Савол ва топшириқлар:
1. Когнитив лингвистиканинг илмий йўналишлари ҳақида фикр юритинг.
2. Антропоцентризм ва эгоцентризм терминларини изоҳланг.
8-мавзу
Концеп ва унинг турлари, таркибий тузилиши
Режа:
1. Тилнинг когнитив вазифаси – оламни идрок этиш модели сифатида.
2. Концепт и концептлашиш.
Лингвистик тадқиқотларда концепт тушунчаси.
Концепт турлари.
Концепт структурали ҳосила сифатида.
Концептнинг лисоний воқеланиши.
Ҳозирги пайтда «концепт» сўзи биргина когнитив тилшуносликнинг эмас, балки инсон нутқий фаолияти билан боғлиқ кўплаб соҳаларда фаол қўлланувчи атамага айланиб бормоқда. Бу албатта, замонавий тилшунослик соҳалари орасидаги алоқаларнинг кучайиб бораётганлиги билан изоҳланади. Мазкур соҳаларнинг ҳар бири концептга ўз тушунчаларини ифодалайдиган атама сифатида муносабатда бўлади. Қатор фанларда «ўзиники» бўлиб қолган концепт аслида қандай маънони англатади ва унинг атама мақомидаги ўзига хос хусусиятлари нималардан иборат, деган саволлар мавзуга жиддий ёндашишни тақозо қилади.
«Когнитив тилшунослик» китобининг муаллифи Ш.Сафаров бу ҳақда шундай фикрларни билдиради: «Ушбу саволларга ҳозирча тўлиқ жавоб топилганича йўқ ва унинг топилиши ҳам гумонли. Гумон туғилишининг, албатта, сабаблари бор. Даставвал, «концепт» тушунчасининг ўта мавҳум ҳодиса эканлигини, унинг замиридаги «ментал структура» ҳеч қандай моддий кўринишга эга бўлмасдан, балки ақлий идрок жараёнида ҳосил бўладиган, тасаввурдаги тузилма эканлигини унутмаслик лозим. Боз устига, «концепт» атамаси «тушунча», «маъно», «мазмун» каби бошқа ментал ҳодисалар билан ёнма-ён турадиким, уларнинг ўзаро муносабатини аниқлаш, фарқли белгиларини ажратиш муаммоси ҳам пайдо бўлади».35
Когнитив йўналишдаги тадқиқотларда концепт атамасининг турлича талқинлари мавжуд. Дастлаб тафаккурда образ сифатида пайдо бўлган концепт инсон фаолияти давомида такомиллашиб, ўз семантик доирасини кенгайтиради, ахборот тузилиши бирлиги сифатида унда инсоннинг ўз ҳаёти давомида объектив воқелик ҳақидаги билимлари, тажрибаси, малака ва кўникмалари ўз аксини топади. Баъзи олимлар концептни амалий фалсафа билан36, бошқаси сўзлашувчиларнинг миллий-маданий тажрибаси билан боғлайди37.
Баъзи олимлар концептни иборалар сифатида талқин қилса38, бошқа бири уни оламнинг бир кўриниши, бўлаги ҳақида тасаввурлар, миллий образ (ғоя, тимсол) бўлиб, у индивидуал тасаввурлар аломатлари билан мураккаблашган ҳолда намоён бўлади, деб ҳисоблайдилар.39
Антропоцентрик ёндашув замонавий тилшуносликнинг асосий йўналишларидан биридир. Шунга боғлиқ ҳолда лингвистикада социолингвистика, психолингвистика, лингвомаданиятшунослик, когнитив лингвистика каби бир қатор илмий соҳалар ривожланмоқда. Бу эса лингвистик тадқиқотларда тил ва тафаккур, тил ва онг алоқалари табиатига янада чуқурроқ кириб бориш учун замин яратади.
Бугунги кунда тилшуносликнинг мантиқ, психология, билиш назарияси каби когнитив соҳалар билан ҳамкорликка эҳтиёжи янада кучайди. Бу ҳамкорлик, бир томондан, тилшуносликни инсон тафаккур фаолияти муаммолари билан шуғулланувчи когнитология фани тармоғига киритган бўлса, иккинчидан, тилшуносликнинг ўзини ҳам яна бир янги соҳа – когнитив лингвистика соҳаси билан бойитди40.
Тилшуносликда когнитив ёндашув тил ва тафаккур, сўз маъноси, унинг ўзаро муносабати муаммоларини, категориялаш ва концептлаштириш орқали билимнинг турли структураларини шакллантириш ва уларни тилда намоён қилиш каби масалалар ривожлана бормоқда.
Концептлаштириш жараёнлари билишнинг узвий қисмини ташкил этувчи фаолият намунаси ҳисобланади. Улар онгда ёнма-ён кечади, аммо уларнинг мақсад ва натижалари турлича намоён бўлади. Концептлаштириш жараёни инсон томонидан атроф дунёни билиш фаолиятидаги амалий тажриба натижалари ҳисобланган ментал сатҳ мазмуний бирликларини ажратишга қаратилган.
Концептлаштириш – бу узатилган маълумотни тушуниш, олам ҳақида концептлар кўринишидаги маълум тасаввурларнинг ҳосил бўлишига олиб келадиган предмет ва ҳодисаларни хаёлий жиҳатдан тизимлаш ҳисобланади41. Тилда категориялаш жараёни у ёки бу муносабатдаги ўхшаш ҳодисаларни каттароқ тушунчалар, категорияларга бирлаштириш учун йўналтирилган. Шу билан бирга билиш жараёни сифатида категориялаш – бу объект ёки ҳодисани маълум категорияга хаёлий нисбат бериш билан боғлиқдир.
Ҳозирги фанда билиш, фикрлаш ва лисоний жараёнларни бирлаштириб англатадиган бир неча атамалар таклиф қилинган: лингвокультурема (маданиятема)42, концепт43 ва ҳоказолар. Бизнингча, энг маъқули концепт атамасидир. Концепт олам ҳақидаги тасаввурларни акс эттиради ва лисоний воситалар билан воқеланади.
Концепт – тўғридан-тўғри онг билан мос бўлган тил белгисига алоқадор бўлган моддий ёки идеал объектнинг хаёлий образидир. Концепт ёрдамида тушунча мундарижаси номланади, фикр ифодаланади.
Концепт (лот.cонcептуал: маъно, мазмун, тушунча) – инсон онгининг руҳий заҳиралари ва ментал бирликларни ҳамда унинг тажрибаси, билимини акс эттирадиган маълумотларни изоҳлаш учун хизмат қилувчи атама; хотира, ментал сўзлар ва мия билан боғлиқ фаол бирлик - инсон руҳиятида акс этган олам манзарасининг концептуал тизими, яъни шахснинг дунё объектларига оид тасаввурлари, ўйлари, тахминлари, билимлари ҳақидаги маълумотлардир44.
Барча лисоний бирликларда ифодаланадиган баҳо концептуал табиатга эга, чунки у реал воқеликнинг у ёки бу объектларнинг қадр-қиймати ҳақидаги фикрни ифодалайди. Концепт кўпинча «предмет – сезги – идрок – тасаввур – тушунча» схемасининг қисми деб қаралади45. А.Вежбицкая концептни «идеал» дунёда бўлган ва воқелик дунёсидаги инсоннинг маълум маданий – белгиланган тасаввурларини акс эттирувчи ҳамда номга эга объект сифатида таърифлайди46. Бошқа тадқиқотчилар концептни тушунча билан боғлашади47, яъни, «инсоний тушунча» – оддий онг тушунчаси ҳақида сўз юритади.
Шундай қилиб, концепт оламнинг лисоний манзараси асосида ётган содда кўринишининг бирлиги сифатида тушунилади. Бироқ аксарият олимлар концептни тафаккурнинг синкретик бирлиги деб анча кенг кўламли фикрий образни тушунишади48. Бунда концептнинг ўзига хос қирралари сифатида унинг яхлитлигини49 ва структурасининг эҳтимолли характерини50 таъкидлашади.
Концепт турли нуқтаи назардан ўрганилиши мумкин. Концептга таъриф берилар экан, у ёки бу соҳа вакиллари ўз тадқиқотининг аниқ мақсадидан келиб чиқади. Биз эса концепт деганда ментал бирликни, воқелик объекти ҳақидаги билимларнинг лисоний воситалар ёрдамида воқеланадиган ва миллий ўзига хосликка эга бўлган фикрлаш бирлигини тушунамиз.
Лисоний тадқиқотларга янги терминнинг киритилиши билан уни мавжуд тушунча, сўз, маъно, мазмун ва ҳакозо атамалар билан фарқлаш масаласи ҳам пайдо бўлади. Тилшуносликда концепт ва тушунча атамаларини фарқламаслик ҳолатлари кузатилади. Сўз ички шаклига кўра концепт ва тушунча сўзлари бир хил: концепт лотин тилидан олинган бўлиб, cонcептус «тушунча» маъносини билдиради51. Аммо уларни аниқ дифференциациялаш лозим, чунки гарчи мазкур атамалар бир тартибли бўлса-да, бир маънога эга эмас. Тушунча – мавжуд белгилар ҳақида олинган билимлар йиғиндиси бўлса, концепт – мазмун режаси берилган объект ҳақида барча билимларнинг тил воситалари йиғиндиси бўлган миллий-маънавий жамланмасидир52.
Концептни тилда намоён қилишда айнан сўзга нисбат берилади53. Сўзнинг ўзи концепт номи мавқеини олади, улар инсон онгида концептлар шаклланишининг манбаларидан бири ҳисобланади54. Сўз маъноси концептни тил ва нутқда намоён қилиш воситасидир. Инсон туғилгандан бошлаб ўзини ўраб турган объектив борлиқ билан муносабатга киришади: табиат ва жамиятдаги нарса-предметларни, воқеа-ҳодисаларни аста-секинлик билан идрок қилади, ўрганади, уларни ўзаро қиёслайди ҳамда бу ҳақдаги хулосаларни умумлаштиради, тўплаган ахборотларга қайта ишлов бериш билан зарур деб ҳисоблаганларини ёдда сақлаб қолади. Тил орқали ўз фаолияти натижаларини баҳолайди.
Концепт образ асоси бўлиб, инсон шахсий ҳиссиёти тажрибаси асосида шаклланади. У инсон онгида юзага келувчи образ сифатида мавҳумлик босқичлари бўйлаб ҳаракатланади. Дастлабки мазмун қўшимча маълумотлар ҳисобига мураккаблашади, яъни мантиқий белгилар ҳисобига бойиб боради. Мавҳумлик даражаси ошиши билан, концепт мукаммаллашиб ҳиссий образдан, фикрий образга айланади. Шу билан бирга, исталган концепт мисол орқали тушунтирилиши лозим. Концептни исботловчи далиллар образ табиатидан далолат бериб, уларнинг концептлашиш майдонидаги йиғиндиси концептосферани ташкил этади.
Сўз маъноси когнитив характерга эга: у нутқда концепт мазмунини ҳосил қиладиган баъзи когнитив белгиларни намоён қиладиган семалардан ташкил топади55. Д.С.Лихачёвнинг фикрига кўра, концептни сўз билан барча маънолари йиғиндиси эмас, балки асосий маъноларидан бири билан боғлаш лозим56. Маънонинг концептдан барча фарқлари у ўз мавжудлигини белги билан боғлашидан келиб чиқади. Шу тарзда концепт сўз маъноси билан ўзаро муносабатда, аммо унга тенг эмас. Концепт сўз луғавий маносидан кенгроқ ва бойроқ, чунки концепт шаклланишида инсоннинг атроф дунёни билиш жараёнида эгаллайдиган бутун тажрибаси иштирок этади.
Бизнингча, концепт, маъно ва мазмун фарқларини тушунишда Н.Ф. Алефиренконинг қарашларига қўшилиш мумкин. Муаллиф мазмунни протовербал мазмун ва нутқий мазмун каби турларга ажратади. Унинг кузатишларида протовербал мазмун предметлар, ҳодисалар ва вазиятларни ўз-ўзича эмас, балки кўплаб алоқа ва муносабатлар билан боғлангандек акс эттирувчи “яхлит когнитив ҳосила” сифатида таърифланади57. Шундай қилиб, мазмуннинг бу кўриниши моҳияти аҳамиятлилик ва қадр-қиймат категориялари билан белгиланади. Тилга оид мазмунлар уни ифодалаш учун восита бўлиб хизмат қилади. Нутқий мазмун эса систем маънонинг шахс онгига хос лисоний ўзгариш ҳисобланади. Ажратилган семантик ҳодисалар концепт мавжудлиги ва ривожланиши босқичлари сифатида қаралиши мумкин: предметли-ҳиссий образ >мазмун (протовербал) > тушунча > сўз маъноси > сўзшакл > мазмун-маъно(нутқий)58.
Кўринадики, концепт анча мураккаб тушунча бўлиб, у ўз-ўзидан ҳосил бўлмайди. Онгдан образ шаклини олиб нутққа томон ҳаракатланувчи жараён асносида юзага келувчи бу ҳодиса инсоннинг воқеликни идрок қилиши , бошқача айтганда, аста-секин ривожланиб, мукаммаллашиб борувчи тафаккур туфайли ҳосил бўлади. Инсон тафаккури чиғириғидан ўтган, ҳаётий тажрибалар асосида исботланган концептнинг шахс луғавий бойлигидан ўрин эгаллаши сабаби ҳам шунда.
Do'stlaringiz bilan baham: |