Курс ишига тақриз ёзиш тартиби
Мустақил бажарилган курс ишини текшириш, унга объектив баҳо бериш ва тақриз ёзган бундай ишларни баҳолашнинг дастлабки босқичидир. Бунда, курс ишини тақриз қилувчи ўқитувчи олдига қуйидаги талаблар қўйилади:
курс ишининг мазмунига умумий баҳо бериш ва унда йўл қўйилган хатоларни кўрсатиш, шунингдек, талабага нуқсон ва камчиликларни тузатиш йўллари бўйича маслаҳат бериш ҳамда шунга тегишли мулоҳазаларни аниқ ва равшан қилиб ёзиб қўйиш;
тақризда курс ишининг биринчи навбатда, ижобий томонларини кўрсатиш билан бирга, барча салбий томонларини ҳам чуқур таҳлил қилиш, моҳияти ёритилмаган саволларни талабага тушунтириб бериш;
назариянинг амалиёт билан узвий равишда боғлаб олиб борилиш даражасини кўрсатиш;
ҳозирги пайтда ўрганилаётган муаммоларнинг Ўзбекистон мисолида ҳал қилишнинг йўл-йўриқларини назарий жиҳатдан асослаш ва унга баҳо бериш;
талабалар танлаган курс ишини бажариш орқали мавзунинг моҳиятини чуқур, атрофлича ўрганиб, ҳозирги даврдаги хусусиятларини кўрсатиб берганлик даражасини баҳолаш.
Курс ишини баҳолаш мезони талабаларда илмий изланишга қизиқиш уйғотиш, уларга тўғри таълим-тарбия беришга хизмат қилади. Шу боисдан ҳар бир ўқитувчи курс ишига тақриз ёзиш масаласига, объектив нуқтаи-назардан ёндошиб, бажарилган иш талабанинг жавоб бериш даражасини ҳам ҳисобга олиб баҳоланса мақсадга мувофиқ бўлади.
Бунда, курс иши режа асосида ёзилган, режасидаги ҳар бир саволнинг моҳиятини ёритиб беришда кўчириб олинмай, илмий-ижодий ёндошилган ва фойдаланилган адабиётлар кўрсатилган. Келтирилган маълумотларга иловалар берилган ва курс иши охирида улар рўйхати мавжуд бўлса ҳамда талаба мавзу бўйича фикрини эркин баён қилиб, берилган саволларга аниқ ва тўлиқ жавоб берса, бундай курс ишини “аъло” баҳолаш мумкин.
Агар курс иши режасида уч-тўрт савол бўлиб, улардан иккитаси ёки учтасининг мохияти яхши, тўлиқ ёритилиб, биттасига атрофлича жавоб берилмаган бўлса, ҳимояда талабанинг билим даражаси ҳам ҳисобга олиниб бундай иш “яхши” баҳоланади. Ўқитувчи тақризда бу ишнинг ижобий томонлари ҳамда камчиликларини ва уларни бартараф қилиш йўлларини кўрсатган тақдирда ҳам улар ҳимояга қадар бартараф қилинмаса баҳо бирмунча пасайтирилади.
Ишдаги уч-тўрт саволдаги битта ёки иккитасининг моҳияти ёритилиб, қолган саволлар моҳияти ёритилмаган, тўғри ёзилган жавоблар ҳам дарслик ва китоблардан кўчирилган, фойдаланган адабиётлар рўйхати йўқ, илова берилмаган ва бошқа шу каби камчиликлар бўлса у ҳолда ўқитувчи бу хатоларни бартараф этиш йўлларини кўрсатиб, улар ҳимояга қадар тузатилса, талабанинг жавобини ҳам ҳисобга олган ҳолда, бундай иш “қониқарли” баҳоланиши мумкин. Агар талаба бу камчиликларни ёзма равишда бартараф килмаса, иш “қониқарсиз” баҳоланади.
Курс ишида қуйидагича камчиликларга йўл қўйилган бўлса, у тақриз ёзиш давридаёқ “қониқарсиз” баҳоланади:
режа нотўғри ёки мантиқсиз тузилган бўлиб, мавзунинг мазмунига мос тушмаса;
курс иши эътиборсизлик билан пала-партиш бажарилса;
жавоблар асосан ўқув адабиётларидан кўчирилмаган бўлса;
фойдаланилган адабиётлар рўйхати бўлмаса;
фойдаланилган адабиётлар ва маълумотларга илова берилмаган бўлса;
режадаги саволлар моҳияти бири иккинчисидан ажратилмаган ҳолда берилса;
курс ишини талабанинг ўзи, ҳуснихати билан бажармаган бўлса.
Курс ишини мазмунли ва етук савияда ёзиш билан бирга уни дид билан расмийлаштиришга эътибор берилса, бу тақризда алоҳида ажратиб кўрсатилади. Чунки, ишни тўғри расмийлаштиришга жиддий эътибор бериш ҳам муҳим ҳисобланади. Тақризда курс иши мавзуси моҳияти қандай даражада ёритилганлиги ҳар томонлама объектив таҳлил қилиниб, қўйилган баҳони далиллар билан асослаш лозим бўлкади.
Do'stlaringiz bilan baham: |