммавийлашган. Ҳар йили Рамлила (Рам туғилган кун) нишонланганида Тулсидаснинг «Рамачаритаманаса» асари ўн икки кун давомида халқ томонидан Рам ибодатхоналарида кеча-ю кундуз бетўхтов ўқилади ва охирги ўн учинчи куни ёвуз кучлар тимсоли бўлган Раваннинг енгилгани нишонланади, катта-катта майдонларда Раваннинг қўғирчоғи ясалиб, халқ олдида адолат ғалабасининг рамзи сифатида ёқиб юборилади, халқ буни байрам қилади, хурсандчилик қилади, ширинликлар тарқатилади. Чунки, Раваннинг ёқилиши рамзий жиҳатдан яхшиликнинг ёвузлик устидан қозонган ғалабасини англатади. Эртасига эса халқ севган Дивали - олов байрами нишонланади. Байрамнинг номи ҳам унинг мазмунидан олинган, чунки «дипак» - «шам, олов» деган маънони англатади ва бу куни халқ ўз уйида, кўчаларда, ишхоналарда, барча-барча ерларда олов ёқиб, оловли мушаклар отиб хурсандчилик қилади. Бу байрамни нишонлаш вақти ҳар йили тақвим асосида октябрь ойида янги ой чиқадиган кун нишонланади.
«Рамаяна» воқеалари Айодҳьяда бўлганлиги сабабли Айодҳья ҳиндуларнинг муқаддас зиёратгоҳи бўлиб келмокда. Кейинчалик “Рамаяна” эпоси кўпгина тилларга таржима қилинган. Жумладан, Ҳиндустон яриморолидаги турли элат ва миллатларнинг тилларига, чет тиллардан инглиз, немис, француз, рус ва хатто ўзбек тилига ҳам таржима қилинган. Ҳиндистонда «Рамаяна» кўпгина мактаб дарсликларига ҳам, ёшларни одоб ва ахлоққа ўргатиш, ўз миллий қадриятлари ва диний анъаналарини унутмасликлари учун болалар китобига ҳам киритиб келинади. Ҳиндистон халқлари ҳаётида “Рамаяна”нинг аҳамияти ҳақиқатан ҳам ҳар жиҳатдан беқиёсдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |