4-боб.
ҚАДИМГИ ҲИНДИСТОН АДАБИЁТИ
1. Ведалар – илк адабий ёдгорлик
Қадимги ҳинд адабий меросининг асотир даври милоддан аввалги учинчи минг йилликлардан милодий учинчи асрларгача бўлган тарихни ўз ичига олади. Бу давр ўрталарида Ҳиндистон субконтинентига шимолдан бир гуруҳ қабилаларнинг кириб келиш жараёни юз берган бўлиб, улар “орийлар” номи билан тарихда қолган. Бу элатлар шу ерда яшаб қолиб, махаллий халқ билан чатишиб кетган. Ведаларнинг асосий қисми айнан шу орий қабилаларга тегишли деб тахмин қилинади.
Қадимий Ҳиндистон адабиёти диний-фалсафий қарашлар ва ғояларга бой бўлган, қадимий давр ҳинд халқининг дунёқараши, яшаш тарзи, урф-одатлари ва муаммолари акс этган ведалар, яхшилик ва ёвузлик ўртасидаги кураш, инсон маънавияти, ахлоқ ва панд-насиҳатлар, инсон ва жамият ҳақидаги асосий билимлар жамланган эпослар ва эртаклардан, шунингдек, ўзига хос диний дунёқарашни акслантирувчи буддавийлик ва жайнийлик таълимотларига мансуб адабий мерос ҳамда уч китоб - брахманлар, араньяклар ва упанишадлардан иборат ведаларга якуний изоҳлар битилган тўпламлардан ташкил топади.
Қадимий Ҳиндистон халқларидан бизгача етиб келган илк адабий мерос бу ведалар ҳисобланади. Ведаларнинг таркибида диний кўшиқлар, яъни мадҳиялар, диний-фалсафий баҳс ва суҳбатлар, ибодат ва сеҳр-жоду мавзусидаги шеърий мисралар жамланган.
”Веда” сўзи санскрит тилидан олинган ва у “билим, илм” деган маъноларни англатади. Ведалар кўп йилларгача диний китоблар сифатида адабиётда ўрганилмаган. Лекин, кейинчалик бошқа ёзма ёдгорликлар топилмагач, уларни яна қайта ўрганиш, қўшиқлар мазмунига чуқурроқ кириб бориш асосида веда тўпламлари адабий ёдгорлик сифатида тан олинган. Чунки, ведалар турли маъбудларга бағишланган мадҳия-қўшиқлар мажмуасидан иборат бўлиб, бир қарашда улар фақат диний мавзуда яратилгандек туюлиши мумкин. Аслида эса ведалар таркибида дин билан боғлиқ бўлмаган оддий - табиатга, табиий ҳодисаларга бағишлаб ёзилган қўшиқлар ҳам кўпчиликни ташкил этиши аниқланган.
Ведалар асосан Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбида, яъни Ҳинд ва Кобул дарёлари ўртасида ва ҳозирги Панжоб штатининг бир қисми билан туташган худудларда яратилган. Ведаларда ўша давр жамоаларининг олам ва борлиқ ҳақидаги илк қарашлари, унинг хусусиятлари, маъбудларга келтириладиган қурбонликлар ва шу жараёнда амалга ошириладиган расм-русумлар, мадҳияларга мусиқа танлаш каби мавзулар ўз аксини топган.
Веда қўшиқлари асрлар давомида яратилган бўлганлиги сабабли кўп ўзгаришларга учраган. Чунки, вақт ўтиши билан бу қўшиклар кейинги давр муаллифлари томонидан яна янги билимлар ва янги мазмун билан бойитилиб, тўлдириб борилган. Қадимий халқларнинг олам ҳақидаги қарашлари турли мифлар-асотирлар мазмунида акс этганидек, қадимги ҳинд халқининг Борлиқ ҳақидаги тасаввурлари ҳам ведалар орқали бизгача етиб келган. Ведалар орқали ўша давр инсонларининг яшаш тарзи, касби, иш қуроллари, ҳайвонлар ҳақидаги маълумотларни ўрганиш мумкин. Жумладан, ўша даврдаги иш қуроли бронза ва темирдан тайёрланиши, одамларнинг чорвачилик билан шуғулланганлиги ва бошқалар. Ригведа мадҳияларида маъбудларга сигирларни кўпайишини сўраб мурожаат қилинганлиги, қабилалар ўртасидаги жанглар ҳам сигир ва буқалар учун бўлгани бу ҳайвонларнинг инсонлар хаётида катта аҳамият касб этганини кўрсатади. Сигирнинг муқаддас ҳайвон деб саналиши эса Яжурведада ҳам айтиб ўтилган. Шунингдек, Ригведада уй ҳайвонларидан от, қўй, эчки, эшак ва ит каби ҳайвонлар тилга олинган. Экинлардан буғдой бўлгани, далаларда омочдан фойдаланилгани ҳақида ҳам маълумотлар бор. Қабилаларда оилада ота биринчи ўринда турганлиги боис маъбудларга мурожаатларда ўғилнинг туғилиши кўпроқ сўралган. Қабилалар ўртасидаги келишмовчиликларда манфаатдор қабилаларнинг ўзаро бирлашиб бир-бирига қарши курашгани, қабилалар таркибида секин-аста юқори ва паст табақа вакиллари ажратила бошланганлиги ҳақидаги илк маълумотларни ҳам кузатиш мумкин.
Веда қўшиқларининг хажми турлича. Баъзилари бир неча саҳифадан иборат бўлса, бошқалари тўрт мисрадан ёки бир саҳифадан иборат. Биз ведаларни аниқ бир адабий турга кирита олмаймиз, чунки уларнинг таркибида мазмунан миф ҳам, драма ҳам, шеърият ҳам мавжуд.
”Веда” қўшиқлари кўп асрлар давомида халқ оғзаки ижодида авлоддан авлодга ўтиб келган ва кейинчалик ҳинд жамиятининг юқори илмли табақалари томонидан тўпламларга жамланиши натижасида ёзма адабиётга кириб келган. Аслида веда қўшиқларининг яратилиши асосида инсониятнинг кўп асрлар давомида борлиқ ва олам, табиат ва ўзликни англаш ва ўрганиш йўлидаги изланишлари ётади. Веда қўшиқлари мазмунида ўша давр инсонларининг ўз атроф-муҳитини ўрганиши, оламдаги ғайри табиий ҳодисаларнинг мавжудлик сабабига бўлган қизиқиши, уларнинг асосида нима ётишини англаб ета олмаганлиги, табиий ҳодисалар олдида ўзини ожиз ҳис қилиш, уларга ғайри табиий, инсонга бўйсунмайдиган бир куч сифатида қараб, уларга сажда қилишлари намоён бўлади. Веда қўшиқларининг аксарият қисми табиий ҳодисаларга мурожаат, унга ибодат ва илтижо мазмунидаги мисралар билан бошланади. Қўшиқда табиий ҳодисани бир олий куч-қудрат сифатида тан олингани ҳолда, унинг ҳар бир хусусияти мақтовлар билан безалган, олқишланган, кези келганда ундан ёрдам сўраб мурожаат этилган ва бундай ёндошувлар ўша даврда анъана тусига кирган эди. Шу сабаб ведалардаги барча қўшиқлар табиий ҳодисалар номи, уларга мурожаат ёки уларни мақтов билан бошланади. Веда қўшиқлари таркибида икки хил ғоя - ҳам диний, ҳам бадиий ғоялар шакллана борганини кузатиш мумкин. Бир қарашда гимнлар, яъни қўшиқлар худди диний қўшиқларга ўхшайди. Чунки, уларда табиий ҳодиса маъбуддек тан олинади ва унга илтижо қилиш қўшиқ орқали амалга оширилади. Лекин, қўшиқлар орасида шундайлари ҳам мавжудки, улар диндан, диний ғоялардан бутунлай йироқ бўлиб, инсоннинг табиатни қандай тушунгани, унинг гўзаллигини қандай тасаввур этганини изоҳлаб беради. Лекин, аксарият ҳолларда қўшиқларда инсоннинг табиат олдидаги ожизлиги, унинг табиий воқеа ва ҳодисаларнинг асл сабабини тушуниб етмаганлиги кўзга ташланади. Ҳиндистон халқлари диний қарашларидаги кўпмаъбудликнинг биринчи сабаби ҳам айнан шу илмсизлик, яъни табиий ходиса асосини тушуниб етмаслик ётади. Ведалардаги маъбудлар тизими ундан кейин келувчи эпослар давридаги маъбудлар тизимидан фарқ қилади. Шу асосда айтиш мумкинки, ҳинд жамиятида турли маъбудларнинг мавжудлик даври, жамиятда тутган ўрни ўзига яраша чегараларга эга бўлган. Шунга биноан, ведик маъбудлар ва эпик маъбудлар, деган атамалар ҳам шаклланган.
Қадимги Ҳиндистон адабиётини ҳинд мутахассислари икки даврга ажратадилар, биринчиси шрути даври – эшитилганлар, иккинчиси смрити даври – ёдда қолганлар. Оғиздан-оғизга ўтиб келган қадимий Ҳиндистон адабиётининг илк намунаси бўлган ведалар айни мана шу шрути ва смритилар асосида шаклланиб борган.
Do'stlaringiz bilan baham: |