Эпоснинг қисқача мазмуни қуйидагича: Ой сулоласига мансуб бўлган шоҳ Душянта кунлардан бир кун ўрмонга овга чиқиб бир авлиёнинг қизи Шакунталани кўриб севиб қолади ва унга уйланади. Улар бир ўғил фарзанд кўрадилар ва ўғилларига Бхарата деб исм қўядилар. Душянта жуда одил ва халқпарвар шоҳ сифатида халқ орасида обрў қозонган эди. Душянта ўғли Бхаратани тахт вориси сифатида барча илмларга ўргатади. Анъанага кўра Бхарата отасидан кейин тахтга ўтиради ва у ҳам худди отасидек одил шоҳ сифатида донг таратади. Бхаратанинг ўзидан кейинги авлодлари ҳам ўз ота-буваларидек мамлакат ва халқни тинчлик ва осойишталик билан таъминлаб, ўз сиёсатларини фақат халқ манфаатини кўзлаган ҳолда олиб борадилар. Бхаратанинг набираси Ҳастин шоҳ бўлганидан кейин ўз юртига янги пойтахт қурдиради ва бу шаҳар унинг номи билан, яъни Ҳастинапур деб номланади ва бу шаҳар Бхараталар сулоласининг пойтахтига айланади. Ҳастин шоҳининг набираси Куру бўлиб, унинг еттинчи авлоди бўлган Шантану балиқчининг қизи Сатьяватини севиб қолади ва унга уйланади. Шантану Сатьяватидан ўғил кўради ва унинг исмини Бхишам деб қўяди. Кейин у яна бошқа бир аёлга уйланади. Ундан ҳам икки ўғил кўради. Иккинчи аёл ўз ўғилларини тахт вориси қилиш мақсадида Шантанунинг катта ўғли Бхишамга уйланмаслик шартини қўяди. Бхишам ўгай онасининг шартига кўнади. Иккинчи аёл ўғилларини уйлантиради ва оз вақт ўтмай иккала ўғли ҳам оламдан ўтиб, келинлари эса бева бўлиб қоладилар. Тахт вориссиз қолади. Унинг келинлари Амбика ва Амбаликалар фарзандли бўлишлари учун қайнонаси авлиё Вьясадан ёрдам сўрайди. Авлиё Вьяса тахт вориссиз қолгани сабабли иккала келинга ҳам дуо ўқиб фарзанд ато қилади. Катта келин Амбика бир кўр ўғил кўради ва унинг исмини Дхритараштра деб қўяди. Кичик келин ҳам бир ўғил кўриб унга Панду деб ном беради. Қайнона хизматкор аёлни ҳам дуо қилдиради ва ундан ҳам бир ўғил туғилиб унга Видур деб исм қўядилар. Катта ўғил кўр туғилгани учун тахт вориси қилиб Панду эълон қилинади. У Кунти исмли бир шоҳ қизига уйланади.
Дхритараштра ҳам қўшни шоҳ қизи Гандхарига уйланади. Пандунинг иккинчи аёли ҳам бор эди. Кунлардан бир кун у ўрмонга овга аёллари билан чиққанида дайди бир найза санчилиб у оламдан ўтади. Унинг аёллари фарзандсиз қоладилар. Унинг биринчи аёли Кунти жуда покиза аёл бўлганлиги сабабли қизлик даврида маъбуд унга бир дуо мархамат қилган бўлади. Бу дуони ўқиб фарзанд кўриш мумкин эди. Кунти ўша дуо ёрдамида осмон маъбудларидан уч ўғил кўради ва уларнинг исмини Юдхиштхир, Аржун ва Бхим деб атайди. Бу дуони у ўз кундошига ҳам ўргатади ва у ҳам икки ўғил кўриб исмларини Накул ва Сахдев деб атайди. Натижада Пандунинг икки аёли беш ўғиллик бўладилар. Дхритараштра эса юзта ўғил кўради ва уларнинг орасида энг каттаси Гандхарининг ўғли Дурйодхан эди. Уларни Курузодалар ва Пандунинг ўғилларини Пандузодалар деб атай бошлайдилар. Бу икки ака-ука фарзандларига жуда яхши илм берадилар, уларнинг устози Дрон уларга харбий санъат сирларига ўргатади. Пандузодалар Бхарата авлодлари ичида ҳар соҳада курузодалардан устун келар эди. Уларнинг харбий маҳорати, ахлоқ одобининг намунали эканлиги ҳақида устозлар ҳам жуда кўп гапирар эдилар. Шу сабаб курузодалар ёшликдан пандузодаларга душман туйғусида катта бўладилар. Курузодаларнинг пандуларга қарши тарбиялашда, айниқса, уларнинг тоғаси Шакунининг таъсири катта эди. Уларнинг пандузода туфайли тахт ворислигидан маҳрум бўлиб қолишлари мумкинлиги ҳақидаги фикрни ҳам улар онгига сингдирган уларнинг тоғаси Шакуни эди.
Улар катта бўлгунча Ҳастинапур тахтини кўр Дхритараштра ўз амакиси Бхишам ва укаси Видурлар маслаҳати остида бошқариб туради. Болалар катта бўлганидан сўнг анъанага кўра Пандунинг ўғиллари тахт вориси, деб эълон қилинади. Буни эшитган кўр Дхритараштра ва унинг Дурйодхан бошчилигидаги юзта ўғли ғазаб отига миниб, тахтни Пандузодалардан тортиб олиш режасини туза бошлайдилар. Улар Пандузодалардан қутулиш мақсадида бир-неча марта турли найранглар, суиқасдлар ташкил этадилар, лекин пандузодаларга ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар. Шундан сўнг давлат икки йирик гуруҳга бўлинади: Дурйодхан бошчилигидаги Курузодалар ва Юдхиштхир бошчилигидаги Пандузодаларга. Уларнинг бобоси Бхишам ва амакилари, бош вазир Видур тахтнинг асл ворисдорлари пандузодалар эканлигини яхши англасалар-да, Ҳастинапур салтанатининг бугунги шоҳи Курузодаларнинг отаси кўр Дхритараштра томонида туришга мажбур эдилар. Тахт учун курашда ҳам салтанат обрў - эътиборини халқ олдида сақлаб туриш ҳамда кўр шоҳ Дхритараштрага тахтни бошқаришда ёрдам бериб туриш учун ҳам улар шоҳ томонида туриб жанг қилишга мажбур бўладилар.
Уларнинг бобоси ақл заковатда тенги йўқ Бхишам ўз жиянлари бўлган куру ва пандузодалар ўртасида жанг чиқмаслиги учун қўлидан келган барча чораларни кўради, охири уруш олдини олишнинг ягона йўли деб Ҳастинапур тахтини икки авлод ўртасида тенг бўлишга ҳам борадилар ва Ҳастинапурни иккига ажратиб, қурузода ва пандузодаларга бўлиб берадилар. Пандузодалар ўзларига берилган ерда бир шаҳар барпо этадилар ва унга Индра маъбудининг номини, яъни Индрапрастха (ҳозирги Деҳли шаҳри) деб ном берадилар. Лекин оз вақт ўтар-ўтмас тахтга тўймаган курузодалар саркардаси Дурйодхан пандузодалар қурган бу шаҳарга ҳам кўз олайтира бошлайдилар ва бу ерларни яна қайта ўзлариники қилиб олиш мақсадида найранг йўлига ўтиб пандузодаларни қимор ўйинига таклиф этадилар. Бу ўйинга Бхишам ҳар қанча қарши чиқмасин Курузодалар буни ўйин-ку, - деб бувасини алдаб асл мақсадларини яширадилар. Пандузодалар қимор ўйинида бор-йўқларини ютказиб, ўйинга ўз салтанатлари ерларини ҳам тикишга мажбур бўладилар. Ўз ерларини ҳам ютқазган пандузодалар қиморга аёллари Драупадини ҳам тикадилар ва уни ҳам ютқазиб қўядилар. Кўпчилик орасида шарманда бўлган пандузодаларни Дурйодхан ўрмонга ўн икки йилга сургун қилиш шартини қўяди. Ўн икки йил давомида пандузодалар ўрмонда оналари Кунти ва аёли Драупади билан жуда кўп саргузатларга учрайдилар, кўп қийинчиликларни бошдан кечирадилар. Ўрмондаги азизу-авлиёлар билан суҳбатлашиб турли илмларга, айниқса ҳаёт сабоқлари илмига ўрганадилар. ўн икки йилги сургундан кейин Пандузодалар ўз мамлакатларига қайтганларида Курузодалар уларнинг ерини тортиб олиш мақсадида яна турли хил ҳийла-найранглар ўйлаб топа бошлайдилар, ҳеч қандай натижага эриша олмагач улар ўртасидаги низо урушгача етиб боради. Бхаратанинг икки авлоди ўртасида Ҳиндистон тарихидаги тахт учун буюк жанг бошланади. Бу жангда Курузодалар харбий куч ва сипоҳлар сони жиҳатидан пандузодаларга нисбатан анча кучли эдилар. Пандузодаларда эса қурол-яроғ ҳам, сипоҳлар ҳам, жуда кам эди. Фақат адолат улар томонида эди. Шу сабаб маъбуд Кришна ёрдамида улар Курузодаларни енгиб чиқадилар. Уларнинг тоғаси Кришна асарда оддий бир чўпон образида яратилган бўлса-да аслида у маъбуд Кришна эди. Кришна маъбуд бўлгани сабабли ҳам адолат томонида бўлиб, ўз жиянларига ҳар томонлама ёрдам бериб ҳақиқатни юзага чиқишида уларга кўмаклашади. Жанг майдонида пандузодаларнинг иккинчиси бўлган Аржун курулар томонида мажбуран туриб курашаётган ўз бобоси Бхишам ва амакиси Видурларга қарши жанг қилишдан бош тортади. Шу сабаб Кришна урушга киришишдан аввал жанг майдонида камонбоз Аржунга ўзининг ҳаёт ва инсоният ҳақидаги ўгитларини сўзлаб беради. Унинг бу сабоқларидан мақсад Аржун орқали инсониятга адолат ва разолат нима, ҳақиқат ва ёлғон нима, инсоният ва дунё нима эканлигини тушунтирувчи илмларни, ҳаёт сабоқларини етказиш ҳамда Аржунни жанг майдонига бобосига ёки акасига қарши эмас, балки ҳақиқат ва адолат ғалабаси учун киришаётганини тушуниши лозимлигини турли мисоллар орқали тушунтириб, уни адолат учун жангга чорлаш эди. Кришнанинг мана шу ўгитлари ҳинд халқининг муқаддас китоби бўлган «Бхагавадгита» китобининг мазмунини ташкил қилади. Демак, буюк Бхаратанинг еттинчи авлоди ўртасида тахт учун бўлган буюк жанг тарихи «Маҳабхарата» эпоси воқеаларининг асосий қисмини ташкил қилади.
«Маҳабхарата» эпоси, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, ҳинд адабиётидаги анъанавий рамкалаш усулида яратилган. Рамкалаш усули деб, маълумки, бир асосий сюжет ичида ўз ғояси билан асарнинг бош ғоясига тобе бўлган бир қанча катта-кичик ҳикоят ва қиссаларнинг қўшилиб келишига айтилади. Бунда ушбу ҳикоя мазмун жиҳатидан асарнинг етакчи воқеасига боғлиқ бўлмаса-да, лекин ўз ғояси билан асардаги маълум бир ғояни тасдиқлаш, тўлдириш вазифасини бажаради. Рамкалаш усули қоидасига кўра бундай ҳикоялар асосий сюжетга чексиз равишда қўшилавериши мумкин. «Маҳабхарата» эпосининг ўта катта ҳажмдаги асар эканлигига биринчи сабаб ҳам унинг рамкалаш усулида яратилганлигидир.
«Маҳабхарата» эпоси барча қадимий асарлардек кўп йиллар давомида оғиздан-оғизга кўчиб юрган. Бу давр мобайнида у турли хил ўзгаришларга учраган, унинг таркибига турли хил ҳикоялар қўшилиб, унинг ҳажми баъзан катталашиб, баъзан кичиклашиб турган. Лекин унинг бош воқеаси, унинг ғоявий йўналиши деярли ўзгаришсиз қолган.